14.10.2020

ВАЗИФА, ТОПШИРИҚ КЎП, ЛЕКИН...

Ёки рақамлар ортидаги ютуқлар ва муаммолар

ЎзХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан ўтган ҳафтада навбатдаги «Ҳукумат соати»да Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматовнинг ахбороти эшитилди.

Маълумки, мазкур вазирликни ташкил этилганига 7 ой бўлди. Президент Фармони билан Вазирлик зиммасига 10 та устувор вазифаси белгилаб берилган эди. Ўтган даврда бу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотни депутатлар диққат билан тинглади. Айрим рақамларга эътибор қаратайлик.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида маҳалла ходимларининг уйма-уй юриши натижасида ажралиш ёқасига келиб қолган 16 минг 290 та оила яраштирилган, 9 минг 41 та оиланинг никоҳи қонунийлаштирилган. Эътиборли жиҳати, оилавий ажралишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 минг 333 тага камайган. Аммо, 16 минг 878 та оиланинг барбод бўлганлиги бу борадаги ишлар етарли эмаслигини кўсатмоқда.

Маҳаллаларнинг тавсиялари билан 266 минг нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинган, 72 минг 218 нафар фуқаронинг кредит, 17 минг 700 нафарига субсидиялар ажратилишига эришилган. Шунингдек, 758 мингдан ортиқ камбағал оилаларнинг томорқаларидан самарали фойдаланишга кўмаклашилди, 15 минг 310 та хонадонда иссиқхоналар қуришга амалий ёрдам кўрсатилди. Ғалладан бўшаган ер майдонидан 160 минг 449 та эҳтиёжманд оилага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 20-50 сотихдан ер ажратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида "Темир дафтар"га киритилган 409 178 та оиладан 174 258 тасини камбағалликдан чиқаришга эришилган. Профилактика инспектори лавозими бўйича қўшимча 2 минг 753 та штат бирлиги жорий этилиб, барча маҳаллаларда улар фаолияти йўлга қўйилган.

Нуронийлар иштирокида 3 минг 148 та нотинч оила яраштирилган, 3 минг 258 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобдан чиқарилган. Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича 482 минг 35 та объектга видеокузатув камералари ўрнатилиши ташкиллаштирилган.

Бироқ умумий жиноятчилик ҳолати 47,1 фоизга, хусусан хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 7,6 фоиз (2437 та)га кўпайгани, маҳаллаларнинг 3 084 тасида (33,7%) жиноятлар содир этилгани ва 1 735 тасида (19%) жиноятлар сони ошгани, профилактик ҳисобда турган фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар 273 тага кўпайгани (5 052 нафар), хотин-қизлар ўртасида 800 та ўз жонига қасд ва суиқасд ҳолатлари содир этилгани бу йўналишда ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини билдирмоқда.

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий шароити оғир 14 мингдан зиёд хотин-қиз доимий ишга, 179,9 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 4,4 минг нафари тадбиркорлик соҳаларига жалб этилган. 852 нафар хотин-қизга уй-жой сотиб олиш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳамда ҳомийларни жалб қилган ҳолда 14 млрд. 563 млн сўм миқдоридаги бошланғич бадаллар тўлаб берилган. Шунингдек, мазкур жамғарма томонидан 1 минг 558 нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳалари учун жами 33 млрд. 521 млн сўм миқдорида маблағ ажратиган. Жиноят содир этган ва ҳуқуқбузарликка қўл урган 65 нафар хотин-қиз кафилликка олинган ва муддатидан олдин жазодан озод этилган. Зўравонликдан жабр кўрган 4 минг 780 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. 18 минг 628 нафар хотин-қизга олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этишлари учун тавсияномалар берилган.

Ўрганишлар жараёнида 25816 нафар аёл оғир турмуш шароитида яшаётгани, улардан 9053 нафари уй-жойга муҳтожлиги аниқланган. Уларнинг муаммосини ҳал этиш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Жамиятимизда аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда маҳаллалар ҳамда уларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Маҳаллаларнинг ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ўз­аро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш бўйича криминоген вазияти оғир бўлган 988 та ҳудудда “маҳаллабай” дастурлар ишлаб чиқилиб, уларга Миллий гвардия ходимлари бириктирилган.

Амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида 9 минг 150 та маҳалланинг 5 минг 165 тасида (56,4%) жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган, 1 минг 4 тасида жиноятчилик камайишига эришилган.

Аммо бу йўналишда ҳам муаммолар етарли. Жумладан, ҳар бир маҳаллада жиноят содир этишга имкон яратувчи сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш ҳамда уларни ўз вақтида бартараф этиш тизими барча туман (шаҳар)лар ва маҳаллаларда тўлиқ жорий этилмаган. Шунингдек, барча маҳаллаларда “Маънавият соатлари”, “Ҳуқуқий билимлар”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”, “Ёнғинлар профилактикаси”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи” кунлари ҳар ҳафтада ўтказилмаяпти, уларда мутасадди идораларнинг ходимлари иштирок этмаяпти.

Вазир ахборотида ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга кўрсатилган ёрдамлар тўғрисида ҳам кўплаб рақамлар келтирилди.

Айниқса, пандемия даврида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилди. Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар кенгашларининг қарори асосида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 479 минг 400 та оилага моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Пандемия даврида аҳолининг муаммоларини ечишда яқиндан кўмак бериш бўйича маҳаллани халқ билан давлат ўртасида ишончли “кўприк” бўлишини таъминлаш тизими ишлаб чиқилиб, карантинга олинган хонадонлардан доимий равишда хабар олиб турилибди. Улардан 6 минг 897 тасига озиқ-овқат, 3 минг 51 тасига дори-дармон ва 4 минг 105 тасига гигиеник воситалар етказиб берилган.

Энг муҳим масала ҳисобланган фуқаролар йиғинлари фаолиятига услубий-амалий кўмаклашиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш йўналишида ҳам бир қатор ишлар қилинган. Хусусан, жойлардаги Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда 9 минг 150 та фуқаролар йиғинлари фаолияти жорий йилнинг 6 ойи якунлари буйича рейтинг баҳоланган. Унга кўра, 1 минг 322 та (14,4 %) фуқаролар йиғинларининг фаолияти “намунали”, 3 минг 608 таси (39,4 %) “яхши”, 3 минг 478 таси (38 %) “қониқарли”, 742 таси (8,1%) “қониқарсиз” баҳоланган.

Ўтган вақт давомида 321 та маҳалла биноси янгидан қурилган, 45 тасининг биноси реконструкция, 277 таси жорий таъмирланган, 986 та бино фуқаролар йиғинлари балансига ўтказилган, 68 тасига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бино қуриш учун ер майдонлари ажратилган.

Маҳаллани “адолат тарозиси”га, аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш зарур экан, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамламасдан, ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватламасдан туриб бунга эришиш мушкул назаримизда.

Бугунги кунда 2 890 та маҳалла ўз хизмат биносига эга эмас, 2001 тасининг хизмат биносининг кадастр ҳужжатлари молиявий имкони йўқлиги сабабли расмийлаштирилмаган, 7 725 таси интернет тармоғига уланмаган, 486 таси компьютер жамланмаси билан таъминланмаган.

Қисқа муддатда кўп иш қилингани кўриниб турибди. Аммо булар хотиржамликка берилишга асос бўлолмайди. Чунки ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар оз эмас. Депутатлар айнан камчиликлар тўғрисида фикр-мулоҳазаларни билдиришди. Хусусан, маҳаллалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш долзарб масалалардан экани айтилди.

Ростдан ҳам ўйлаб кўрайлик, маҳалла фуқароларнинг муаммосига ечим топадиган жой, лекин унинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлса, қандай қилиб кўзланган натижага эришиш мумкин. Тўғри, вазифа, топшириқ кўп, уларни бажариш учун аввало шарт-шароит зарур.

Шунингдек, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, вилоятлар ва туманларда Нуронийлар ва Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Бувижонлар мактаби” кенгашлари ташкил этилган аммо уларнинг аксарияти қоғозларда эмасми? Исталган ҳудудга бориб буни ўрганиб кўриш мумкин.

Шу боисдан, вазирлик ҳамкор идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда тизим ходимлари учун ўқувлар ташкил этиши керак. Агарда ходимлар ўз зиммасига юклатилган вазифа ва уни амалга ошириш механизмларини тўлақонли билсагина, фаолият самарадорлиги ошади.

Шу билан бирга, энг қийин масала бўлган кадрларни танлаш ва ўз жойига қўйиш ҳисобланади. Энг аввало, кечаю-кундуз одамларнинг ғаму-ташвиши билан яшайдиган, муаммолар ечимини топмагунча ўзига ҳам, бошқаларга ҳам тиним бермасдан меҳнат қиладиган фидойи кадрларни танлашга эътиборни кучайтириш керак бўлади. Маҳалла ўхшаши йўқ институт. Бугун унинг ваколати ҳам вазифалари ҳам катта. Маҳаллани қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг вазифамиз, деб ўйлайман. Маҳалла уйғоқ, фаол бўлса, жамиятда муаммолар кам бўлади, одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшайди.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: