14.10.2020

ЭҲТИЁЖМАНД АЁЛЛАР ВА ЁШЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШДА

Халқ демократик партияси фаол қатнашади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг Сайловолди дастури асосида 2020 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг жорий йил 9 ойликдаги ижроси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов йиғилишни очаркан, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг кейинги бир ой ичида уч муҳим саналар — Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ва куни-кеча Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимлардаги нутқларида баён этилган фикр ва ташаббусларнинг минтақамиз ва дунё миқёсидаги аҳамияти ҳақида тўхталди.

8 октябрь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида эса ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим, касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизларни жамиятнинг фаол қатламига қўшиш, ҳудудларда камбағалликка қарши курашиш бўйича янги механизм белгилаб берилгани қайд этилди.

Бу масалалар партиямиз электорати манфаати билан бевосита боғлиқлиги учун нафақат маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар, шу билан бирга, парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳам муҳим вазифасидир. Субсидия ва бошқа маблағлар мақсадли йўналтирилиши, ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи борлар тўлиқ ўрганилиши жуда муҳим. Мана шу жараёнда депутатлар фаоллик кўрсатса, ҳаммани масъулиятли бўлишга ундаса, аҳоли билан яқин муносабат, мулоқот муҳити ўрнатилади. Одамларнинг ислоҳотларга ва ўз имкониятларига ишончи ошади. Жамиятда ижтимоий-иқтисодий фаол қатламни кўпайтириш жараёнларига катта ҳисса қўшилади. Бу ўз навбатида ҳудудларда депутатларнинг позицияси мустаҳкамланишига қулай шароит яратади. Аксинча, қайси ҳудудда бу ишлар тизимли ташкил этилмаса, ишсизлик билан боғлиқ ижтимоий муаммолар янада чуқурлашади, партиямиз электорати бундан жабр кўради.

Халқ демократик партияси билим олиш, касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизлар қўллаб-қувватланиши жойларда камбағалликнинг асосий сабаблари бартараф этилишида долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Бу йўналишдаги ислоҳотлар тактикаси партиямизнинг бош мақсадига тўлиқ мос келади. Ижроқўм йиғилишида ҳар бир партия ташкилоти ва депутатлик бирлашмалари аниқ натижа, электорат манфаатлари йўлида қатъият кўрсатиши учун аниқ режаларни белгилаб олиши зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда шунингдек, ҳудудий партия ташкилотларининг мафкуравий фаолияти, партия сафига янги аъзоларни қабул қилиш, партия ташкилотларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар аниқ фактлар асосида танқидий таҳлил этилди.

Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича депутатлар, вилоят партия кенгашлари мутасаддиларининг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.

Шу асосда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда партия тизимида танқидий таҳлилни кучайтириш, электорат манфаатларига хизмат қиладиган амалий натижаларни кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: