17.09.2020

«ТАРБИЯ» ҲАММАМИЗ УЧУН МУҲИМ ФАНГА АЙЛАНИШИ КЕРАК

Бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Уларни самарали амалга ошириш эса ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу фикр асосида улкан тарихий мақсад мужассам эканини барчамиз англаб етишимиз, кейинги режаларимиз, фаолиятимизни шунга қараб белгилашимиз лозим бўлади

Президентимиз Ўзбекистонни буюк давлатлар қаторига кўтариш учун халқни сафарбар қилди. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун фикрлаши, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгача бўлган янги авлодни тарбиялаш, таълим-тарбия бериш вазифаси юзага чиқди. Мамлакатимизда қисқа давр ичида амалга оширилган ишлар, хусусан, мактабгача таълим, умумий ўрта-таълим, олий таълимдаги ислоҳотлар янги авлодни тарбиялаш асосларини мустаҳкамламоқда.

Тарихий даврда жамиятда ижтимоий бирдамлик ҳиссини мустаҳкамлаш, халқимиз турмушини ҳар томонлама юксалтиришга хизмат қиладиган эзгу ғоялар атрофида ёш авлодни бирлаштириш таълим тизими олдида турган энг долзарб масалалардан бири, деб ўйлайман. Албатта, бу ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди, тизим керак.

Шунинг учун “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фани жорий этилмоқда. Аввало, бу фан бошқа фанлардан кўп жиҳатдан фарқ қилади. Бутун мамлакат мактабларида мазкур фан бўйича самарали натижаларга эришиш осон эмас, албатта. Олдимизда ҳали жуда катта ташкилий, услубий ишларни амалга ошириш вазифаси турибди.

Биринчидан, янги ренессансга мос авлод бўлиш учун ёшлар қандай хислатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида чуқур ўйлашимиз, ундан кейин таълим-тарбияни шунга йўналтиришимиз лозим.

Иккинчидан, бугун замон шундай ўзгар­яптики, тараққиётнинг юқори даражасига чиқиш учун илғор технологиялар, нанотехнологиялар билан шуғулланадиган, дунёга татийдиган кашфиётлар қила оладиган авлодни вояга етказиш талаб этилади. Бунинг учун, ўйлашимча, биз нафақат ёшларга, шу билан бирга, ўзимизга бўлган муносабатни ҳам ўзгартиришимиз, эски кўникмалар таъсиридан чиқиб, янги қадриятларга, янги чақирувларга мослашишимиз зарур. Бунга жуда шарафли ва буюк масала, деб қарашимиз керак.

Учинчидан, янги авлодни вояга етказишда, уларга таълим-тарбия беришда энг масъулиятли вазифа ўқитувчи ва педагогларимиз зиммасида турибди, деб ўйлайман. Қандай таълим-тарбия усули танланади? “Тарбия” фани қайси фанлар билан узвийлашади, қайси мавзуларга қўпроқ эътибор қаратиш керак? Бугунги замонни ривожлантирадиган фанлар, қандай қадриятлар билан уйғун бўлиши лозим, деган муҳим саволларга эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқ бўларди. Агар ўқитувчи ва педагогларнинг янги тарбия фанини ўқитишга малака ва кўникмаларини оширмасак, уларни руҳан тайёрламасак, фан дастури ўз самарасини бериши қийин кечади.

Таълим-тарбия ҳамжиҳатликда, ҳамкорликда олиб бориладиган жараён. Бу ерда ўқитувчи-мураббийнинг, ота-онанинг алоҳида ўрни ва албатта, жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги бажариладиган вазифалари бор. Шу жиҳатдан қарасак, “Тарбия” фанининг ўқитилиши, самарадорлиги масаласи умумхалқ иши даражасига кўтарилиши зарур. Ўзбекистон келажаги бўлган азиз фарзандларимиз истиқболи учун астойдил ва ҳамкорликда ишлашимиз керак, деган маънавий талабни ҳаммамиз ўзимизга қатъий вазифа сифатида белгиласак, эзгу мақсадларимизга эришамиз.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: