Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
31.08.2020

ВАКОЛАТЛАР КЕНГАЙИШИ МАСЪУЛИЯТНИ ҲАМ ОШИРАДИ

“Янги Ўзбекистон” деган  тушунча  ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ, албатта. Чунки кейинги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар ва барча соҳалардаги ислоҳотлар юртимизни ҳақиқий  маънода янгиламоқда. Энг муҳими, Президентимизнинг ташаббуси ва ғоялари асосида  давлат ва жамият бошқарувида бутунлай туб бурилиш қилинди. Натижада Ўзбекистон янги демократик қиёфа билан  бутун дунёга юз тутди.

Айрим маълумотларга, эътиборингизни қаратмоқчиман. 2016 йилнинг сентябридан 2020 йилнинг январь ойига қадар Президентимиз томонидан 194 та қонун, 1106 та фармон, 1974 та қарор, 933 та фармойиш имзоланган. Мана шу ҳужжатларнинг барчаси  бугун биз ғурур билан эътироф этаётган  янги Ўзбекистоннинг шаклланишида  асос бўлди.

Уларнинг ижросини таъминлаш баробарида, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг бош мезони этиб белгиланди. Барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса,  халқ вакиллари бўлган депутатлар учун  жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш масаласи бош вазифага айланди.

Ўз навбатида шуни таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда маҳаллий кенгашларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш борасидаги ҳуқуқий асослар босқичма-босқич такомиллаштирилиб борилмоқда. Айниқса, қонунчилигимиздаги кейинги ўзгаришларга кўра, халқ депутатлари  вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий  хизмат кўрсатиш вазифасини  ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари  Кенгаши котибиятига ўтказиш, котибиятга  юридик шахс мақомини бериш ва унинг фаолиятини тегишли маҳаллий бюджет  ҳисобидан молиялаштириш назарда тутилаётгани маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаолиятини янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Яъни, эндиликда депутатлар билан бевосита ишлайдиган алоҳида ваколатли тузилма шаклланади. Ўз навбатида, бу халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини  таъминлашига имкон яратади.

Албатта, бугунги кунга келиб, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари  фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлаётганини таъкидлашимиз лозим. Масалан, шу йил март ойида Олий Мажлис Сенати ва Президент  ҳузуридаги Давлат бошқаруви  академияси ҳамкорлигида маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун ўтказилган семинар ғоятда фойдали бўлди. Шунингдек, Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг узвий ҳамкорлиги йўлга қўйилганлиги, жойлардаги ислоҳотлар натижалари биргаликда таҳлил қилинаётгани, мавжуд муаммолар ҳал этилаётгани маҳаллий Кенгаш депутатлари яхши тажрибаларни тўплашига хизмат қилмоқда.

Битта мисол айтишим мумкин, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси  Жўқорғи  Кенгесининг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш  ҳамда Ижтимоий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари қўмиталари,  Тўрткўл, Беруний. Элликқалъа туманлари халқ депутатлари Кенгашларидаги худди шу йўналишдаги комиссияларнинг ҳамкорликдаги онлайн   йиғилиши ўтказилиб, унда    мазкур туманлар суд раислари, прокурорлари ва ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Жўқорғи Кенгес қўмиталарининг туман  Кенгашларидаги  комиссиялар билан  ҳамкорликда масалани муҳокама қилиши, унда мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиши ҳам амалиётда биринчи марта бўлди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятига оид бундай янгиликларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Айниқса, пандемия шароитида  катта ташаббуслар, лойиҳалар, таклифлар  билан чиқаётган, кам таъминланган оилаларни  қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатаётган депутатларимиз жуда кўп.

Бу мисоллар маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолияти янги Ўзбекистоннинг тараққиёти йўлидаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда фаоллашиб бораётганини кўрсатади.

Маълумки, Ўзбекистонимиз 2035 йилга бориб, иқтисодий ривожланган  50 та мамлакат  қаторига қўшилиши стратегик мақсад  этиб белгиланган. Бу марранинг замини албатта бугунги замондошларимиз, сиз ва  биз томонимиздан яратилади. Шундай экан, она юртимизнинг чин маънода юксалиши, янги Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун янада фаол ва фидойи бўлишимиз лозим, деб ўйлайман.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси депутати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: