Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
26.08.2020

«ҲУНАРМАНДЛАР КИЧИК ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ»

янги иш ўринлари яратади, миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга хизмат қилади

«Теримиз ҳалол меҳнатда қотган. Бугунги кунда ота-боболаримизнинг ҳунари темирчиликни давом эттириб, фарзандларимизга ҳам ўргатяпмиз. Биласизми, бизни бир масала кўп йиллардан буён ўйлантириб келарди. Устахонамиз ўзимиз яшаётган ҳовлида жойлашган. Табиийки, темирга ишлов бериш жараёнида қўни-қўшниларга озор бериб қўядиган вазиятлар бўларди. Яна оилавий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, меҳнат дафтарчаси юритилишини, ўз устахонам бўлишини орзу қилардим. Бугун мана шу ниятларимиз амалга ошмоқда. Бунда Ўзбекистон ХДП ташаббус кўрсатаётганидан хурсандмиз...».

Бу бувайдалик ҳунарманд Баҳодиржон Хотамовнинг сўзлари. Бугун Бувайдада унга ўхшаган кўплаб инсонлар Халқ демократик партияси фаолиятидан мамнун.

— Партия ташкилоти ходимлари, депутатлар кўпроқ аҳоли орасида юриши керак, — дейди Халқ демократик партияси Бувайда туман кенгаши раиси Ҳабиба Тошматова. — Шундагина чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини айнан қандай масалалар ўйлантираётганини билади. Ҳақиқий ҳолатни кўзи билан кўриб ҳис этади. Янгиқишлоқ МФЙ Оқтом қишлоғида бўлганимизда ҳам биз буни юракдан ҳис этдик. У ердаги опа-сингилларимиз билан дилдан суҳбатлашдик. Улар ўзларининг турмуш тарзлари, қизиқишлари, муаммолари хусусида гапириб беришди.

Ҳудудда 70 дан ортиқ оила темирчилик билан шуғулланиб, рўзғор тебратар экан. Ўйлантирадиган томони шундаки, улар уй шароитида ва ҳеч қандай техника хавфсизлиги, санитария-гигиена талабларига жавоб бермаган ҳолда фаолият юритиб келишган. Яна бир жиҳат. Темирга олов билан ишлов берилади ва шу боис ҳунармандлар кўп миқдорда кўмирдан фойдаланишади. Бунинг оқибатида атроф-муҳитга жиддий зарар етиб, инсонлар саломатлигига ҳам ўз таъсирини ўтказаётганди. Шунингдек, усталар меҳнат дафтарчаси юритилмаётганидан ташвишда эдилар. Юқоридаги масала юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан маслаҳатлашдик. Депутат Химилахон Абдукаримова мазкур муаммодан яхши хабардорлигини, масала ечимини ортга суриб бўлмаслигини таъкидлади.

— Ҳудуддаги 20-мактаб директори лавозимида фаолият юритаман, — деди халқ депутатлари Бувайда туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Химилахон Абдукаримова. — Ўқувчиларнинг оилавий шароитидан яхши хабардорман. Агар депутат этиб сайлансам, шу муаммони ҳал этаман, деб аҳд қилгандим. Негаки, бу ҳолат ўқувчиларнинг таълим олишига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётган эди.

Туман партия кенгаши раиси Ҳабиба Тошматова билан вазиятни чуқур ўргандик. Биласизми, бувайдаликлар республикамизнинг бир қанча вилоятларига темирчилик маҳсулотларини етказиб беришади. Демак, уларга эҳтиёж катта. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳунармандларнинг фаолиятини қонуний йўлга қўйиш, меҳнат дафтарчалари юритиш, талабга жавоб берадиган меҳнат шароити яратиш зарур. Бу ҳақда туман ҳокими Б. Ибрагимов номига депутатлик сўрови юбордим. Ҳоким масалага ижобий муносабат билдириб, дахлдор ташкилотлар раҳбарлари билан мўлжалланган жойга борди. Ҳатто вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам бунга эътибор қаратиб, қўллаб-қувватлади. Айни вақтда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Ирригация тизимлари туман бўлимига қарашли, фойдаланилмай турган 60 сотих майдонга эга эски гараж биноси туман захирасига ўтказилди. Сўнгра шу жойда “Ҳунармандлар кичик иқтисодий зонаси” ташкил этишга кўрсатма берилди. Ҳозирги пайтда туман ҳокимлиги, давлат солиқ инспекцияси туман бўлими, “Ҳунармандлар уюшмаси” туман ташкилоти ва бошқа тегишли муассасалар вакилларидан иборат комиссия тузилган. Улар ҳудуддаги миллий ҳунармандчилик объектларини рўйхатга олиш, меҳнат дафтарчаси юритиш ва бошқалар устида иш олиб боришмоқда. Ижтимоий инфраструктурани яхшилаш тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида бунёд этилаётган ушбу иншоот туманимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун хизмат қилади, деб ўйлайман. Шунингдек, мактаб ўқувчиларини 7-синфдан бошлаб касб-ҳунарга йўналтириш, устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш имкони яратилади.

— «Ҳунармандлар маркази» очилишини эшитиб, айниқса, биз аёллар жуда хурсанд бўлдик, — деди «Жийдали» қишлоғида истиқомат қилаётган Нафисахон Маҳмудова. — Болғанинг темирга урилган овози эрта тонгдан бошланиб, кун ботганда тинади. Бир томондан тонна-тонна кўмирни эплаш қийин. Балки ишонмассиз, унинг исидан баъзан бош айланади. Шамол турганда кўмир кукунлари уйнинг ичигача учиб кирарди. Ҳовлидаги бесаранжомликни айтмайсизми? Энди бу қийинчиликлар тугаб, маҳалламиз аёлларининг елкасига шамол тегадиган бўлди.

Бугун Бувайдада амалга оширилаётган ислоҳотлар барча фарғоналикларнинг кўнглига кўчган. Халқ демократик партияси эса ҳар бир ҳудудни ўрганиб, аҳоли фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, бошқа жойларда ҳам бундай ташаббусларни илгари суришга қарор қилган.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: