Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
19.08.2020

ДИЛБАР МАМАЖОНОВА: «ИЖТИМОИЙ ҒИМОЯ МАМЛАКАТНИНГ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ДАРАЖАСИГА БОҒЛИҚ»

Саҳифамиз қаҳрамонлари ҳамиша банд, доим ўзгалар ташвиши билан юрадиган инсонлар. Уларни топиш, суҳбатга вақт белгилаш осон эмас. Аммо Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Дилбархон Мамажонова газетамизнинг фаол муаллифларидан бўлгани учун учрашиш қийин кечмади. У асли Фарғона вилоятидан бўлиб, сўлим водийнинг софдил инсонлари бағрида катта бўлган. Назокат, нафосат, ширинсуханлик пардаси ортида талабчанлик, қаттиққўллик, кучли ирода мужассам. Одамларга ёрдам бериш, уларнинг манфаатини ҳимоялаш, мушкулини осон қилиш билан боғлиқ мақсадлари йўлида доимо изланишда...

— Дилбар опа, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий муҳофаза, деганда нималарни тушунасиз? Сизнинг-ча, у қандай принципларга асосланиши керак?

— Ижтимоий ҳимоя, ижтимоий муҳофаза бу, давлат ва жамиятнинг ёши, саломатлиги ҳолати, ижтимоий аҳволи, тирикчилик воситалари билан етарли даражада таъминланмагани туфайли ёрдамга, кўмакка муҳтож фуқаролар тўғрисидаги ғамхўрлик ҳисобланади. Унинг асосий мақсади аҳоли фаровонлигини тўхтовсиз яхшиланишини таъминлаш, жамият томонидан инсонга муносиб ҳаёт даражаси ва инсон тараққиётини таъминлашга ёрдам беришдан иборат. Ижтимоий муҳофаза бу, энг аввало, иқтисодий жиҳатдан барқарорлик, деб биламан. Шунинг учун ушбу масалада бандликни таъминлаш устувор ҳисобланади. Инсон банд бўлиши учун эса аввало, касб-ҳунарли бўлиш, ўқиш-ўрганиш талаб этилади. Демак, бандлик бевосита касб танлаш, ўқиш ва билим олиш билан узвий боғлиқдир. Шу билан бирга, даромадларнинг кафолатланиши, ҳар бир фуқаронинг ўз иқтисодий фаолиятида даромадга эга бўлиши ўзини ўзи ҳимояси учун хизмат қилади.

Турли мамлакатларда аҳолининг ижтимоий ҳимоя тизими ўзига хос услубда олиб борилади. Албатта, бу давлатнинг иқтисодий ривожланганлик даражасига боғлиқ. Шунингдек, демократик тараққиёт ҳамда унинг аҳоли манфаатларига мувофиқлиги, ижтимоий таъминот тизими каби омиллар ҳам инобатга олинади.

Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш иқтисодий ислоҳотлар дастуридаги устувор йўналишлардан бирига, яъни ислоҳотларнинг ҳамма босқичларида муҳим ҳисобланадиган вазифалар қаторига киради. Республикамизда ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий муҳити яратилди, унга қонуний асос солинди. Ижтимоий ҳимоя тамойиллари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланиб, қабул қилинган қонунларда ўз аксини топди. Мамлакатда даромад олишнинг кафолатланиши амалга оширилди. Кенг миқёсда янги иш жойлари яратилиши аҳолини иш билан таъминлаш, ишсизлик муаммосини ҳал қилмоқда. Бунда, айниқса, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, касаначилик қўл келмоқда. Товарлар сифати, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳоли манфаатларини таъминламоқда. Инфляциянинг олдини олиш, сўмнинг харид кучини сақлаш, бизнес-тижорат устидан давлатнинг маромий назоратини ўрнатиш, маркетинг, савдо, реклама кабиларни тартиблаштириш ижтимоий ҳимояни ривожлантирмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий таъминот тизими ва аҳолининг муҳтож, кам таъминланган қисмига пенсиялар, нафақалар ва турли хил имтиёзлар бериш принципларига асосланиши керак.

 Ҳозирги пандемия шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик пул маблағларининг тарқатилиши, озиқ-овқат, дори-дармонлар билан таъминлаш ҳам ижтимоий ҳимоя, ижтимоий муҳофазанинг яққол кўриниши десак, муболаға бўлмайди. Шунингдек, ишсиз фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш ҳам аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг ёрқин далилидир.

— ХДП ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига доир қонун лойиҳаси парламентга киритилган эди. Орадан анча вақт ўтди. Мазкур қонун лойиҳаси ҳали ҳам қабул қилинмаётгани сабабини билмоқчи эдик.

— Барчага маълум, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастури ва Сайлов­олди дастурида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш устувор вазифа этиб белгиланган. Худди шу мақсадда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан киритилган, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Ишлаб чиқилган лойиҳада амалда бўлган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонундан принципиал тарзда фарқланган ҳолда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция қоидаларига мувофиқ такомиллаштирилган ҳолда тайёрланмоқда. Хусусан, ногиронлар ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш кафолатлари белгилан­япти. Уларнинг камситилишининг олдини олиш ҳамда жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида тенг имкониятлар яратишга қаратилган меъёрлар билан тўлдириляпти.

Халқаро ҳуқуқий меъёрларга мос келадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш ва амалиётга татбиқ этиш учун вақт талаб этилади. Қонун яратилиши билангина масала ҳал бўлиб қолмайди. Унинг ишлаши, амалиётда самара бериши муҳим ҳисобланади. Шунинг учун пухта, камчиликларсиз ва ҳаволаларсиз ишлайдиган қонунлар зарур. Айни пайтда қонун лойиҳаси устида муҳокама ва ўрганишлар давом этаётган экан, бундан ижобий натижаларни кутиш лозим. Чунки узоқ ўйлаб қилинган ҳаракат эртага албатта аҳоли манфаатларига хизмат қилишига ишонаман.

— Мана, яқинда пойтахтимизнинг марказий кўчаларида кўзи ожизлар ва велосипедчилар учун йўлаклар ётқизилди. Ушбу масалада парламент аралашуви қай даражада бўлди? Айни пайтда ишланаётган қонун лойиҳасида шу каби жиҳатлар ҳам акс этганми?

— Албатта, ногиронлиги бўлган шахслар муносиб ҳаёт кечириши учун кўчаларда, жамоат жойларда, бино ва иншоотларга кириш-чиқишда, жамоат транспортидан фойдаланишда ҳам муайян қулайликлар яратилиши лозим. Қонун лойиҳасида ана шу масалалар ҳам эътиборга олинган. Масалан, жамоат транспортларида бундай инсонлар бемалол ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш, жумладан, эшитиш аъзолари заифлар учун ахборот таблолари ўрнатиш, кўзи ожизлар учун бекатларни эълон қилиш мажбурийлиги белгиланмоқда.

Юртимиз кўчаларида улар учун махсус йўлакчалар бўлиши эса қонун лойиҳасида муҳокама қилинаётган масалалардан биридир. Ўйлайманки, тез орада бу каби ўзгаришлар кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб, ҳамюртларимизни ажаблантирмай қўяди.

— Шу ўринда қонун ижодкорлигида партиямиз фракцияси иштироки ҳақида ҳам тўхталсангиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан қуйидан қонунчиликка таклифлар олиш тизими шакллантирилган бўлиб, олинган таклифлар фракциямиз депутатлари орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатасига юборилади. Ўтган ярим йил давомида фракция аъзоларимиз томонидан партиянинг сайловолди дастурларида белгиланган вазифалардан ҳамда электоратнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 107 та қонун лойиҳаси бўйича 245 та таклиф ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича фракциямиз томонидан билдирилган таклифларнинг 114 таси инобатга олинди.

— Ҳар бир инсоннинг касби, меҳнат фаолияти мажбуриятлари билан бирга, оиладаги бурчлари ҳам бўлади. Оилангиз ва ундаги муҳитнинг ўзига хослиги нимада?

— Оила – бу ҳар бир инсон учун бахти ва саодати, орзу ва ҳаваслари, мақсад ва муддаоларини бирлаштирадиган, қувончли ёки мушкул вазиятларда суяна оладиган кичик бир ватан ҳисобланади. Бизнинг бой илмий-маданий меросимиз, қадимий урф-одат ҳамда анъаналаримиздан аёнки, ҳар қандай замон ва маконда ҳам оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Бинобарин, тарбиявий, маънавий-маърифий, руҳий-ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланмиш оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз жуда яхши англашган. Ҳар бир давлатнинг ўз бошқарув қонунлари бўлгани каби, ҳар бир оилада ҳам ўрнатилган тартиб-қоидалар бўлиб, эр унда подшоҳ бўлса, аёл вазир ҳисобланади ҳамда аҳил ва иноқ оила ўзаро ишонч, мустаҳкам муносабатлар ва меҳр-муҳаббат аталмиш нозик туйғуларга асосланган ҳолда барпо этилади. Мана шундай оилада албатта комил фарзандлар вояга етади. Аёл қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, биринчи навбатда оила бекаси, меҳрибон она. Оилада соғлом муҳитни шакллантира олган аёлгина жамиятда ҳам ўз ўрнига, ўз мавқеига эга бўла олади. Албатта, бундай аёллар юртимизда жуда кўп.

 

ҚИСҚА саволлар ВА ЖАВОБЛАР:

1. Раҳбар қандай бўлиши керак?

— Раҳбар аввало меҳрибон, талабчан, ҳалол ва ростгўй бўлиши керак.

2. Депутат-чи?

— Депутат ўзига ишонч билдирган сайловчилар олдида қарздорлигини доимо ёдда тутиши керак. Улар манфаатини ҳимоя қилиш учун фидойи ва албатта билимли бўлиши зарур.

3. Меҳнат қилиш ҳуқуқининг иккинчи номи сизнинг талқинингизда?

— Яшаш ва жамиятда ўрин топиш, деган бўлардим.

4. Хотиржамликнинг ўлчами бўлса, у қандай ҳажмда бўлиши лозим?

— Хотиржамликнинг ўлчами бўлмайди, лекин керагидан ортиқ хотиржамлик дангасаликка йўл очиб бериши мумкин.

5. Депутат сифатида энг биринчи вазифангиз нимадан иборат, деб ўйлайсиз?

— Сайловчиларга берилган ваъдаларни охиригача бажариш.

6. Тажриба, маҳорат, ташаббус — мана шу сўзларнинг кетма-кетлигини қандай тузган бўлардингиз?

— Тажриба маҳоратга йўл очиб беради, маҳорат ортгани сайин ташаббуслар пайдо бўлади.

7. Сиз кутган саволлар берилдими суҳбат давомида?

— Йўқ.

8. Сиздан кейинги суҳбатдошимизга қайси саволни беришимизни истардингиз?

— Депутатнинг асосий фаолияти нималардан иборат, деб ўйлайсиз, деган саволни берардим.

9. Хўш, сизнинг ушбу саволга жавобингиз...

— Депутатнинг асосий фаолияти биринчи навбатда ўз сайловчилари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш учун курашишдир. Ҳозир замон шиддат билан илгарилаб бормоқда. Бу эса албатта, қайсидир қонунларни бугунги замон талабига жавоб беролмай қолишига сабаб бўлмоқда. Ўз вақтида қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмаса, муаммолар кўпаяверади. Шунингдек, қонун, қарор, фармонларнинг жойлардаги ижросини мониторинг қилиш ишларида фаол бўлиши зарур.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: