29.07.2020

КАЛТАК ЯНА ТИББИЁТНИНГ «ЕТИМ» БЎЎИНИ БОШИДА СИНАДИМИ?

Бутун дунёда бўлаётгани каби мамлакатимизда ҳам кўзга кўринмас душман — коронавирус пандемияси тинч ҳаётимизни изидан чиқариб, ўз ҳукмини ўтказмоқда. Ҳар бир оилада коронавирус асосий мавзу бўлиб қолди.

Карантин билан боғлиқ масалада ҳар ким ўз фикрини билдирмоқда. Кимдир танқид қилса, кимдир аҳоли жон бошига пул тарқатилишини талаб этади. Яна кимдир карантин чоралари узайтирилиши шарт деса, бошқа бири карантиндан фойда йўқлигини таъкидлайди.

Бутун дунёда, айтиш мумкинки, «уруш» кетмоқда. Агар душман қайси томондан ҳужум қилишини билсангиз, шунга яраша тайёргарлик кўрасиз. Афсуски, бунда фронт чизиғи йўқ, ёв гир атрофимизни ўраб олган, у катта-кичик, деб аямай барчага ҳамла қилмоқда. Ҳимоя чизиғининг олд қаторида эса тиббиёт ходимлари турибди. Ҳозир уларга икки карра оғир. Барча каби улар ҳам вирусдан зарарланмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг таъна-дашномларини ҳам эшитмоқда.

Тўғри, барча соҳада бўлгани каби тиббиёт тизимида ҳам салоҳияти, билими, виждони турлича инсонлар ишлайди. Лекин бу бизни кенгроқ мулоҳаза қилишдан тўхтатмаслиги, вазиятга холис баҳо беришимизда тўсиқ бўлмаслиги лозим, деб ўйлайман.

Хўш, биз тушиб қолган оғир ҳолат учун тез тиббий ёрдамдаги ёки поликлиникалардаги врач ва ҳамширалар қанчалик айбдор?

Юқорида ҳозир жангга киришганимизни айтдик. Маълумки курашда ғолиб бўлиш учун тажрибали раҳбар ҳар бир аскарининг қайси жойдан ҳаракатланиши, вазифаси нима эканлигини аниқ белгилайди. Энг муҳими, қатнашчиларнинг ҳар бири зарур қуроллар билан тўлиқ таъминланади. Агар аскарга ҳар томондан ҳар хил буйруқ берилса, унинг имконияти ҳисобга олинмаса, таъминоти ўйланмаса, ғалабадан умид қилиб бўладими?

Аҳолига, беморларга на вазирлик, на соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари рўбарў келяпти. Яна ўша ҳудуд врачи, патронаж ҳамширалари, «103» хизмати ходимларининг бошида калтак синяпти. Президент бу ходимларнинг заҳматини тан олиб, уларга миннатдорлик билдириб турган вақтда, маҳаллий раҳбарлар томонидан улар билимсизлик, дангасалик, бепарволикда айбланмоқда. Касаллик билан олишиб, вирусни ўзига юқтириб олганлар ҳам ношуд, деган ноҳақ ном олди. Бу қанчалик мантиққа тўғри келади? Ахир алангани ўчириш учун олов ичига кирган ўт ўчируви ҳам куйиши мумкин-ку!

Бир ҳисоблаб кўрайлик, тўрт ойдан бери амалда фаолият юритаётган шифохоналар, бирламчи бўғин ва тез тиббий ёрдамдаги тиббий ходимлар қандай ишламоқда? Уларнинг қанчаси касалликка чалинди? Пандемия сабабли вазифаси кўпайгани учун биз уларни бошқа ишлардан озод қилдикми? Етмишга яқин тиббий ходим ишлайдиган поликлиникага берилган бешта ҳимоя кийимини тақсимлашнинг иложи борми?

Коронавирусга шубҳа қилинган беморга 3 мутахассисдан (эпидемиолог, инфекционист, ҳудуд врачи) иборат мобиль бригада бориб, уни шифохонага ётқизиш ёки уйда даволаш масаласини ҳал қилади, деган кўрсатма берилди. Ушбу қарорни қабул қилганлар битта туманда неча нафар эпидемиолог борлигини ҳеч ҳисоблаб кўришдимикан? Пандемия даврида уларнинг вазифалари бир неча бор ошганини, инфекционистлар шифохоналарда беморларни даволаш билан бандлигини англашармикан? Мобиль бригадалар учун эпидемиолог ва инфекционист у ёқда турсин (қишлоқ туманларида) умумий амалиёт врачи етишмаслигини билганида, бажариб бўлмайдиган қарорни эълон қилиб, халқ олдида бечора врачларни ёлғончига чиқармасдилар.

Тез тиббий ёрдамда ҳам худди шундай вазият. Аввалги йилнинг мос даврига нисбатан чақириқлар 2-3 баробар кўпайган. Машиналар ва тез тиббий ёрдам бригадалари сони оширилмагани ҳисобга олинса, чақириққа 15 дақиқада етиб боришнинг иложи йўқлиги равшанлашади.

Шунингдек, энг қийин вазиятга яна умумий амалиёт врачлари ва патронаж ҳамширалар қолмоқда. Дори-дармонларнинг танқислиги, реактивлар, бошқа зарур тиббий воситалар билан таъминланишдаги узилишлар тиббиётнинг етим бўлаги саналган поликлиника хизмати ходимларининг обрўсизланишига олиб келмоқда. Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хўп, аҳволни қандай яхшилаш мумкин? Аввало, касалликнинг енгил шакли билан оғриган беморларга (оддий уй бекаси тушунадиган содда тилда) қадам-бақадам бажарилиши лозим бўлган вазифалар лўнда баён қилинган қўлланма тарқатилиши керак. Умумий амалиёт врачлари учун коронавирус билан оғриган беморларни таснифлаш алгоритмлари ишлаб чиқилиши лозим. Беморни шифохонага ётқизиш масаласини алгоритмлар асосида УАШ ҳал қилиши шарт.

Врачлар, патронаж ҳамширалар беморнинг уйига борганда биринчи ёрдам учун дори-дармонлар билан таъминланган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир туманда шифохоналар ва катта поликлиникалар қошида коронавирусни текширувчи (ПЦР) лабораториялар ташкил қилиниши яхши самара беради, деб ўйлайман. Лаборатор текширув натижаларини SMS орқали етказиш тизими йўлга қўйилса, кўнгилдагидек иш бўларди.

Поликлиникалардаги даволаш-диагностика ишларини ташкил қилишда тиббиётга алоқаси бўлмаган туман мутасаддиларининг аралашувига чек қўйиш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан биридир. Шунингдек, республика марказларидан сўраладиган ҳисоботлар сонини камайтириш керак. Коронавирусга тест олинганлар ва натижалар ҳақида лаборатория ягона электрон тизим орқали маълумот берилишини йўлга қўйиш лозим бўлади.

Иш юкламалари ходимларнинг реал сонидан (беморлар, ҳомиладорларни ҳисобдан чиқариб) келиб чиқиб белгиланиши керак. Шунингдек, тиббиёт ходимлари жуда бўлмаганда, бир марталик тиббий ниқоблар билан узлуксиз таъминланиши даркор. Улар аҳоли олдида айбсиз айбдор бўлиб қолишининг олди олинса, адолатли иш бўларди. Тиббиёт ходимлари ўз бурчларини сидқидилдан бажаришларига ишонаман.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: