29.07.2020

МАВЖУДА ҲАСАНОВА: «ҲАР БИР КИШИДА ЖАМИЯТГА НАФ КЕЛТИРИБ ЯШАШ ИСТАГИ БЎЛСИН»

Бугунги суҳбатдошимизнинг касби —педагог. У Сурхон воҳасида туғилиб, вояга етган. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида Халқ демократик партияси электорати манфаатларини ҳимоялашда фаол иштирок этмоқда. Депутатимиз билан суҳбатимиз жамиятимиздаги айрим муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида бўлди.

— Пандемиядан кейинги ҳаёт ҳақидаги тасаввурларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Албатта, ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида илк бор аниқланган бу хасталикни ҳеч ким шу даражага етади, бутун дунёни забт этади, деб ўйламаганди. У дастлаб шаҳарларда, мамлакатларда тарқалди. Қитъа ошди. Ниҳоят бутун дунёни забт этди. Юқиши яшин тезлигида ҳозир ҳам давом этмоқда. Миллионлаб одамлар бу дардга дучор бўлиб, минглаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда.

Бу мисли кўрилмаган синов. Ҳар ишда хайр бор, дейди доно халқимиз. Онгимизда чуқур ўзгаришлар рўй берди. Инсон бўлиб оддийгина тозаликка эътибор қилмай, сабр ва қаноатдан узоқлашиб, ҳою ҳавасларга, шуҳратпарастликка, кибр-ҳавога берилиб, ўзимизни, ўзлигимизни унутиб қўяёзганимиз аён бўлди. Пандемиядан дунё иқтсодиётига жуда катта зарар етди. Худо хоҳласа, бу қийинчиликлардан албатта ўтамиз. Аввалгидан кўра кучлироқ бўлиб, қаддимизни ростлаб оламиз. Дунё мусаффоланади. Инсон руҳияти талвасаю, васвасалардан йироқлашиб сокинлашади. Бирлашиб ҳаракат қилсак, коронавирусни албатта енгамиз ва осойишта ҳаётга қайтамиз.

 — Сизнингча, пандемия қандай иқтисодий инқирозларга сабаб бўлиши мумкин?

— Халқимизда йўғон чўзилди, ингичка узилди, деган ибора бор. Одатда қишнинг қаҳридан организм чарчаб, ёмғир-қорли кунларда иш бўлмай, супранинг таги кўриниб қолган “илик узилди” пайтлар, яъни қиш билан баҳор ўртасидаги ўтиш даврига нисбатан бу ибора ишлатилади. Пандемия ҳам бизни шундай иқтисодий мураккаб вазиятга олиб келди. Айниқса, кунлик ишга чиқиб, пул топадиган минг-минглаб одамларга қийин бўлди. Иқтисодиёт таянчи бўлган йирик корхоналарда ишнинг тўхтаб қолиши ҳам мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир қилиш билан бирга, улкан ижтимоий муаммо — ишсизликни вужудга келтирди.

Коронавирус пандемияси натижасида бугун жаҳон иқтисодиётининг барча реал тармоқлари — саноат, қишлоқ ҳўжалиги, савдо, қурилиш, транспорт, туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида сезиларли даражада пасайиш ва ишсизлик ортиб бориши кузатилмоқда. Олдинлари инқирозлар асосан иқтисодий бўлиб, маълум даражада ижтимоий ҳаётга ҳам салбий таъсир кўрсатган. Бугунги инқироз эса ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан баб-баравар баҳоланмоқда.

Халқаро экспертларнинг фикрича, жаҳон савдо айланмаси 30 фоизга камаяди, 40 миллиондан ортиқ киши ишсиз қолиши эҳтимоли мавжуд. Европа Иттифоқи давлатларида 2020 йилнинг бошида ишсизлик даражаси 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич Испания, Италия, Франция, Греция каби давлатларда ўртача 12 фоиздан ошиши кутилмоқда. Жорий йилнинг май ойида ишсизлик даражаси АҚШда ҳам мисли кўрилмаган натижаларга етиб келгани айтилмоқда.

— Давлатимиз томонидан карантинда юзага келаётган қийинчиликлар ва ишсизлик сонини камайтириш билан боғлиқ қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ушбу йўналишда депутатларнинг вазифалари нималардан иборат? Мумкин бўлса, батафсилроқ ва мисоллар билан гапириб берсангиз.

— Бугун бутун дунё Ўзбекистондаги бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб турибди. У ҳам бўлса, аҳоли ижтимоий-иқтисодий ҳаётига пандемиянинг зарарли таъсирини камайтириш мақсадида кўрилаётган улкан чора-тадбирлар. Бу масалада қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мақсадли дастурлар асосида аҳолининг ижтимоий ҳимоясига улкан маблағ йўналтирилмоқда. Депутат — халқ вакили. У ҳамиша халқ билан бирга қувониши, бирга куюниши шарт. Оддий одамларга нима керак? Унга тинч ҳаёт, кафолатланган иш ўрни, рўзғорини бутлашга етадиган иш ҳақи. Оддий одамга муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, ёрдамга муҳтож қатламни ижтимоий ҳимояси учун курашиш депутатнинг асосий вазифаси бўлиши шарт.

— Биздаги маълумотларга кўра, жойларда банкдан кредит берилиши масаласида ҳамон тўсиқлар мавжуд. Бу муаммони ҳал этиш учун қандай чора кўрилиши керак, деб ҳисоблайсиз?

— Бугун инсоннинг ўз салоҳиятини эмин-эркин юзага чиқариб, эл-юрт ривожига ҳисса қўшиши учун шароит яратиб бериш, тадбиркорликни ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бунда тижорат банклари муҳим ўрин тутади. Улар ўзининг хусусий ишини очаман, тадбиркор бўламан, деган фуқарони ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур. Афсуски, тижорат банкларининг замон билан ҳамнафас бўлмаётгани, бўлолмаётгани, дунёқараши бугунги давр талабларига тўғри келмай қолаётганини Президентимиз алоҳида таъкидлади. Оддий қилиб айтганда, бугунги сиёсатдан руҳланиб, банкка борган одамни улар кредит олишнинг оғир кафолати, тўлай олмаслигининг улкан хавфи ҳақида гапириб, қўрқитади. Гаров учун улар айтган пул-у мулки бор одам кредит оладими? Шу билан тадбиркор бўлиш орзу-хаёлларидан сармаст фуқаро ҳуши бошидан учиб, ортга қарамай қочади. “Оч қорним — тинч қулоғим”, деган тушунча одамзоддаги лоқайдликнинг онаси. Банкларнинг бу сансалорликлари оддий одамларни кўп оввора қилаётганлигига фаолиятимиз давомида гувоҳ бўлаяпмиз. Яқинда округимдаги сайловчилардан икки нафари кредити чиқмаётгани ва банклар сарсон қилаётганлиги юзасидан мурожаат қилишди. Мурожаат юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди.

— Охирги пайтларда айрим мансабдор шахслар томонидан нафақат фуқароларга, балки ҳокимият тизимидаги идоралар вакилларига ҳам турли қўполликлар қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Ҳозир ҳар қандай иқтисодий-ижтимоий шароит бўлишига қарамасдан, маънавиятга устувор аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Маънавият — инсоннинг ички оламини покловчи, ўзида киши хулқ-одоби, илму маърифати, дунёқарашини мужассам этган кенг тушунчадир. Қўпол, ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам қадрини билмайдиган бундай раҳбарларда маънавият етишмайди. Улар тор тушунчали инсонлар бўлгани учун оёқлари ердан узилиб, кибр ботқоғига ботган. “Шармандага шаҳар кенг”, дейди халқимиз. Эркин замон дегани, уят-андиша либосларини ечиб отиб, ўзини ўзи шарманда қилиш дегани эмас-ку! Ўзини билган одам бундай қилмайди. Маънавият айнан ўзликни топишдир. Маънавий тарбияга оиладан, мактабдан алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Тўғри, фарзандимиз гапга кирмаса, ножўя ҳаракатлар қилса, койиймиз, оқ-қорани тушунтиришга, хатоларини англатишга уринамиз. Бироқ ур-сўк билан эмас, босиқлик ва маҳорат билан одамнинг қалбига йўл топиш керак. Айниқса, раҳбарлар ҳамиша эл назарида бўлади. Улар ҳар бир ишда дипломатик ёндашувга таяниши шарт. Деҳқонга деҳқончасига, ошпазга ошпазчасига, тадбиркорга тадбиркорлик тили билан муомала қилмас экан, ютқазади, одамларнинг назаридан қолади. Бугун раҳбарлик курсисида ўтирганлар бир нарсани унутиб қўяди, менимча. У жой абадий эмас. Ҳаммадан қолади. Эртага амалдан кетгач, одамлар орасида бемалол бош кўтариб юриш учун ҳам бугун тарбиясизлик, маданиятсизлик қилмаслиги, босиқлик билан узоқни ўйлаб, ўзини тутиши зарур.

— Яқинда давлатимиз раҳбари ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида анчайин аччиқ ҳақиқатлар ўртага ташланди. Бу борада қандай фикрдасиз?

— Видеоселектор йиғилишида Президентимиз дилидаги безовталик, қайғуриш ҳар биримизнинг дилимизга кўчди. Чиндан ҳам, болаларимиз 11 йил мактабга қатнайди. Уларнинг мактабдан олаётган таълим-тарбиясига, ўрганаётган билимларига қанчалик қизиқяпмиз? Устозлари билан фарзандларимизнинг қобилияти, унинг нималарга қодирлиги ҳақида неча маротаба суҳбат қилганмиз? Афсуски, биз бор-йўғи мактаб боламизга ярим кун эгалик қилиб ўтирганига рози бўлиб қолганмиз. Ота-оналарнинг бундай эътиборсизлиги, ўз-ўзидан ўқитувчи зиммасидаги масъулиятни ҳам пасайтирган. Натижада эса 11 йиллик умрини мактабда ўтказган ўғил-қиз, на ўқишга киради, на бирор касбнинг этагини тута олади.

Энди бундай бепарволикка йўл қўйиб бўлмайди. Ўзбекистонда таълим-тарбия тизими янги босқичга кўтарилмоқда. Фарзандларимизнинг билими, таълим-тарбияси, касб-ҳунарли бўлиши, олий ўқув юртларига кириши, бандлиги масаласи бутун жамиятнинг асосий диққат эътиборида.

Бу масала билан депутатлар ҳам бевосита шуғулланади. Чунки ҳаётнинг ўзи жуда кўп масалалар ечими, халқ вакиллари бўлмиш депутатларнинг уйғоқлиги, фаоллиги ва жонкуярлигига боғлиқлигини кўрсатмоқда.

Яна бир муҳим масала — хотин-қизлар бандлиги. Биз ёшларнинг қайси муаммолари ҳақида гапирмайлик, улар ўз-ўзидан аёл билан боғлиқ бўлиб қолаверади. Чунки фарзанд она таъсири, унинг меҳри, тарбиясидан кўпроқ маънавий озуқа олади. Шунинг учун аёл ўз рўзғоридан кўнгли тўқ бўлса, ишласа, даромад топса, фарзандининг эртанги куни учун ҳам эътибори бошқача бўлади. Бу масала ҳам биз, депутатларнинг асосий диққат марказида туриши шарт.

Бугун пандемия шароити бўлишига қарамасдан, аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, оилалар фаровонлигини ошириш учун керакли шароит ва имкониятлар яратишга юксак эътибор қаратилмоқда. Будай улкан ғамхўрликлар ўз эгаларига етиб боришида Президентимизга елкадош, жамиятимизга ҳамнафас бўлиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

— Ер юзида авж олган одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганларнинг аксарияти хотин-қизлар экани ҳеч кимга сир эмас. Опа-сингилларимиз “савдогарлар” гирдобига тушиб қолмаслиги учун яна қандай қўшимча чоралар қўллашни таклиф этган бўлар эдингиз?

— Одам савдоси — инсоният тубан кетиб бораётгани натижасида топаётган энг жирканч иллатдир. Аҳли аёл, опа-сингиллар бу иллатнинг қурбонига айланаётгани янада аянчли. Ўғил болани тарбияласанг, бир инсонни, қиз болани тарбияласанг, бутун миллатни тарбиялайсан, дейишади. Чунки ўғил болани ҳам аслида она тарбиялайди. Баъзи аёл, қизлар ўз ўрни, вазифаларини унутиб, ўзларини нафс манбаи билиб, кўча-кўйда сарсон юрганликлари келажагимизни хатарга қўйувчи фожиадир. Улар муқаддас ўрнини билиб, уйининг, ҳаётнинг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлишдек азалий вазифаларига содиқ қолишлари учун биз уйдаги ўғил боладан, бўлажак эркакни, отани тарбиялашимиз керак, деб ўйлайман. Шунда табиатан гулдай бўлган аёл гулдай эъзоз, парвариш кўради. Эркак уйдан бошини эгиб чиқмаслиги, ўзини унутмаслиги учун унинг иши, топиш-тутиши, жамиятда ўрни бўлиши шарт. Рўзғорини боқишга қодир ҳалол касб-ҳунари бор эркак эрталаб ишга, кечқурун уйга шошилади. У ҳеч қачон орини, лафзини йўқотмайди. Чунки уйда тинчи ва қадри бор эркакнинг жамиятда ҳам ўрни бўлади.

Аксарият аёлларимизнинг одам савдоси қурбонига айланишида, албатта эркакларнинг, оталарнинг улуши бор. Оилада аёлига, қизига беэътиборлиги натижасида хотин-қизлар ана шундай боши берк кўчага кириб қолаётгани ҳам рост. Шунингдек, хотин-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслиги, оиладаги носоғлом муҳит ҳам бу “савдогарлар”нинг бозори чаққон бўлишига хизмат қилмоқда. Бунинг олдини олиш учун қуйи тизимда, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш борасида тизимли ишларни масъул ташкилотлар ҳамкорлигида йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблайман. Опа-сингилларимиз камситилишининг олдини олиш борасида туман даражасида юрист, психологларга штат ажратиш орқали фаолияти йўлга қўйилса, жамиятда учраб турган номаъқул ҳолатлар секин-аста камаяди, барҳам топади.

— Агар сизда имконият бўлганида жамиятда қандай ўзгаришлар қилган бўлар эдингиз?

— Мўъжизалар кутиб яшаш ёки олтин балиқчага дуч келиш ҳам шарт эмас. Ҳар биримиз мақсад сари дадил интилишмиз керак. Ҳар бир инсонда масъулият ҳиссини оширувчи элексир тайёрлардим. Одамлар юртим, халқим учун нима қилдим, деган хаёл билан яшашларини истардим. Истагим, ҳар биримизда жамиятга наф келтириб яшаш завқи, иштиёқи, мақсади бўлсин.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: