15.07.2020

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШ ДЕПУТАТЛАРИ

сайловчилар олдида ҳисобот бермоқда

Фарғона вилоятида Ўзбекистон ХДПдан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда сайловчилар билан учрашмоқда. Аҳолини ташвишлантирган муаммоларни ўрганишмоқда.

— Шундай синовли кунларда кимдир сенга ёрдам қўлини чўзса, ўзингни янада тетик ҳис этаркансан, — дейди «Кичкина Ганжиравон» қишлоғида истиқомат қилувчи Юлдуз Алматова. — Қўшниларим маҳалламизга депутатлар келишини, муаммоларимизни уларга айтишимиз, кўмак олишимиз мумкинлигини айтганида, ишонгим келмади. Олдин депутатлар бизни йўқлаб келганини кўрмаганман-да. Учрашувга бордим. Ўзим овоз берган инсонни кўриб, хурсанд бўлдим. Депутатга турмуш ўртоғимни ногиронликка чиқаришда ёрдам зарурлигини, ногиронлик аравачасига ҳам эҳтиёжимиз борлигини айтдим. Масала тез орада ҳал этилади, деб ишонтирди.

— Сайловолди учрашувларидан бирида сайловдан кейин «йўқолиб» қолмайсизларми, деган саволни эшитганмиз, — дейди халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Улуғбек Қўчқоров.  — Рости, бу савол мени узоқ ўйлантирди. Ўшанда депутатликка сайлансам, ҳар бир ишимдан сайловчиларни хабардор қилиб бораман, деб ўзимга сўз бердим. Депутат бўлгач, илк кунларданоқ ҳудуддаги муаммоларни ўргана бошладим. Баҳоли қудрат уларни навбати билан ҳал этиб беряпмиз. Ваъдага амал қилиб, июль ойининг бошида олти ойлик фаолиятим бўйича сайловчиларга ҳисобот бердим. Партиямиздан сайланган бошқа депутатлар ҳам сайловчиларга ҳисобот беришмоқда.

 — Карантин вақтида уйдан чиқиш, аҳолини ўйлантираётган айрим масалалар юзасидан масъулларнинг олдига бориш осон эмас,  — деди Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Зокиржон Зоҳидов. — Лекин шундай оғир вазиятда аҳоли вакиллари депутатларга мурожаат қилишни ўйлайди. Биз ҳам ўз навбатида уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилдик. Депутатлик сўровлари орқали кўплаб масалалар ижобий ҳал этилди, баъзи инсонларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Масалан, Бешариқ тумани Собиртепа маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси Сарбон кўчасидан оқиб ўтувчи бетон ариқ ҳозирги кунда яроқсиз аҳволга келиб қолганини маълум қилишди. Унга келаётган сув зовурга тушиб, томорқа ер майдонларини зах босаётганини, бунинг натижасида экин унмаётганини айтишди. Мазкур масалада тегишли ташкилотга депутатлик сўрови юборилди. Ишонаманки, муаммо тез орада ҳал этилади ва биз буни назоратга оламиз. Аммо депутатлик сўровига вақтида жавоб бермаётганлар ҳам йўқ эмас. Бешариқ туманидаги 17-мактабнинг 100 кишилик фаоллар залини жиҳозлаш юзасидан депутатлик сўрови юборилган эди. Бироқ туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари сўровга жавоб бермади. Очиғи, буни нафақат депутатга, балки халққа ҳам беписандлик, деб биламан.

— Бугунги кунда Ўзбекистон ХДПдан сайланган 11 нафар вилоят ҳамда 126 нафар туман Кенгаши депутатлари фаолият олиб бормоқда, — деди Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши бўлим мудири Шоҳрух Ўктамов. — Айтиш керакки, уларнинг барчаси пандемия вақтида сайловчи ва виждони олдида ҳисобдор эканлигини  унутишмади.

Яна бир гап. Биз қонун лойиҳаларига таклифларни қуйидан оляпмиз, деб кўп таъкидлаймиз. Аммо доим ҳам бунга амал қилавермаймиз. Тан олиш керак, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳам рост. 

Шунингдек, бугунги кунда депутатларимиз ОАВ ҳамда блогерлар билан ҳамкорликни етарли даражада йўлга қўя олмаяпти, деб ўйлайман. Амалий иши кўп, сайловчилар ишончини қозонган депутатларимиз оз эмас. Улар сессияларда, эшитувларда электорат манфаатини дадил ҳимоя қилишмоқда. Бироқ улар журналистлар билан ҳамкорликка етарли эътибор беришмаяпти. Айтмоқчиманки, бизнинг ишимизни, депутатлар фаолиятини журналистлар, блогерлар халққа кўрсатиб бера олади. Шундай экан, партия ходимлари ҳамда депутатлар учун бу борада турли тренинглар ташкил этиш ҳам яхши самара беради, деб ҳисоблайман.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: