15.07.2020

ШОҲИСТА ТУРҒУНОВА: «ҚИЗЛАРГА ҲАҚ-ҲУҚУҚНИ, ЙИГИТЛАРГА МАСЪУЛИЯТНИ ЎРГАТИШ, УҚТИРИШ ШАРТ»

Ёшлар таълим-тарбияси, ҳамиша энг нозик масалалардан бири бўлиб келган. Бунда ота-оналар билан бирга ўқитувчиларнинг меҳнати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тасаввур қилинг, педагог бирор-бир ташкилот раҳбари бўлса, ўша жойда тарбия ва маънавият масалалари устунлик қилади.

Саҳифамизнинг бу галги меҳмони Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси, ўқитувчилик касбининг машаққатини яхши биладиган инсон Шоҳиста Турғуновадир.

Депутат билан суҳбатимиз аёл ҳуқуқлари, таълим-тарбия, аҳоли мурожаатлари каби масалаларга бағишланди.

Келинг, сиз билан, аввало, хотин-қизлар ҳуқуқлари, хусусан, жамиятда гендер тенглиги масаласида суҳбатлашсак.

Гендер сиёсати хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини таъминлашга ҳаракат қилади, аввало, айтиш керакки, бунинг ҳуқуқий асослари миллий қонунчиликда ўз аксини топган. Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган. Албатта аёлларимизни эъзозлаш, уларга юксак меҳр-муҳаббат кўрсатиш лозимлиги муқаддас динимизда, хусусан,  ҳадисларда кўп бор таъкидланган. Аёлни эъзозлаш, онага сажда қилиш миллий қадрият ҳисобланади. Биз бундан фахрланамиз.

Аёллар хусусида гап кетганда, уларнинг оналик масаласи, она ва боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тўхталмасак бўлмаса керак. Ушбу масалалар бўйича қонунчиликда белгиланган талаблар амалда қай даражада ижро этилмоқда?

— Бу борада сўз кетганда, албатта қайғурмасликнинг иложи йўқ.  Сабаби умримнинг катта қисмини бола тарбияси, таълим жараёнларида ўтказдим. Бу борада ҳар бир болага бефарқ бўлмаган аёл сифатида оилавий шароитлар, турли хил оналар, тайзиқ ва зўравонликларга учраган хотин-қизлар билан иш олиб боришга тўғри келди. Туманда 35 минг ўқувчи бўлса, барчасининг оилавий шароити, ўзига яраша ота-оналар ҳам ҳар хил. Бир-бирига умуман ўхшамайдиган инсонлар билан ишлаганман.

Афсуски, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича  судлар қарорлар чиқарган бўлса-да, уларнинг ижроси билан боғлиқ муаммолар оз эмас. Масалан, алимент бўйича қарор чиқарилган, бироқ «мол-мулки ёки алимент ундиришга бўлган даромад манбаи йўқ», деб хулоса бериб қўйилади. Бизда муқим бир жойда ишламай, кўча-куйда даромад топадиган эркаклар кўп. Масалан, ҳунарманд, “таксист”лик ортидан кун кечирадиган ёки турли хил якка тадбиркорлик билан шуғулланадиган шахслар ҳам талайгина. Уларнинг даромадини очиқ-ойдин ҳисоб-китоб қилишнинг имкони йўқ. Шундан фойдаланган айрим эркаклар ишсиз ёки бирор фермер хўжалигидан кам даромад топади, деб маълумотнома топширади. Бир аёлни танийман. Фарзанди учун ҳозирда ҳам атиги 45000 сўм алимент олади. Қаранг, бу сумма фарзанднинг эҳтиёжитга етарлими? Бу мактабдаги ижара дарслиги учун ҳам етмайди.

Юқоридаги каби ҳолатларга қарши қатъий чоралар кўрилиши керак, деб ўйлайман. Ёлғиз қолган аёл боласини тарбиялаши, боқиши учун етарли маблағга эга бўлиши зарур. Уйда ўтириб, фарзанд тарбияси билан банд бўлган оналарнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш учун қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш талаб этилади. Фақат ҳаётга тўғри келмайдиган меъёрлардан воз кечиш лозим. Она ва бола ҳуқуқларини таъминлайдиган аниқ чоралар белгиланиши шарт.

— Сизнингча, қонунчилигимизга опа-сингилларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган яна қандай қўшимчалар киритилиши лозим?

— Меҳнат кодексида ногирон фарзанд тарбиялаётган аёлларга берилган имтиёзлар фақат жамоа шартномасида қолиб кетяпти. Кўп ҳолларда амалда тадбиқ этилмайди. Пенсия ёшини белгилашда ҳам айрим касбларга имтиёзли пенсияга чиқишни белгилаш лозим. Авваллари ўқитувчи ёки шифокор аёллар 5 йиллик имтиёз билан нафақага чиқишига имкон бериларди. Умуман олганда, аёлларга яратилган ҳуқуқий асосларнинг ҳеч бири қоғозда қолиб кетмаслиги керак.

Шунингдек, аёллар ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги оқибатида ҳам турли тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Демак, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини  ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларини эса таъсирчан усулларда олиб бориш талаб этилади.

Биз хотин-қизларга турли учрашувларда ҳуқуқий маслаҳат бердик, деб кўп такрорлаймиз. Аслида бир тадбир доирасида бир инсоннинг фикрини, дунёқарашини ўзгартириб бўлмайди. Суҳбатлар тизимли бўлиши лозим. Айтишингиз мумкин, бир аёлнинг ҳаётида бурилиш ясаш, жамиятни ўзгартиролмайди. Йўқ. Биз бугун кўмаклашган опамиз ёки синглимиз эртага ёнидаги дугонасига елка тутади. Бу занжирдек бир-бирига боғланиб, давом этиб кетишига  ишонаман.

— Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда энг муҳим жиҳат қайси, деб ўйлайсиз?

— Юқорида айтганимдек, аёллар билан суҳбатлашилганда уларнинг аксариятида ҳуқуқий саводхонлик етарли даражада эмаслигини кузатиш мумкин. Оддийгина уй-жой масаласида ёки алимент бўйича ҳам кимга мурожаат қилишни билишмайди. Кейин масаласи ҳал бўлмаётганидан шикоят қилишади. Ваколатли орган бир четда қолиб, бошқа идораларга мурожаат қилинган.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда асосан масалалар тезроқ ечим топишга  кўпроқ эътибор бер­япмиз. Лекин айрим мурожаатлар ижроси таъминланмагани сабабли қайта мурожаатлар сони ҳам талайгина. Ижро ҳокимяти мутасаддиларини бу борадаги масъулиятини янада ошириш зарур. Юртимизда халқни рози қилишга қаратилган механизм яратиб берилган. Бироқ айрим мурожаатларни ҳал қилишда ишни тўғри ташкил этяпмиз, деб айта олмайман. Бу борада ҳам масъулият ва маданият керак. Аслида, бизнинг халқимиз муросасоз, уларга вазият тўғри тушунтирилса, қулоқ тутади, сабр қилади, кутади. Бировнинг эшигини минг истиҳола билан тақиллатадиган ҳамюртларимиз айрим мутасаддиларнинг қўполлигинидан арз қилади, ҳафа бўлишади. Бирор масала юзасидан давлат идораларига борганда, уларга нисбатан қилинган муомала сабаб иккинчи марта ўша ерга қайтиб бормасликларини айтишади. Ўз лавозимини суиистеъмол қилаётган раҳбар ва масъулларнинг ҳали ҳануз борлиги жуда хунук ҳолат, деб биламан. Ана шундай шахсларга нисбатан чора кўрилиши лозим.

Мисол учун, аёлларнинг мурожаатларини жойида таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ҳар бир маҳаллага юрист бириктирилган. Бироқ уларнинг фаолияти натижасини қониқарли, деб бўлмайди. Сайёр қабуллар, учрашувлар умуман ўтказилмади. Бирор бир юрист онлайн тарзда бўлса ҳам аёлларнинг дарди билан қизиқмади. Маҳаллангиздаги хотин-қизлардан сўраб кўринг, юрист борлигидан хабари ҳам йўқ. Ҳатто ўзини-ўзи ҳимоя қила олмай, турли боши берк кўчаларга кириб қолаётган аёллар оз эмас. Шунинг учун аввалло, фарзандларни эмас, оналарни тарбиялаш лозим. Хотин-қизларнинг саводхонлигини ошириш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, касб-ҳунарга ўргатиш шарт. Акс ҳолда, вазият ўзгармайди.

— Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда қайси йўналишларда оқсоқликлар сездингиз?

— Ота-оналаримиз қизларини фақат яхши оила бекаси қилиб тарбиялаш ёки яхши жойга турмушга чиқаришни орзу қилиши нотўғри. Уларни билимли, ҳунарли, одоб-ахлоқли тарбиялаш лозим. Аёллар илмли ёки ҳунарли бўлса, ўз ҳимоя қўрғонини ярата олса, албатта ҳаётда яшаши осонроқ бўлади.

Умумий ўрта таълим мактабларида ҳунар ўргатишга, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга аҳамият берилмоқда. Аёллар бандлигини таъминлаш, аввало, бугун мактабгача таълим муассасаларида, мактаб парталарида ўтирган қизларимизга эътибор қаратилиши билан амалга оширилади.

— Афсус билан айтиш керакки, бугун оилавий ажримлар сони камаймаяпти. Ёлғиз қолган оналар фарзандлари билан қийналиб, кўмакка муҳтож бўлиб яшамоқда. Бунга қандай баҳо берасиз?

— Агарда оилани бир қўрғон, деб олсак, албатта, ушбу қўрғонда моддий ҳимоя асосан эркак кишининг, маънавий ҳимоя эса аёл кишининг зиммасига тўғри келмоқда.

Ажрашган аёлнинг фарзандларини боқиши, соғлигини таъминлаши, тарбиялаши осон эмас. Айримлари эса уйсиз қолиб, ака-укасининг оиласида яшашига тўғри келади ва яна бошқа муаммолар гирдобида қолади. Боласининг ҳаётидаги муҳим масалаларга ажрашган аёлнинг вақти ҳам, руҳий ҳолати ҳам етарли бўлмайди.

Шунинг учун мактаблардаги дарсликларни яратишда кўпроқ ҳаётий мавзуларни киритиш керак. Масалан, Японияда “Япон жамияти” фани орқали қадриятлар, оиладаги отанинг, онанинг, фарзанднинг вазифалари, умуман жамият тўғрисида тушунчалар берилади. Таклифим, ўқув дастурларига киритиладиган тарбия дарсларида гендер тенглиги, аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари, оиланинг муқаддаслиги бўйича ҳаётий мавзулар жой олиши айни муддао бўларди. Айниқса, йигитларга миллий ғурурни, масъулиятни сингдиришга алоҳида эътибор қаратилиши керак, деб ҳисоблайман.

— Айни пайтда  сизнинг қўмитангиз қандай қонунлар лойиҳалари устида ишланяпти ва уларда Ўзбекистон ХДП электорати манфаатлари қай даражада ифода этилмоқда?

— Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзосиман. Қўмитада “Хусусий бандлик агентликлари” тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир қўмита аъзоларига қонунлар бириктирилган бўлиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ёки ижроси таъминланишининг назорати бўйича иш олиб борилиши йўлга қўйилган. Ҳар қандай қонун лойиҳасида биз, албатта, партиямиз электорати манфаатини ўйлаймиз. Зарур бўлса, баҳслашамиз, тортишамиз.

Депутат бир ёқлама ишласа, адашади. У ҳар соҳада илғор ва ташаббускор бўлиши жуда ҳам муҳим саналади. Бунинг учун ишимизни режалаштиришимиз шарт. Вақтимизни тўғри тақсимлай олмасак, унум бўлмайди, тартиб бўлмайди. Ҳар куни қилган ишларимиз бўйича ўзимизга ҳисоб беришни одатга, бурчга айлантириш муҳимдир. Ана шунда бошқалар олдида, айниқса, бизга ишонч билдирган сайловчилар қаршисида уялиб қолмаймиз, айтар сўзимизга эга бўламиз.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: