15.07.2020

МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИМИЗ ЧЕТ ЭЛ ЭЪТИРОФИДА

Дунёнинг қайси мамлакатида бўлмасин, қайси соҳада бўлмасин, Ўзбекистоннинг ютуқлари ҳақида гап кетса, ҳамюртларимиздан кимнингдир истеъдоди, меҳнати эътироф этилса, барчамиз бирдек қувонамиз.

Куни кеча Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Қаландар АбдураҳмоновнингМеҳнат иқтисодиёти. Назария ва амалиётдарслигининг Лондондаги “Scientific Publishing Hous IVG” нашриётида “Labour Ekonomics. Theoryand Practice” номи билан инглиз тилида чоп этилганини эшитиб, яширмайман, хурсанд бўлдим, ғурурландим. Бу янгилик мамлакатимиз илм аҳли ҳаётида муҳим воқеа десак, муболаға бўлмайди.

Аввало, таъкидлаш керакки, ушбу китобнинг чет элда чоп этилиши, яъни тан олиниши бежиз эмас. Чунки мамлакатимизда кейинги йилларда меҳнат муносабатларида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий иш жойлари ва барқарор даромад манбалари билан таъминлаш ва меҳнат бозорини эркинлаштиришда кўзга кўринарли натижаларга эришилди. Айниқса, мамлакатимизда камбағалликни очиқ тан олиниши ва унинг ҳажмини камайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани чет эллик олимлар ҳалқаро ташкилотлар томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилаяпти.

Пандемия шароитида Президентимизнинг глобал иқтисодий инқирознинг Ўзбекистонга салбий таъсирини камайтириш ва иқтисодиётда барқарорликни сақлаб қолишга қаратилган бир қанча фармон ва қарорлари қабул қилинди. Тезкор кўрилган чоралар мана шундай синовли дамларда аҳолини ижтимоий муҳофазалаш, энг авалло, ишсиз қатламни даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида оилавий бизнесни ривожлантириш, тадбиркорларга имтиёз ва преференциялар бериш орқали мамлакатда бизнес фаоллигини таъминлаш имкониятларини очиб берди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ҳозирги вақтда изчил амалга оширилаётган бешта муҳим ташаббус жамиятимиздаги меҳнат муносабатларининг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб юборди. Бир сўз билан айтганда, кейинги уч-тўрт йилда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли меҳнат муносабатларида инсон ва унинг манфаатлари чуқур акс эта бошлади. Бу муносабатлар ўз навбатида халқимиз ҳаёти фаровонлашиб боришига хизмат қилмоқда.

Мана, жараёнларнинг фаол иштирокчиси, меҳнат бозорида кечаётган мураккаб жараёнларга холис ва ҳаққоний баҳо бериш имконига эга бўлган ўзбек олимининг бу борадаги фикр ва хулосалари, ҳеч шубҳасиз, хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотади.

Ҳақиқатан ҳам, академик Қаландар Абдураҳмоновнинг Россияда бир неча бор, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ушбу мамлакатларнинг давлат тилларида нашр этилган олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжалланган  Меҳнат иқтисодиёти.  Назария ва амалиёт” дарслиги илмий-назарий билимлар, таҳлилий материаллар, ҳаётий мисолларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айни вақтда у Ўзбекистон ҳудудида қадимги даврлардан бошлаб бугунги кунгача меҳнат муносабатлари соҳасида юз берган тадрижий ривожланиш босқичлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, инсон капиталининг жамият тараққиётига кўрсатадиган таъсири чуқур таҳлил қилиниб, илмий-концептул хулосалар чиқарилгани, принципиал баҳолар берилгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз.

Муаллиф “инсон капитали” тушунчасига Шарқ ва Ғарб тафаккур оламида назарий ва амалий билимларни умумлаштирган ҳолда, айни вақтда, ўзининг кўп йиллик илмий кузатиш ва таҳлилларидан келиб чиқиб таъриф беради. Энг муҳими, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Яссавий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек,  Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларимиз, давлат арбобларининг илмий мероси, амалий фаолиятида меҳнат муносабатларига, инсон капиталига алоҳида эътибор берилганини аниқ далил ва мисоллар билан илмий таҳлиллар асосида тушунтиради. Айниқса, Амир Темур ва темурийлар давридаги ижтимоий-иқтисодий юксалишга, тарихда “Темурийлар ренессанси” деган ноёб ҳодисага сабаб бўлган ҳал қилувчи замин ҳам айнан инсон омили, адолат тамойиллари асосида йўлга қўйилган меҳнат муносабатлари экани муаллиф томонидан ҳақли равишда эътироф этилиб, илмий категориялар асосида атрофлича ёритиб берилгани ўзига хос янгиликдир.

Ҳақиқатан ҳам буюк Соҳибқирон бобомизнинг тузукларида, айниқса, ундаги “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, хушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган ҳикматли сўзлари замирида инсон омили ва капитали билан боғлиқ катта концептуал қараш ва фалсафа мужассамдир. Дарслик муаллифи тарихимиз, миллий меросимиздаги ана шундай ноёб нуқталарни ўз тадқиқоти орқали илмий истеъмолга олиб кириб, меҳнат иқтисодиёти фанининг тўлақонли материалига, тадқиқ объектига айлантиради.

Олим моддий ва маънавий ҳаётнинг ўзаро таъсири, таъбир жоиз бўлса, “ҳамкорлиги” меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам ўзига хос тарзда кўзга ташланишини алоҳида таъкидлаб ўтади. Айниқса, адабиёт, санъат, маданиятга оид мумтоз асарлар инсон руҳий-маънавий салоҳиятини кучайтириб, меҳнат иқтисодиётининг инсонпарварлашувига хизмат қилишини янгича ёндашувлар билан исботлаб беради. Муаллиф ўзбек шеъриятининг атоқли намояндалари, Ўзбекистон қаҳрамонлари Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов асарларига шу нуқтаи назардан муносабат билдириб, уларнинг бадиий-фалсафий меросидаги ҳали кўпчиликка номаълум бўлган жиҳатларни очиб беришга ҳаракат қилади. Чиндан ҳам Абдулла Ориповнинг “Генетика”, “Асримиз одами”, “Ишонч кўприклари”, Эркин Воҳидовнинг “Бизлар ишлаяпмиз, бу – меҳнат, холос”, “Бизлар арра тортамиз” сингари шеърларида ўз давридаги ҳукмрон ижтимоий-сиёсий кайфиятга, жумладан, меҳнат муносабатларига нисбатан аччиқ, ҳам ҳаққоний, ҳам шоирона, ҳам фалсафий қарашлар мавжуд. Қаландар Абдураҳмонов бу ҳақиқатни халқимиз, ёшларимиз янада теран тушуниб олишига туртки беряпти.

Юқорида қайд этилганидек, хорижий илмий жамоатчилик томонидан муносиб баҳоланган мазкур дарсликда Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган бешта муҳим ташаббус доирасидаги ишлар инсон капитали тушунчаси нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинади. Келинг, ана шу ташаббусларни яна бир бор эсга олайлик: ёшларнинг мусиқа, бадиий адабиёт, театр ва бошқа санъат турларига қизиқишини кучайтириш; ёшларни спорт билан қамраб олиш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш; аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва Интернетдан самарали фойдаланишини ташкил этиш; ёшлар маънавиятини ошириш, китобхонликни кенг тарғиб этиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш. Ушбу ташаббусларнинг номланишиданоқ кўриниб турибдики, уларнинг барчаси моҳият эътибори билан бевосита инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, мамлакатимизда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Президентимизнинг яқинда Ўзбекистон ёшларига йўллаган  табригида бу фикр алоҳида таъкидланди: “Ёшларимизни она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан давом эттирамиз”.

Бугун ёшларимиз илм-фан соҳасида эришаётган ютуқлар замирида ана шу эътибор ва ғамхўрлик мужассам албатта, дейди академигимиз. Қаландар Абдураҳмоновнинг ушбу дарслигидаги масалалар ёш олимларимизни янги илмий изланишларга руҳлантирди, деб ўйлаймиз.

Бу дарслик устида жуда катта меҳнат қилингани унинг мундарижасидан ҳам кўриниб турибди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур дарсликдаги масалалар нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон бозори кенъюктураси кескин ўзгариб бораётган, бандлик ва муносиб меҳнат «истеъмол саватчаси» ни белгилаш долзарб бўлиб турган ҳозирги шароитда кўплар учун қимматли қўлланма булади, деб ўйлаймиз.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бюджет ва иқтисодий ислоҳатлар қўмитаси раиси,

иқтисодиёт фанлари доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: