08.07.2020

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИГА МУНОСАБАТ

Аҳолини ўйлантираётган масалалар тезда ҳал этилишида, партия электорати манфаатлари ҳимоя қилинишида депутатлик сўровининг ўрни беқиёс. Шунингдек, масъуллар эътиборидан четда қолаётган муҳим ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар ечим топишида, ҳудудларда қонун ва фармонларнинг ижроси устидан назорат ўрнатишда ҳам сўровларнинг аҳамияти катта. Шу боисдан Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Турли ташкилот ва идораларга сўровлар юбориб, уларнинг ижросини назоратга олишмоқда.

Бугун ҳаёт ҳар биримиздан ишга ўзгача ёндашишни, ҳар бир масалада дахлдорлик ҳисси билан ҳаракат қилишни талаб этади. Хусусан, депутатлардан ҳам, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши ходими Шерзод Содиқов. — Олдинги даврдагидек муаммони масъулларга етказиш камлик қилади.  Аввало масалани чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, мутахассисларнинг фикрини билиш керак. Сўнгра депутатлик сўровини аниқ-равшан тайёрлаш, идора ёки ташкилотга юбориш лозим. Навбатдаги вазифа масала ечим топмагунча ҳаловат билмаслик. Шундагина сайловчида партияга, ўзи овоз берган номзодга нисбатан ишонч мустаҳкам бўлади.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари томонидан тегишли ташкилот раҳбарларига 2889 депутатлик сўрови юборилган. Шундан  2037 таси ижобий ҳал этилган, қолганлари назоратга олинган. Сўровларни соҳалар бўйича таҳлил қилганда, бандлик, коммунал, ички йўлларнинг таъмирталаблиги ва бошқа соҳаларга алоқадорлигини кўриш мумкин. Фаол ва ташаббускор депутатлар бошчилигида муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда.

Бироқ барча ҳудудларда ҳам аҳвол бирдек, деб бўлмайди. Масалан, Жиззах вилоятида партия гуруҳида 105 депутат фаолият олиб бормоқда. Улар жорий йилнинг олти ойида бор-йўғи 71 сўров юборган. Савол туғилади: бу кўрсаткич вилоятда муаммо йўқлиги, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлгани учунми ёки депутатлар ўз вазифасини тўлақонли бажара олмаганиданми?

Айни вақтда Бухоро вилоятида   партиямиздан номзоди кўрсатилган 92 нафар депутат  фаолият олиб бормоқда, деди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши  бўлим мудири Феруза Турсунова. — Шундан 15 нафари вилоят, 77 нафари туман ва шаҳар  кенгашлари депутатларидир. Бу рақамлар партия ва унинг ғояларига сайловчилар томонидан катта ишонч билдирилганини кўрсатади, албатта. Лекин бугун одамлар партиямизга депутатларнинг сонига эмас, уларнинг ишига қараб, баҳо беришини унутмаслик лозим. Шу боис қўлимиздаги имкониятдан самарали фойдаланиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир. 

Таъкидлаш керакки, янги сайланган депутатларимиз томонидан жойларда муаммолар ўрганиляпти, депутатлик сўровлари жўнатиш тизими ҳам такомиллашмоқда. Сессиялар кун тартибига кўпчиликнинг манфаатлари акс этган масалалар киритила бошланган.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойида халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия гуруҳи ва аъзолари томонидан жами 142 та депутатлик сўрови ижро органлари мансабдор шахсларига юборилган бўлиб, шундан 128 таси ижобий ҳал этилган. Бироқ депутатларнинг 3 фоизи ҳали бирорта ҳам депутатлик сўрови чиқармаганини ҳеч қанақасига изоҳлаб бўлмайди.

Депутатларда фаоллик етишмаяпти, деб кўп айтамиз.  Аксарият ҳолларда депутатлик сўровларига асослантирилган тушунтиришлар, аниқ жавоблар берилмаётганини ҳам рад этолмаймиз. Масалан, “...сўраган масалангиз кейинги йилда ўрганилади.., ёки ... фалон йўлни таъмирлаш хусусидаги сўровингизга кўра,  мазкур масала  кейинги йилда давлат дастурига киритилади каби умумий жавоблардан депутат қониқмаслиги керак.

Ҳар бир мурожаат ортида ўнлаб инсонлар тақдири ётади,  дейди  халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Раҳимберган Юсупов. —  Биз депутатлар буни унутмаслигимиз лозим.

Бугунги кунда Хоразм вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида партиямиздан номзоди кўрсатилган 112 нафар депутат фаолият юритмоқда. Улар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида турли масалаларда 334 депутатлик сўровлари юборилган, 215 таси ижобий ҳал этилган.

Рости, депутатлик сўрови юборишда айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, сўров юборишда аҳолини қийнаётган масалани чуқур ўрганмаслик ҳолатлари кузатиляпти. Депутатлик сўрови предмети, юбориш субъекти, қўйиладиган масалага муносабат барча депутатларда ҳам талаб даражасида эмас. Бунинг олдини олиш учун ҳар бир сўровни депутатлик гуруҳлари йиғилишларида муҳокама этишимиз, мақбул ечимларни биргаликда излашимиз яхши самара беради, деб ўйлайман. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар кўпроқ ташаббус кўрсатиши, электоратга яқин бўлиши, замон билан ҳамқадам юриши зарур. Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзоларига муаммолар юзасидан асосли таклифлар беришимиз керак.

Бугун мамлакатимизда ҳар бир соҳада сиёсий партияларнинг  иштироки сезиларли даражада кучайиб бораётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Депутатликлар жамиятдаги энг кичик муаммолардан тортиб, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларгача эътибор қаратишга ҳаракат қилишяпти.

сўровлари ҳам вақтида эгасига йўлланса, мутасаддиларнинг бепарволигига барҳам берилади, электорат манфаати самарали ҳимоя қилиниши таъминланади.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: