08.07.2020

Шарофиддин Назаров: «МАҚСАДНИ ЯНГИЛАШ, ВАҚТНИ ЭСА ҚАДРЛАШ КЕРАК»

Инсон ёши улғайгани сайин тафаккури, дунёқараши, муҳими, ҳаётий тажрибаси ҳам ортиб боради. Йиллар давомида кўрган-кечирганлари мактаб вазифасини ўтайди. Ёши улуғлар атрофга теранроқ назар ташлайди, ҳар масала устидан мушоҳада, мулоҳаза юритиб, хулоса чиқаради. Партия тизимида ҳам ҳаёт тажрибасига эга депутатлар кўп бўлса, одамларни ташвишга солиб келаётган муаммолар шунча самарали ҳал этилади. Чунки кўпни кўрган кўп нарсани билади. ХДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Шарофиддин НАЗАРОВ билан кечган суҳбатда бунга яна бир карра амин бўлдик. Саҳифамиз меҳмони эса камтарлик билан Ҳозирги ёшлардаги дид, дунёқараш, замонавий билимларга чанқоқлик каби хусусиятлардан хурсанд бўламан ва шу масалада улардан ўрганаман, деди.

Биринчи марта 1994 йилда сайловда номзодим қўйилганди. Ўша пайтда анча ёш эдик. Парламент ҳам ҳозирги парламент бўлмаган. У вақтда парламент бир палатали, депутатлар эса ўзларининг бошқа асосий иш жойига эга бўлган. Парламент аъзолари асосан сайловчилар билаш ишларди. Қонунчиликдаги роли, очиғини  айтганда, номига бўларди.

Бугун ҳаёт ўзгарган, қонунларга талаб ўзгарган, одамларнинг онги кечагидан мутлақо фарқ қилади. Кундалик турмушимизда, ишимизда, ҳаттоки, ким биландир мулоқот жараёнида қонунларга бўлган эҳтиёж ортганини сезиб боряпмиз. Тан олиб айтиш керакки, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини ўрганишга вақт етмай қоляпти. Уни шунчаки ўқиб чиқиш билан эса иш битмайди. Чунки уларда инсон манфаати ётибди. Меъёрий ҳужжат қабул қилиндими, демак, кундалик ҳаётимизда ана шунга эҳтиёж бор. Асосий масала уни ҳаётга татбиқ этиш, муаммоларга ечим топишдан иборат. Ислоҳотлар қонун ижодкорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган талайгина вазифалар тўпланиб қолди. Бу ҳолат депутатдан нафақат чуқур билим, балки катта ғайратни, фидойиликни талаб этади. 

Сиз иқтисодчисиз. Депутат сифатида партиямизнинг сайлов­олди дастурида белгиланган ижтимоий масалаларга эътибор қаратишингиз керак бўлади. Бу икки жиҳат ишингизга қандай таъсир қилади?

Бугун иқтисодни ижтимоий соҳадан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун  айни пайтда парламентдаги учта фракция, яъни ЛиДеП, Адолат ва ХДП муштарак мақсадлар атрофида бирлашяпти. Халқ демократик партияси аҳолининг энг кўп қатлами манфаатларини қамраб олувчи ташаббус ва ғоялар билан чиқади. Ижтимоий ҳимояни  фақат кам таъминланганлар муаммоси билан боғлиқ масала, деб тушуниш нотўғри. Ижтимоий соҳа ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Лекин камбағалликни қисқартириш, бандликни ҳал этиш учун тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга янгилик бўлмай қолди. Кимгадир моддий ёрдам ажратиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Ижтимоий ҳимоянинг механизмлари, усуллари кенг. Ёндашувда янгилик қилиш лозим. Яъни, кам таъминланганларга имконият бериш керак. Ҳаётини яхшилаб олиши, яхши даромадга эга бўлиши учун қулай муҳит яратиш талаб этилади. Бунда адолат тамойилларига тўлиқ амал қилиш зарур. Демакки, жамиятда тенгликни таъминлашда мақсадларимиз бир. Шу жиҳатдан касбий фаолиятим ҳамда депутатлик айнан бир нуқтада бирлашмоқда.

Яна бир гап. Авваллари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига бир ёқлама ёндашилган. Хом ашё базаси етарли, демак, ўша ҳудуд яхши, деб баҳоланаверган. Ишлаб чиқариш жойлаштирилганда ҳам инфратузилма қулайлиги биринчи ўринда турган. Натижада олис қишлоқлар эътибордан четда қолиб кетган. Ҳозирда эса бунинг мутлақо акси. Ҳар бир ҳудуднинг меҳнат салоҳияти, аҳолининг талаби, жойлашуви, иқлимидан келиб чиқиб, инвестицион лойиҳалар устида ишланмоқда. Бу эса иқтисод соҳасида ҳам янгича ёндашувни талаб қилмоқда. Энди фақат лойиҳа билан иш битмайди. Шу ўринда иқтисодий жараёнларни ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини шакллантириш масалалари ҳам долзарб бўлиб бораяпти.

Ижтимоий муаммоларни иқтисодни барқарор қилмасдан ечиш қийин. Лекин ижтимоий ривожланишсиз иқтисодиётни рақобатбардош қилиб бўлмайди. Биргина мисол, инновацион ривожланишга малакали, билимли ва соғлом кадр тайёрламасдан эришиб бўлмайди. Шу ўринда таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш тизимининг чамбарчас боғлиқлигини яққол кўришимиз мумкин. Юқори сифатга эришиш учун ҳар бир соҳа бир-бирига боғлиқ экан, бир мушт бўлиб ҳаракат қилиш, фаол бўлиш кутилган самарани беради.

Фаоллик деганда нимани тушунасиз? Фаол депутат бўлишнинг қандай шартлари бор?

Фаол бўлиш учун мақсад тўғри қўйилиши керак. Мақсадсиз инсон фаол бўла олмайди. Инсон ҳамиша янги-янги мақсадларни олдига қўйиб яшаши керак. Ана шунда ўз-ўзидан фаоллик юзага келади.

Депутат биргина йўналишда эмас, кўп жиҳатдан фаол бўлиши лозим. Қонунчиликка таклифлар, фикрлар бериш бир йўналиш бўлса, одамларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга кўмаклашиш яна бир масаладир. Қонунларнинг ижроси устидан назорат қилиш, депутатлик сўрови ва яна ўз ваколатлари доирасида вазифаларни амалга ошириш талаб этилади. Халққа яқин бўлишнинг йўналишлари кўп. Одамларнинг муаммосини ўргандим, сайловчилар билан учрашдим, ишим шу, деб ўйлаганлар адашади. Аҳоли манфаатларини қонунан ҳимоялаш бош мақсадимиз бўлиши керак.

Сиз айтган йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун қонунчиликка қанақанги ўзгартиришлар киритиш керак, деб ўйлайсиз?

Қўмитамизда айни пайтда стратегик режалаштириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Бу бизнинг амалиётимизда янгилик ҳисобланади. Агар ушбу қонун қабул қилинса, концепциялар, стра­тегиялар, дастурларни ишлаб чиқишда жуда кўп масалаларга йўл очиб беради. Соҳани тизимга солишда қонуний асос яратилади.

Ушбу қонун нафақат мамлакат даражасидаги мақсад ва вазифаларни ечишда, шунингдек, алоҳида тармоқлар ва соҳаларни, ҳудудларни ривожлантиришда ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказади.  Бундан ташқари, муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатида бир қанча муҳим йўналишлар ва долзарб вазифаларга эътибор қаратилиб, уларнинг қонуний асосларини такомиллаштириш борасида парламент палаталари олдига аниқ вазифалар қўйилган эди. Мурожаатдан келиб чиқиб, Қўмитамиз томонидан айни пайтда бир қанча қонун лойиҳалари устида иш олиб борилаяпти. Хусусан, аудиторлик фаолияти, қимматли қоғозлар бозори, нобанк ташкилотлари ҳамда микромолиялаштириш тизимини ривожлантиришга оид қонун ижодкорлиги ишлари олиб борилаяпти.

Булардан ташқари, йил охиригача яна бир қанча қонун лойиҳалари устида иш олиб борамиз. Булар жумласига Давлат молиявий назорати тўғрисида, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида, Расмий статистика тўғрисида, Табиий монополиялар тўғрисидаги ва бошқа бир қанча қонунлар киради.

Конституцияда парламентнинг ҳақ-ҳуқуқлари, ваколатлари қатъий белгилаб қўйилган. Депутатлар амалда бундан қай даражада фойдалана оляпти?

Тўғри, ваколатлар қонунда белгиланган. Фойдаланиш масаласи эса ҳар бир шахснинг, ҳар бир сайланган депутатнинг ўзига боғлиқ. Муҳими, ваколатларимиз, вазифаларимиз нималардан иборат эканини халққа тушунтириш зарур. Сайлов­олди дастурларимизда кўтарилган ғоялар қолиб кетиб, майда-чуйда ишлар билан ўралашиб қолмаслик керак. Айтмоқчиманки, депутатлик фаолияти бир ёқлама бўлиб қолмаслиги лозим. Бунинг учун ҳар бир депутат ўз вазифасини ва депутатлик масъулиятини тўғри англаб олиши шарт,  деб ўйлайман.

Тўғри, депутат халқнинг ташвиши билан яшаши керак. Лекин бу фақат уй-жой, сув, газ, электр таъминоти, ишга жойлаштириш каби масалалар билан чекланиб қолиш дегани эмас. Қонун лойиҳаларини тайёрлашда депутат фаоллигини сайловчилар томонидан назорат қилиб, баҳолаб бориш ҳам жуда муҳим. Депутат ўз сайловчилари билан учрашганда, уларни мавжуд муаммолар ечими бўйича қандай чоралар кўрилаётгани, қонунчиликда қанақа ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида ҳам хабардор қилиб бориши лозим. Шундагина электоратимизда депутат фаолиятини баҳолашда сақланиб келаётган айрим стереотипларга барҳам бериш мумкин. Яъни, депутатми, келиб йўлимизни қилиб берсин, чироқни ўтқазсин, сув олиб келсин, деган талаблар ноўрин демоқчи эмасман. Лекин, маҳаллий Кенгашлардаги ва Қонунчилик палатасидаги депутатлар фаолиятидаги фарқни ҳам билишимиз керак. Жойлардаги муаммоларни маҳаллий Кенгаш депутатлари сессиялар кун тартибига қўйиб ҳал эттириши ёки депутатлик сўрови имкониятидан фойдаланиши мумкин.

Бироқ жойларга борганимизда сайловчиларнинг ҳар бир мурожаатига эътибор берамиз. Қонунчилик палатаси депутати қонунчилик ташаббуси билан кўпчиликка дахлдор масалаларга ечим топиши мумкин.

Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Яқинда ўзимнинг сайлов округимдаги бир қишлоққа сайловчиларимнинг мурожаати бўйича бориб келдим. Тоғли ҳудуддаги 4-5 та оила бир қирнинг тепасига уй қуриб, кўчиб чиққан экан. Улар қирга километрча йўл тортиб боришни талаб қилишди. Уйларнинг қонуний ҳужжатлари, кадастрини сўрасак, йўқлигини, ҳужжатларни ҳам биз қилиб беришимиз кераклигини айтишаяпти. Депутат мана шундай ҳолатда қандай иш тутиши керак? Албатта, бугун ҳар бир масалада қонун устуворлиги таъминланиши лозим. Депутат ҳар қанча оғир бўлмасин, буни  ўз сайловчиларига тушунтириши керак бўлади.

Сайловчилар томонидан бизнинг манфаатимиз билан боғлиқ қандай қонунга овоз бердинг, қайси қонунга қарши чиқдинг, муаммоларимиз ечими бўйича қонунларга қанақа таклифлар айтдинг, деган саволларни қўядиган вақт келди. Партиядан кўрсатилган номзодга унинг дастурини маъқуллаб овоз берилдими, депутатдан унинг ижроси бўйича ҳисобот беришни талаб  қилиш кераклигини чуқурроқ сингдириш борасида тизимли иш олиб боришимиз керак, деб ҳисоблайман. Ана шу асосда депутатнинг ишига баҳо берилса, тўғри бўлади. Бу борада қиладиган ишларимиз ҳали кўп, жараён энди бошланаяпти, десак хато бўлмайди.

Бизга берилган маълумотларга кўра, сиз бир қанча ташкилотларда, турли лавозимларда ишлаб келгансиз. Улар орасидан қайси бири қалбингизга энг яқини бўлган?

Илмий йўналиш, янгиликлар қилиш, изланишлар олиб бориш табиийки, қалбимга энг яқин соҳа ҳисобланади. Чунки илмда изланиш, хулоса ва натижа бўлади. Лекин насиб қилган экан, маҳаллий ҳокимиятда ҳам, президент девонида ҳам, илмий даргоҳларда ҳам ишладим. Уларнинг ҳар бири ўзига хос бир олам эди. Ҳар гал янги йўналишда иш бошлаганимда шу ишни мендан кўра яхшироқ уддалайдиган мутахассисга берса, маъқул бўлмасмиди, мен уддалай олар эканманми, деган фикр пайдо бўларди. Вақт ўтиб, инсон соҳага чуқурроқ кириб боргани сари, ишга бўлган иштиёқ ҳам ортар экан. Шу жиҳатдан олиб қараганда, кўнглимга яқин бўлмаган, мажбурдан бориб келиб, бажарган йўналиш йўқ. Лекин илмий изланишларда давом этаман. Чунки қонунчиликда янги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда илм ҳам ёрдам беради.

Сиз кутган, лекин биз сизга бермаган савол ва унга жавобингиз?

Бугунги ёшларга қандай таклиф ва тилакларингиз бор, деган саволни берганингизда, унга шундай жавоб қилган бўлардим:  Мақсадсиз яшаб бўлмайди. Доим мақсадни янгилаб туриш, вақтни қадрлаш зарур. Олдингизга қўйган режангизга эришишга нимадир етишмаётган бўлса, бу вақт камлиги эмас, аксинча кўплиги бўлиши мумкин. Ривожланиш зичликни талаб қилади. Шунинг учун маълум вақт ичида қилиниши керак бўлган вазифаларни, бошқача қилиб айтганда, ўзингизга юкламани кўпайтирсангиз, ишингиздаги самарадорлик ошади. Бу тажрибадан маълум. Ишончингиз комил бўлсин. Ҳеч иккиланмай ҳаётда синаб кўринг. Албатта, натижа ижобий бўлади.

 

Ўзбекистон овози мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: