Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
03.06.2020

МАДАНИЯТ НИМА?

“Қай даражада маданиятлиман”, деган саволни ўзингизга бериб кўрганмисиз? “Ҳа”, деб жавоб берсангиз, айтинг-чи, Навоийнинг қайси достонини ўқигансиз, мақомдан қанчалик хабардорсиз, ўзбек романчилиги дурдоналарини неча фоизини ўқидингиз, фарзандингизга китоб ўқиб берасизми? Миллий маданиятимиз ўзимизда қай даражада сақланган?

Инсоният учинчи минг йилликда яшамоқда. Ўтган асрлар давомида инсоннинг ҳаёт тарзи ва у орқали унинг тафаккури ўзгарди, илм-фан, юксак технологиялар ривожи орқали алоқа-мулоқот ва коммуникациянинг янги тизими шаклланди, ахборот олиш ва узатиш доираси кенгайиб, ахборот алмашиш тезлиги ниҳоятда жадаллашди. Бир сўз билан айтганда, бутун дунёда ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви, яъни глобаллашув жараёнлари кечмокда.

Бугунги ўта мураккаб ва тез ўзгарувчан замонда ҳар бир жамиятда асрлар давомида шаклланган маданият ҳам турли кўринишларга кириб инсоннинг онги шуурига кучли таъсир этувчи воситага айланди. Биз яшаётган мураккаб ахборотлар асрида ўз келажагини фаҳмлайдиган ҳар бир инсон, ҳар қайси миллат, аввало кенг маънода маданиятга унинг орқали маънавиятга эътибор қаратиши шарт.

«Маданият» арабча “мадина” (шаҳар) сўзидан келиб чиққан. Араблар кишилар ҳаёт тарзини икки турга: бирини бадавий ёки саҳройи турмуш, иккинчисини маданий турмуш деб атаганлар. Бадавийлик – кўчманчи ҳолда дашту саҳроларда яшовчи халқларга, маданийлик – шаҳарда ўтроқ ҳолда яшаб, ўзига хос турмуш тарзига эга бўлган халқларга нисбатан ишлатилган.

Ўрта аср маданиятининг буюк намояндалари Ибн Сино, Беруний ва бошқалар шаҳар турмуш тарзини жамоанинг етуклик шакли сифатида баҳолаганлар. Macалан, Фаробийнинг фикрича, ҳар бир инсон ўз табиатига кўра, «олий даражадаги етукликка эришиш учун интилади», бундай етукликка фақат шаҳар жамоаси орқалигина эришилади. Унинг таъкидлашича, «маданий жамият ва маданий шаҳар (ёки мамлакат) шундай бўладики, бу мамлакатда ҳар бир одам касб-ҳунарда озод, ҳамма баравардир, кишилар ўртасида фарқ бўлмайди, ҳар ким ўзи истаган ёки танлаган касб-ҳунар билан шуғулланади. Одамлар чин маънода озод яшайдилар».

Маданият жамият, инсон ижодий куч ва қобилиятлари самараси орқали тарихий тараққиётнинг муайян даражасидир. Кишилар ҳаёти ва фаолиятининг турли кўринишларида, шунингдек, улар яратадиган моддий ва маънавий бойликларда ифодаланади. «Маданият» тушунчаси муайян кенг маънода инсон ҳаёти билан ­боғлиқ барча жабҳалардаги ривожланиш ва етукликни билдирса, тор маънода «маданият» атамаси кишиларнинг фақат маънавий ҳаёти соҳасига нисбатан ишлатилади.

Алишер Навоий етук ахлоқ, маърифатли ва адолатли жамият, жамоа масаласини қайд этиш билан бирга, маънавий юксакликка эришишнинг асосий мезони деб инсонпарварлик ғояларига мувофиқликни тушунди.

Ҳар бир жамият ўз маданият типига эга. Жамиятларнинг алмашиниши билан маданият типи ҳам ўзгаради, бироқ бу ҳол маданиятнинг тараққиёти узилиб қолганини, аввалги маданият йўқ бўлиб маданий мерос, ўтмиш қадриятлардан воз кечилганини англатмайди. Зотан, ҳар бир янги жамият ўзидан илгариги жамиятнинг маданий ютуқларини зарурий равишда мерос қилиб олсагина бу халқ маданият соҳасида ривожланишга эришади.

Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш тўғрисидаги фармонига берилаётган аксар шарҳларда маданият ва санъат соҳаси вакилларига бериладиган эътибор ва рағбатлар ҳақида сўз бормоқда. Лекин нима учун айнан бугун бундай фармонга зарурат туғилганлигининг моҳияти очиб берилмаяпти.

Менимча, бу фармон фақат санъат ва маданият ходимларини қўллаб-қувватлаш учун эмас, билакс бугунги таҳликали даврда халқимизни ҳақиқий маданият билан ошно қилиш орқали унинг руҳий қувватини кўтариш, ёшларимизда жамиятимизнинг маданий мероси билан фахрланиш ҳиссини кучайтиришга бағишланган.

Чунки ҳар қандай санъат асари, у қандай йўналишда бўлмасин, ўзида маълум бир ғоявий юкни ташийди ва бу орқали инсонлар онгига кучли таъсир кўрсатади. Жамиятимизда, айниқса, ёшлар ўртасида кузатилаётган маънавий инқироз ҳолатлари бизнинг маданият орқали болаларимизга ўзимизнинг инсонпарвар ғояларимизни сингдира олмаганимиз, уларни ­“оммавий маданият” таъсиридан ҳимоя қила олмаганимиз сабаблидир.

Дунёда кечаётган иқтисодий инқирозга қарамай Президент томонидан сиёсий ҳужжат даражасидаги фармон ва қарор қабул қилиниши аввало ўзбек давлатчилигини ривожлантириш, ёшларимизни миллий маданиятимиз ва маънавиятимиз руҳида тарбиялаш учун қўйилган муҳим қадам, деб ўйлайман.

Халқимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида жамият сифатида сақланиб қолиш йўлида катта хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш қайтарилмаслиги, тарихий тажрибамиз барчамизга сабоқ бўлиши учун бугунги воқеликни теран таҳлил қила олишимиз шарт. Ўз тарихини билмайдиган, миллий маданиятидан бехабар, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ.

Шунинг учун ҳам бу ҳужжатлар фақат маданият ва санъат ходимлари учун эмас, ҳар бир ватандошимиз учун муҳим ва қадрлидир.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: