Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.05.2020

ЯНГИ ТАҚРИРДАГИ «ТАЪЛИМ ТЎЎРИСИДА»ГИ ҚОНУН

фарзандларимиз, халқимиз келажагини белгилайди

Кеча 19 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди. Депутатлар 5-6 май кунлари бўлиб ўтган палата мажлисида қонун лойиҳасини моддама-модда, бобма-боб муҳокама қилган эдилар. Муҳокама давомида бир неча моддалар юзасидан бир фикрга келинмаганлиги сабабли, улар устида ишларни давом эттириш ҳамда келгуси мажлисда ана шу моддалар атрофида тўхталиб ўтишга келишилган эди.

Шундан сўнг масъул қўмита барча фракциялар, депутатлардан тушган таклиф ва мулоҳазаларни жамлаб, мутахассис ва экспертлар иштирокида қонун лойиҳаси устидаги ишларни давом эттирди.

Таълим олиш ҳуқуқи инсоннинг энг устувор ҳуқуқларидан биридир. Кишининг келажакда қандай инсон бўлиши, шахс сифатида камол топиши, касб танлаши, орзу-ҳаваслари рўёби айнан қандай таълим олишига боғлиқ.

Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Таълим соҳасида бўлаётган ислоҳотлар самарадорлигини тизимда бўлаётган ўзгаришлардан ҳам билишимиз мумкин. Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди, айниқса, таълим соҳаси шиддат билан ривожланяпти. Шунга ҳамоҳанг тарзда тизимдаги ислоҳотлар ҳам янада чуқурлашиб боравериши зарур. Бу эса ўз навбатида соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини тақозо этади.

 Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди. Табиийки, қонун нормалари бугунги тезкор ислоҳотларга мос келмай қолган, таълим тизими янги, айтиш мумкинки, замонавий қонунга муҳтож бўлиб келаётган эди. Шунинг учун соҳадаги барча ютуқ ва камчиликлар, жаҳондаги тажриба ва тенденцияларни инобатга олган ҳолда, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди. Палата мажлисида қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди. Бу бевосита мамлакат, фарзандларимиз келажаги ва тақдирига дахлдор масала бўлгани учун ҳам депутатлар муҳокамаларга жиддий ёндашди, кескин баҳс-мунозаралар бўлди.

Қонун лойиҳасидан бир қатор ҳавола меъёрлар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган меъёрлар киритилди. Ниҳоят, парламент қуйи палатаси “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилди.

Янги таҳрирдаги қонунда таълим олиш ҳуқуқига оид бир қатор нормалар мавжуд. Масалан, таълим олиш ҳуқуқида инновацион фаолият билан боғлиқ масалалар ҳам кўзда тутилди. Эндиликда таълим ташкилотларида инновацион фаолиятни ва таълим дастурларини инновацион технологияларни қўллаган ҳолда амалга ошириш шакллари қўллаб-қувватланади. Қонунда фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи билан боғлиқ яна бир қатор меъёрлар мавжуд.

Шунингдек, қонунда таълим турлари ҳам белгиланди. 7-моддага асосан мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда мактабдан ташқари таълим турлари белгиланди.

Ўқитувчи мақоми ошса, таълимда ҳам юксалиш бўлади. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Қонунда педагог ходимларнинг ҳуқуқий мақоми ва улар фаолиятининг кафолатлари белгиланган. Педагог ходимларга ўз касбий фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилади, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилади, шунингдек, уларнинг ижтимоий мақомини ҳамда обрўсини оширишга доир ҳуқуқ ва эркинликлар берилади. Педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.

Яна бир муҳим масала. Қонун лойиҳасига инклюзив таълим тушунчаси ҳам киритилди. Ҳар бир боланинг ижтимоий келиб чиқиш ҳолатидан қатъи назар, таълим олишда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ҳар қандай ажратиш ва камситишларнинг олдини олишда бу муҳим аҳамиятга эга. Бу масалалар партиямиз Сайловолди дастурида алоҳида қайд этилгани, қонунда белгиланган меъёрлар муҳим ўзгаришларга асос бўлишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: