11.02.2020

УЛУҒБЕК ИНОЯТОВ ҲУДУДЛАРДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

2020 йил ёшларга муносабат бутунлай ўзгаряпти. Президентимиз парламентга йўллаган Мурожаатномасида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга имконият ва шароит яратиш масалаларида муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ташаббуси билан Гулистон давлат университети мажлислар залида “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда партия фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳудудий партия кенгашлари раислари, фаол ёшлар иштирок этди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари, Спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов ёшларнинг ўз қобилиятини намоён этиши учун яратилаётган шароитлар, Мурожаатномада илгари сурилган янги ташаббус ва ғоялар ҳақида атрофлича тушунча берди.

Таъкидланганидек, ёшлар қанчалик билимли, тарбияли, дунёқараши кенг, фаол фуқаролик позициясига эга ватанпарвар бўлиб камолга етса, янги Ўзбекистонни қуришга шу қадар камарбаста бўлади.

Сўзга чиққанлар ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индексини жорий этиш, “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепциясини тайёрлаш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.

Айниқса, 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилиши ҳам янги ғоялар, замонавий илғор технологиялар ҳақида ўйлайдиган ёшларга катта рағбат бўлгани қайд этилди.

Халқ демократик партияси ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Гулистон шаҳрида ўтказилган учрашувда ҳам ёшларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилди, улардан фикр ва таклифлар олинди.

Мулоқотда юртимизда ёш умидли кадрларни саралайдиган, уларга мос вазифаларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмаслиги айтиб ўтилди.

Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тай­ёрлаш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини замон талаблари асосида ташкил этиш муҳим масала экани таъкидланди. Бу борадаги муаммоли вазиятларни ҳал этиш юзасидан фикрлар билдирилди.

Ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларнинг жамоат уюшмалари ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар давлат-жамоат ижтимоий хизмати”ни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди. Меҳнат ва ўқув жамоаларида ёшларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, вояга етмаган ҳуқуқбузарларга махсус тарбия муассасаларида ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласида ҳам таклиф ва мулоҳазалар айтилди.

Депутатлар ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ташаббуслар аҳамиятига оид саволларига жавоб берди.

Мазкур учрашувда айрим ёшлардан қуйидаги таклифлар олинди:

Мурод ҲАКИМОВ, талаба:

– Мен тўртинчи босқич талабасиман. Университетда тўрт йил таълим оламиз. Фанларни ўзлаштиришда баъзи бир қийинчиликлар ҳам бор.  Кераксиз фанлар жуда ҳам кўп. Масалан, мен аниқ фанлар йўналишида таҳсил оламан. Лекин йўналишимга оид бўлмаган дарслар ҳам ўтилади. Соҳамизга оид фанларни ўзлаштириш учун вақт етишмаяпти. Таклифим, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини ҳам таълимда қўллаш пайти келди. Жанубий Корея, Япония, Сингапур давлатларининг таълим тизимида ихтисослашув мавжуд. Масалан, талаба физика йўналишида таҳсил олаётгган бўлса, башқа фанлар билан чалғимайди. Шу боисдан улар ўз соҳасининг кучли мутахассиси бўлади...

Эрбой МАМАРАСУЛОВ, талаба:

– Мен ишлаб чиқариш технологияси факультетиннинг талабасиман. Бизга тўрт йил мобайнида фақат соҳамизга  тегишли бўлган ва бўлмаган фанлар ўқитилади. Назария билан амалиёт уйғунлигида дарс ўтилса, фойдадан холи бўлмас эди, деб ўйлайман. Тадбиркорлик субъектларида фаолият олиб бораётган мутахассислар иштирокида тренинглар, очиқ мулоқотлар мунтазам ўтказиб турилса, фанларни, соҳамизни ўзлаштиришимиз икки карра самарали бўлади.

Ситора ҲАКИМОВА, талаба:

– Қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосили ва сифатини ошириш — ерларнинг мелиоратив ҳолатига бевосита боғлиқ. Вилоятимизнинг Ширин, Хавос, Оқолтин ва бошқа туманларида ерларнинг мелиоратив ҳолати яхши эмас,  шўрланиш юқори даражада. Шу боис, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги жуда ҳам паст. Таклифим, ҳар бир маҳаллада қишлоқ хўжалиги курсларини ташкил этиш керак. Ушбу курсларга мутахассисларни жалб қилиб, ушбу ҳудудларда амалий машғулотлар олиб бориш керек. Шундагина талабалар ўз соҳаларининг малакали мутахассиси бўлади.

Матлуба УСМОНОВА, ўқитувчи:

– Мактабларда таълим сифатини ошириш керак. Бугунги кунда ўқувчиларга берилаётган таълим сифати жуда ҳам пастлигининг асосий сабабларидан бири, менимча, турғунликдир. Оғзаки айтилаётган гап кўплигига қарамай, амалда ўсиш йўқ. Масалан, ўқитиш жараёнини такомиллаштириш бўйича кўп таклифлар айтилмоқда, лекин кўпчилик ўқитувчилар ўша эски қолипда ишлашни давом эттирмоқда. Тўғри, ҳамма ҳам бир хил эмас. Баъзи ёш ўқитувчиларнинг ҳаракатларини кўриб, ҳавасингиз келади. Аммо бунақалар кам. Яна бир сабаб – синфларда болалар сонининг ҳаддан зиёд кўплиги. Мен синфдаги ўқувчилар сонини 20 тадан оширмасликни таклиф қиламан. Шундагина ҳар бир ўқувчига етарли даражада эътибор бериш ва улар билан ишлаш анча самарали бўлади. Бундан ташқари, мактаблардаги “қоғозбозлик” камаймаяпти. Ўқитувчи бунинг учун кўп вақт сарфлашга мажбур. У ўқувчиларидан ҳужжатларга вақтини кўпроқ ажратмоқда.

Худди шундай тадбир Чирчиқ давлат педагогика институтида ҳам ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, вилоят партия кенгаши масъул ходимлари, депутатлар, партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари раислари, фаол ёшлар иштирок этди.

Унда дастлаб мамлакат келажаги бўлган ёшларнинг ўз имкониятлари, истеъдод ва қобилиятларини намоён этиши учун яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида фикр алмашилди. Таъкидланганидек, бугунги ёшлар қанчалик билимли, тарбияли, дунёқараши кенг, фаол фуқаролик позициясига эга ватанпарвар бўлиб камолга етса, янги Ўзбекистонни қуришга шу қадар камарбаста бўлади.

Очиқ мулоқот сўнггида,партия масъуллари билдирилган барча фикр-мулоҳазалар,тавсияларни жамлаб, Ўзбекистон ёшлар — 25 концепциясига таклиф сифатида тавсия қилинадиган бўлди.

Тадбир сўнггида фаол иштирок этган ёшларга Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгашининг фахрий ёрлиқлари, совғалар ва бадиий китоблар тақдим этилди. Шунингдек, 6 нафар Чирчиқ давлат педагогика институти талабалари Халқ демократик партияси аъзолигига қабул қилинди.

 

Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: