04.02.2020

ОДАМЛАРНИ ҚИЙНАШ ЭМАС, УЛАРГА ШАРОИТ ЯРАТИШ КЕРАК

— Президент Мурожаатномасида кўтарилган масалалар бугун ҳаётимиздаги нечоғлиқ аҳамиятга эгалигини халқимизнинг кайфиятидан билиш мумкин. Маҳалла-кўй, жамоат транспортларидаги ўзаро суҳбатларда Мурожаатномада билдирилган таклифларни амалга ошириш халқимиз учун нақадар зарур экани таъкидланмоқда.

Албатта, Мурожаатномада бугунги кунда аҳолимизни ўйлантираётган энг муҳим масалалар, уларни зудлик билан ҳал этиш учун аниқ ва равшан вазифалар кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун бутун жамият ишни биргаликда, ҳамжиҳатликда ташкил этиши лозим.

Мурожаатномада кўплаб ғоя ва ташаббуслар илгари сурилди. Улар қачон ва қандай сифатда амалга ошади? Ҳаммамиз учун энди шу савол бирламчи бўлиши зарур, деб ўйлайман.

Демак, партиямиз ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар Мурожаатномадаги ғояларни рўёбга чиқариш бўйича аввало ҳаётга фойдаси тегадиган, муаммоларни ечишга ёрдам қиладиган таклифлар бериши ва улрнинг ижроси учун курашувчан бўлиши лозим. Чунки, Мурожаатномадаги масалаларнинг аксарияти партиямиз ғояларига жуда уйғун. Жамоатчилик партияга депутатларининг журъати ва шижоатига қараб баҳо беришини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Жимжимадор сўзларни гапиришдан кўра, одамларни ўйлантираётган бир-иккита масалага эътибор қаратишни лозим, деб топдим.

Мурожаатномада фаолиятни лицензиялашни соддалаштириш ва мақбуллаштириш масаласи кўтарилди. Биламизки, бугунги кунда айрим фаолиятларни лицензиялашда ­қатор ноқулайликлар ва мураккабликлар бор. Мисол учун, ўзининг шахсий автоуловида киракашлик қилаётган ҳайдовчилар фаолиятини лицензиялаш бўйича бир қатор белгиланган тартиб-қоидалар бор. Тартиб шунчалар мураккаблаштириб ташланганки, ҳайдовчлар қонуний йўлини бажаришдан кўра, ноқонуний, яъни яширинча лицензиясиз ишлашни маъқул кўришмоқда. Ваҳоланки, уларнинг фаолиятига рухсат берувчи битта қадамдан иборат, арзон ва қулай рухсатномани олиш таклиф қилинадиган бўлса, ҳайдовчилар бунга рози бўлади, деб ўйлайман. Бизда эса, аксинча, қайсидир ташкилотларни молиялаштиришни лицензия суммасига боғлаб қўйганмиз. Давлат хизматлари маркази ҳам бу каби рухсатномаларни бериши мумкин-ку..

Яна бир оддий мисол, халқ хизматида юрган ҳофизларнинг фаолиятини лицензиялашни ҳам соддалаштириш лозим. Улар арзимаган пул учун халқимизга хизмат кўрсатади. Улар ҳозир қиш ойларида эса ойда бир маротаба бўладиган тўй ёки бошқа хизмат учун ҳам 6 ойлик рухсатномани кичкина бўлмаган маблағга сотиб олишга мажбур бўляпти. Бундан ташқари, Сенат қарорига кўра белгиланган янги тартиб бўйича эндиликда тўйларда хизмат кўрсатувчи ҳофизлар, фото-видео ва бошқа хизматлар ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтиши ҳамда яна ўзининг тармоғидан рухсатнома олиши лозим. Бундай мураккаб тартиблар аксинча вазиятни янада чигаллаштиради-ку!?

Партиямиздан сайланган депутатлар билан бирга мана шунга ўхшаш масалаларда аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, мутасадди ташкилотларга очиқ тарзда тақдим этишимиз зарур. Шунда уларнинг масъулияти, жамоатчиликда эса фаоллик ошади.

Мурожаатномада хорижда меҳнат қилаётган мигрантларга шароит яратиб бериш зарурлиги билдирилди. Бунинг учун  Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини жонлантириш лозим. Улар мунтазам равишда ишчи кучига эҳтиёжи юқори ҳориж давлатлари билан музокаралар олиб бориши, уларнинг миграцион шартларини янада енгиллаштиришга эришиши ва фуқаролар чет элга кетишларидан олдин малакаларини оширишлари лозим эди. Аммо бу соҳадан кўплаб фуқароларимиз жабр кўрганига гувоҳ бўлдик. Олий Мажлис палаталари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигини мунтазам равишда эшитиб бориши, бу жараёнда партиямиз ташаббускор бўлиши зарур.

Мурожжатномада таълимдаги ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтар экан, Президентимиз олий таълимдаги давлат гранти ўринлари икки баробарга оширилиши, имтиҳонлар соддалаштирилиши, мутахассисликка тегишли бўлмаган фанлар қисқартирилишини билдирди. Давлат гранти ўринлари кўпайиши биринчи навбатда мутахассислар етишмаётган қишлоқлардаги иқтидорли болаларнинг фойдасига бўлиши лозим, деб ўйлайман.

Ҳаммамизга маълум, бугунги кунда қишлоқ жойларида кадрлар етишмаслиги муаммоси кенгайиб кетмоқда. Буни бартараф қилиш учун интилувчан битирувчиларни ўзи туғилиб ўсган қишлоғида ишлаш шарти билан грант ажратиб ўқитиш мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда муҳим соҳаларга кадрлар етишмаслиги муаммосини тезроқ ҳал қилишга эришар эдик.

Шу йўналишлардаги таклифларни тегишли дастурларга киритиб, ижросини таъминлайдиган бўлсак, ўйлайманки, халқимизга катта манфаат етади.

Акмал ТУРСУНБОЕВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим мудири


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: