04.02.2020

ИЛҒОР ДУНЁГА ТЕЗРОҚ МОСЛАШИШИМИЗ КЕРАК

— Алоҳида эътироф этиш керакки, кейинги уч йил ичида давлат халққа яқинлашди, халқ учун ишлай бошлади. Ижтимоий йўналишдаги муаммолар босқичма-босқич бартараф этилаётгани Халқ демократик партиясининг мақсад ва вазифаларига тўла мос келади. Партиямиз депутатлик бирлашмалари давлат идораларининг халқ олдида масъуллигини кучайтириш бўйича назорат ўрнатиши, халқ манфаатлари устуворлиги учун принципиал позицияда туриши керак бўлади.

Бугунги кунда ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, бунёдкорлик ҳамда тадбиркорлик ишлари билан фаол шуғулланиши, турмуш мазмунининг бойишига эришишдан иборатдир.

Мурожаатномада партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш олдимизда турган долзарб вазифа эканига алоҳида эътибор қаратилди. Бу масала нега муҳим? Тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир давлатда демократияни кўппартиявийлик тизимисиз тасаввур этиб бўлмайди. Оддий айтганда, демократия сиёсий партияларсиз, сиёсий партиялар демократиясиз мавжуд бўлиши мумкин эмас.

Маълумки, жамиятда кўппартиявийликнинг мавжудлиги бу сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги деганидир.  Фикрлар хилма-хил бўлган жамиятда ривожланиш суръатлари тезроқ кечади. Шу жиҳатдан қаралганда, биз тарихий даврда яшаётганимизни унутмаслигимиз керак, деб ўйлайман. Яъни, партия фаоли, муайян ғоялар тарафдори сифатида қанчалик қатъий бўлсак, келгусида партияларнинг ҳам обрўси жойида бўлади. Эртага жамият қайси йўлдан кетиши бугун биз қилаётган ишлар характери ва мазмунига боғлиқ.

2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас. Дунёнинг биз ҳавас қилаётган ривожланган давлатлари илм, маърифат орқали ўз тараққиётини таъминлаган, янги технологиялар иқтисодиётнинг барча жабҳасига чуқур татбиқ қилинган. Хусусан, молиявий технологиялар, ер ресурсларини бошқариш, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида рақамли иқтисодиётдан кенг фойдаланилади.

Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт энг кўп ривожланган мамлакатлар АҚШ ва Хитой экани айтилмоқда. Дунё бўйича блокчейн технологияларга доир патентларнинг 75 фоизи айнан шу давлатларга тўғри келади. Ўз навбатида интернет маҳсулотларининг 50 фоизини шу давлатлар аҳолиси харид қиларкан. Бу тизим ҳар қандай соҳанинг шаффофлик даражасини оширади, коррупция ҳолатларининг кескин камайишига хизмат қилади. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради.

Аввало, шуни айтиш жоизки, рақамли иқтисодиёт, бу — алоҳида фаолият тури эмас. Бу, аслида, ишбилармонлик, саноат объектлари, хизматлар деганидир. “Рақамли” атамаси мазкур соҳаларнинг барчаси ахборот технологияларидан фаол фойдаланишини англатади. Агар оддий иқтисодиётда моддий буюмлар асосий ресурс ҳисобланса, рақамли иқтисодиётда бу қайта ишланадиган ҳамда узатиладиган ахборот, маълумотлар бўлади. Уларнинг таҳлилидан сўнг тўғри бошқариш бўйича ечим ишлаб чиқилади.

Дунё шу йўлдан кетаяпти. Ўзбекистон ҳам мазкур жараёндан четда қолмаслиги керак. Зеро, биз дунё ҳамжамияти билан интеграцияга киришиш ҳақида гапирарканмиз, бу борада ўзгарган (трансформация қилинган, янгиланган) иқтисодиёт равнақи муҳим саналади.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда қарийб беш миллиард қурилма интернетга уланган. Яқин беш йил ичида уларнинг сони йигирма миллиардга етиши мумкин экан.

Албатта, “рақамли иқтисодиёт”ни шакл­лантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурслари керак бўлади. Яъни бу осон кечадиган жараён эмас. Лекин биз нимаики яхшилик, тараққиёт олиб келса, унга қисқа вақтда мослашишга бурчлимиз. Шунинг учун ушбу тизимга ўтиш жараёнини тезлаштириш лозим.

Меҳрожиддин ДАРХОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий  Кенгаши раиси ўринбосари


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: