21.01.2020

«Келажак бизники, биз Ватанимизники!»

— дейди ёш депутат Фаррух Бекмурзаев

Бухоро вилоятида яхши анъана шаклланган. Вилоят ҳокими Ўктам Барноев тез-тез туман ва шаҳарларда бўлиб, баркамол авлод вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни ташвишлантираётган муаммоларни жойида ўрганиб, ҳал қилишга ҳаракат қилади.

Қоравулбозор туман “Нефтчилар саройи”да ташкил этилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви аввалида вилоят раҳбари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар, шунингдек, туман ёшларининг ижодий ва техник кўргазмасини кўздан кечирди.

Тадбир янгиликка ўч ташаббускор ва тиришқоқ йигит-қизларга куч-ғайрат бағишлади. Очиқ мулоқот руҳида кечган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, ташвишга солаётган муаммолар юзасидан вилоят ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, саволларига амалий жавоблар олишди.

Қоровулбозор Саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежини тамомлаган Завқиддин Пўлатов туман марказида мўъжаз сартарошхонасини очган. Мижозлар талабидан келиб чиқиб, у сартарошхонасини кенгайтиришга қарор қилган. Бироқ сармояга муҳтож. Шу мақсадда 40 миллион сўм кредит маблағи сўраган ёш ҳунарманднинг талаби тижорат банки орқали қондириладиган бўлди.

— «Келажак бизники, биз эса Ватанимизникимиз!», — дейди 14-Қоровулбозор ­сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Фаррух Бекмурзаев. — Бухоро ­муҳандислик-технология институтини битирганимдан сўнг тадбиркорликка қўл урганман. Дастлаб “Нигора Ферузи” хусусий фирмасини, кейин эса “Сифатли сут маҳсулотлари”, “Қоровулбозор Нуробод”, “Қоровулбозор иссиқ нон”, “Golden Platinum design”, “Azia Fructis Garden” каби МЧЖларни очиб, турли соҳаларда фаолиятни йўлга қўйганмиз. Қишки мавсумда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида 20 гектарли иссиқхонани барпо этиб, юз кишини иш билан таъминладик. Бундан ташқари, паррандачиликни ривожлантириш мақсадида товуқлар омухта емини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган цех барпо этдик. Маҳаллий аҳоли хонадонларига 150 бошгача товуқ бериб, парваришини ташкил этмоқчимиз. Унинг озуқаси ва емини ўзимиз таъминлаймиз. Фақат биз билан ҳамкорлик қилган хонадон ана шу товуқларни боқиб, топширса, кифоя.

Тадбиркор хонадон боқувчиларига ойлик маош ҳам тайинлаган. Ҳисоб-китобга кўра, паррандани ижарага олиб, парвариш қилиб топширган оила ойига ўртача 1,5 миллион сўм даромад қиларкан. Мутасаддилар томонидан бу таклифни оммалаштириш талаби қўйилди.

Сабрина Эгамбердиева 8-сонли умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси. Спортнинг муай-тай тури бўйича бир неча маротаба мамлакат чемпиони. Ҳадемай, республика турнирида навбатдаги мусобақада вилоят шарафини ҳимоя қиладиган бу истеъдод соҳибаси ёш спортчиларни молиявий қўллаб-қувватлашда кўмак сўради. Унинг талаби қондирилиб, ёш спортчилар учун молиявий таъминотчи бириктирилди. Мулоқот пайтида нафақат Сабрина, балки сўнгги бир йилда вилоят ва республика спорт турнирларида ўзини кўрсатган 15 нафар ёш маҳорат эгаларининг ҳар бирига вилоят ҳокимининг эсдалик совғаси — ноутбуклар топшириладиган бўлди.

Умуман, шу куни ўттиздан ортиқ мурожаат юзасидан ўз дунёқараши, ташаббуси ва лойиҳасига эга бўлган йигит-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чора-тадбир, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Биз эса ана шундай иқтидорли, кўпнинг назарига тушган партиядошимиз, Бухоро вилоят Кенгаши депутати Фаррух Бекмурзаев фаол ёшлар сафидан жой олгани, кўпчиликка ўрнак бўлаётганидан ғурурландик. Депутатлик фаолиятида ҳам аҳоли манфаатлари йўлида оғишмай ҳаракат қилишига, сайловчиларга берган ваъдаларини устидан чиқишига ишонамиз.

 

Шаҳло БАҚОЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Матбуот котиби.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: