Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
07.01.2020

ЎЗБЕКИСТОН ХДП БРИФИНГ ЎТКАЗДИ

Партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов сайлов ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан юқори даражада ташкил этилгани, барча партияларга кенг ҳамда тенг имкониятлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлади

Қайд этилдики, Халқ демократик партияси томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда ёшларни ­қўллаб-қувватлашга, хотин-қизларнинг иж­тимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол­­лигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Депутатликка номзодларимизнинг 48 фоизини аёллар ташкил қилди. Парламентга сайланган депутатларимизнинг 2 нафари ҳали 30 ёшга тўлмаган. Маҳаллий Кенгашларга сайланганлар орасида ҳам ёшлар анчагина.

Парламент ва маҳаллий кенгашлар сайлови якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, Халқ демократик партиясидан парламентга 18 нафар депутат сайланган эди. Такрорий овоз беришда 9 та округдан 4 тасида партия номзодлари депутатлик ўрнини қўлга киритди. Умумий натижаларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан 22 нафар депутат сайланди.  Шундан 11 нафари аёллардир. Депутатларнинг 3 нафари фан номзоди, 2 нафари фан доктори, мутахассислиги нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, 6 нафари иқтисодчи, 6 нафари педагог ва 3 нафари шифокордир.

Сайловлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари учун бўлиб ўтди. Сайлов натижалари фақат парламентда эгалланган ўрин билан ўлчанмайди. Албатта, унинг ҳам ўз ўрни бор. Лекин республика бўйича вакиллик ҳокимиятидаги умумий депутатлик ўринларини ҳам ҳисобга олиш кераклиги брифинг давомида алоҳида таъкидланди.

Агар умумий депутатлик ўринларини ҳисобласак, парламентга ва маҳаллий Кенгашларда 6 минг 720 депутатлик ўрни бор. Шундан дастлабки маълумотларга кўра, Халқ демократик партияси 1596 мингга яқин депутатлик ўринини қўлга киритди. Сайловда эришилган умумий депутатлик ўрни бўйича иккинчи ўринда турибди.

Масалан, Наманган вилоятидаги 430 та депутатлик ўрнидан 142 тасини, яъни 33 фоизини Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар эгаллашди. Шундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси учун 13 та депутатлик ўрнидан 4 тасини (31 фоиз), халқ депутатлари вилоят Кенгашида 60 та депутатлик ўрнидан 20 тасини (33 фоиз) ҳамда туман ва шаҳар Кенгашларидаги 357 та депутатлик ўрнидан 118 тасини (33 фоиз) Халқ демократик партияси номзодлари эгаллади. Тошкент вилоятида 699 та депутатлик ўрнидан 208 тасида (30 фоиз) партиядан кўрсатилган номзодлар сайланди. Шундан парламент депутатлиги учун кўрсатилган 13 та ўриндан 3 тасини (23 фоиз) Халқ демократик партияси номзодлари эгаллашди. Вилоят Кенгашида эса 60 та депутатлик ўрнидан 20 тасини (33 фоиз), туман ва шаҳар Кенгашларидаги 626 та депутатлик ўрнидан 185 тасини (30 фоиз) партия номзодлари эгаллашди.

Партия фаолларининг фикрича, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласида амалдаги ҳужжатларда жуда кўп масалалар белгиланган. Бунга эришилмаса, қуйида ислоҳотлар рўёбга чиқиши қийин бўлади, одамлар, халқимиз ҳаёти ва турмушида ўзгаришлар сезилмайди. Шунинг учун партия одамларнинг бевосита ҳаётига таъсир қиладиган, жойларда қонунлар, қарорлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда қатъий ҳаракат қилади.

Партия Сайловолди дастурида парламентдаги фракцияси орқали бир қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш режалаштирилган. Хусусан, аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг тирикчилик учун етадиган энг кам миқдорини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси тўғрисида қонун қабул қилишга эришиш мақсади қўйилган. Янги фракциянинг биринчи қонунчилик ташаббуси ана шу бўлади.

Ўз мухбиримиз

 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: