Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
24 25 26 27 28 29 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
17.12.2019

ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ: ФАРОВОН ҲАЁТ, ЎЗАРО ТЕНГЛИК ТАРАФДОРИМИЗ

Фуқароларининг турмуш даржаси юқори, манфаати устун бўлган мамлакатни, шубҳасиз, ривожланган давлат, деймиз. Бундай юртнинг инсонлари бахтли, сарҳадлари даҳлсиз бўлади. Одамлар ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифодалайди.

Халқ демократик партияси ҳам ўз дастурий мақсадларини, аввало, Ўзбекистон мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқнинг фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилайди.

Ўзбекистон тараққиёти стратегиясининг бош мақсади – аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш мақсади ушбу манфаатларга тўлиқ мос келади.

Партия ушбу мақсадга эришиш йўлларини белгилашда, давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларидан келиб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Халқ демократик партиясидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига Тошкент вилоятидан кўрсатилган номзодлар ҳам бу борада ўз режа ва мақсадларига эга.

Хуршидахан КАРИМОВА,

ҳуқуқшунос, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти Зангиота туман кенгашининг Ташкилий-услубий гуруҳи 1-тоифали мутахассиси, 22-Назарбек сайлов округидан номзод:

Муносиб ҳақ тўланадиган иш жойига эга бўлиш, қулай имконият ва шароит асосида меҳнат қилиш инсон учун энг ҳаётий ва ишончли ижтимоий ҳимоя саналади. Бу орқали унинг орзу-истаклари рўёбга чиқиб, фарзандлари камолоти йўлидаги беқиёс таянч воситасига эга бўлади. Халқ демократик партияси ушбу масала кечиктириб бўлмайдиган ва ҳал этилиши зарур энг муҳим вазифалардан биридир, деб ҳисоблайди. Партиямиз дастурий мақсад ва ғояларидан хабардор аҳоли вакиллари учрашувларда кўпроқ мана шу масалага эътибор қаратмоқда.

Дастурларимизда ўрин олган ташаббусларга қўшимча равишда ўзимизга келгуси режаларни белгилаб оляпмиз. Хусусан, партия аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳамда бошқа тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқишни кўзда тутган. Ўйлайманки, бу йўлда биз бош ташаббускор бўлмоғимиз керак.

Темур ШУКУРУЛЛАЕВ,

Тошкент автомобиль йўллари лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти проректори, 43-Пискент сайлов округидан номзод:

Фуқароларнинг бандлигини таъминламасдан, уларнинг кундалик эҳтиёжларига муносиб ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб қилмасдан туриб, тараққиёт ҳақида гапириш нотўғри. Зотан, ижтимоий масалаларнинг асосий ечими ҳам мана шунга боғлиқдир. Ўз ўрнида инсон доимий ва муносиб иш ўрнини эгаллаши учун у бирор бир касб ёки ҳунар соҳиби бўлиши лозим. Демак, ёшларни ўқитиш, таълим самарадорлигини ошириш, олий таълимда барча учун тенг имкониятлар яратиш лозим.

Хусусан, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини ажратиш бўлса, яна бир муҳим масала, ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун имкониятларни кенгайтириш. Уларнинг бинога, синф ва хоналарга тўсиқсиз, бемалол кириб-чиқишига шароит яратиш, аудио визуал ҳамда брайль ёзувидаги адабиётларни кўпайтириш, компьютер технологияларидан фойдаланиши учун қулайликлар жорий этиш муҳим ҳисобланади.

 

Анвар АХМЕДОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Санатория ва курортлар бошқармаси бошлиғи, 11-Саноатчилар сайлов округидан номзод:

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнат фаолияти давомида ҳимоя қилиш ҳамиша  партиямизнинг устувор йўналишлардан бўлиб келган. Бундан кейин ҳам ушбу амалиётни давом эттирган ҳолда, олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига малакали, тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия бундай ходимларни моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш механизмини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича таклиф тайёрлаш, уни парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суришни режалаштирган.

Азамат РАХИМБОЕВ,

Янгийўл тумани, 74-оилавий поликлиника шифокори, 58-Навбаҳор сайлов округидан номзод:

Бандлик, меҳнат қилиш ҳуқуқи инсон учун энг ҳаётий ва ишончли ижтимоий ҳимоя бўлса, саломатлик ана шу ҳуқуқдан эмин-эркин фойдаланиш имконини берувчи манба ҳисобланади. Шундай экан, Халқ демокрактик партияси жамиятнинг ҳар бир аъзосига саломатлигини мустаҳкамлаш учун тенг имкониятлар яратилиши тарафдори. Бунинг учун қонунчиликда соҳага доир янги меъёрлар, тартиб-қоидалар жорий этилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Хусусан, партияДори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисидаги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этмоқда. Бу орқали аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори-дармон, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкони ортади.

Малика КАДИРХАНОВА,

муҳандис-технолог, Тошкент вилояти   хотин қизлар тадбиркорлиги маркази директори, 29-Ўнқўғрон сайлов округидан номзод:

Бандлик сиёсатининг муҳим шартларидан бири бу хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш масаласидир. Шундан келиб чиқиб, партия уй меҳнатини ташкил этишнинг янги самарали шаклларини ривожлантиришга ҳаракат қилади. Хусусан, мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёллар учун уй меҳнати ҳамда уларнинг давлат-хусусий шериклигининг тегишли шаклларидаги иштирокини ошириш бўйича эҳтиёжларини аниқлаш ва ишлаб чиқилган таклифларни халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқишни режалаштирган.

Бегзод МИРЗАХМЕДОВ,

“БЕК” экскулизив смарт МЧЖ раҳбари, 51-Эски Тошкент сайлов округидан номзод:

— Ижтимоий иқтисодиёт барчанинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда партия маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳудудларнинг истеъмол товарларга эҳтиёжини ўрганиш ҳамда аҳолининг ўсиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмол талабини ривожлантириш режасини тайёрлаш зарур. Бунда, тегишли ҳудудларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун зарур ресурслар мавжудлигига эътибор қаратиш лозим.

Бундан ташқари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу ҳолат ички бозорда тақчиллик келтириб чиқармаслиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини ошириб юбормаслиги лозим, деб ҳисоблайди. Ана шунда сотувчининг ҳам олувчининг ҳам манфаатларига путур етмайди.

Халқ демократик партияси номзодлари ўз дастурларида кўрсатиб ўтилган устувор вазифаларни илгари сурар экан, бошқа сиёсий партиялар билан сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашлари учун бўлаётган соғлом рақобат шароитида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент фракциясини яратишни таъминлайдиган муносиб ўринга эришишни режалаштирмоқда. Сайловчилар барча учун тенг имконият, мақбул шароит яратилиши билан боғлиқ ғояларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» газетаси мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: