Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
17.12.2019

ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ: ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ВА ФАРОВОНЛИК УЧУН КУРАШАМИЗ

Ҳаммамиз кўриб, кузатиб, билиб турибмиз, мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви халқимизнинг хоҳиш-иродаси, юксак демократик талаблар асосида тобора такомиллашиб бормоқда. Бу жараёнда фуқароларнинг Конституциямизда белгилаб қўйилган устувор ҳуқуқлари тўла таъминланмоқда, халқимиз кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқда.

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим  масалалари юзасидан сиёсий партияларнинг нуқтаи назари, позицияларини билдириш, қатъий туриб ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланди. Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партиясининг дастури ҳам янада ҳаётийлашиб, такомиллашди. Давлатимизнинг демократик ривожланиши йўлида амалга оширилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотлар шароитида партиямиз ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор стратегик мақсадларни илгари сурди. Аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари ва манфаатлари билан боғлиқ муҳим ва асосли таклифларни ўртага ташлади.

Яхшиси, мулоҳазалармизни аҳолини ўйлантираётган ижтимоий муаммолар, уларни ечиш учун партия таклифлари мисолида давом эттирамиз:

ЎЗБЕКИСТОНДА ҚИШЛОҚЛАР ҚАЧОН РИВОЖЛАНАДИ?

 

Акмал ТУРСУНБОЕВ, Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

– Айни пайтда мамлакатимизда 113 та олий таълим муассасаси фаолият олиб боради. Шундан 30 таси маҳаллий, 21 таси чет эл ОТМларининг филиалларидир. 2019-2020 ўқув йилида 1 миллион 66 мингдан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган бўлса, улардан 130 минг нафарга яқини талабаликка қабул қилинди, холос. Ўқишга кира олмаган 1 миллион нафарга яқин ёшлар сафига кейинги йили яна 500 минг атрофидаги битирувчи ўқувчилар келиб қўшилади.

Бу рақамлар Ўзбекистонда деярли барча соҳаларда олий маълумотли кадрларга эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатиб турибди.

МУАММО ШУНДАКИ, чекка қишлоқ мактабларида ўқув-тарбия сифати тушиб кетгани туфайли қишлоқ ёшлари ОТМларга кириш имтиҳонларидаги кучли рақобатга дош бера олмаяпти. ОТМга кирганлари ҳам ўқишни тугатиб, қишлоғига қайтмайди, балки шароитлар нисбатан яхши бўлган шаҳарларда қолиб кетмоқда.

Маҳаллий ОТМларга ўқишга кира олмаган минглаб қишлоқ ёшлари Қозоғистон, Қирғизистон, Россия давлатларидаги олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, катта қийинчиликлар билан олий маълумот олишга мажбур бўлмоқда. Уларнинг дипломи эртага мамлакатимизда тан олинадими, йўқми, бу ҳам жиддий муаммо.

Оқибатда олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларида малакали ва тажрибали мутахассислар етишмовчилиги масаласи ўткир муаммога айланди.

ТАКЛИФИМИЗ ШУНДАН ИБОРАТКИ, партиямиз қишлоқ жойларда ижтимоий соҳа объектларининг бугунги фаолияти талаб даражасида эмаслиги, аҳолига таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасида асосан олий маълумотга эга бўлмаган — қишлоқ хўжалиги илмидан бехабар фуқаролар меҳнат қилаётганини малакали кадрлар етишмовчилигидан, деб ҳисоблайди. Бу муаммони бартараф этиш учун тизимли ислоҳотларни амалга ошириш зарур, деган ташаббусни илгари суряпти. Хусусан:

1. Энг аввало, юртимизда нуфузли маҳаллий ҳамда хорижий университетларнинг филиалларини очиш ҳисобига олий ўқув юртлари сони ва квоталарни кўпайтириш.

Жаҳон банкининг статистик таҳлилларига қараганда, Ўзбекистон олий таълим олиш имкониятлари бўйича минтақавий ва халқаро миқёсда энг қуйи ўринларни эгаллайди. Мамлакатимизда қарийб 300 минг нафар аҳолига битта ОТМ тўғри келади. Солиштирадиган бўлсак, Россияда 150 минг, Қозоғистонда 140 минг, Қирғизистонда 125 минг аҳолига битта олий ўқув юрти тўғри келмоқда;

2. Қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар, умумий ўрта таълим олишда барча учун тенг шароитлар яратиш, қишлоқ мактабларида ўқув-тарбия сифатини тубдан яхшилаш;

3. Қишлоқ ёшларини кейинчалик ўз қишлоғида ишлаш шарти билан давлат грантлари асосида олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиш тизимини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш;

4. Шаҳарларга бориб, олий таълим олиш имкониятига эга бўлмаган иқтидорли қишлоқ ўғил-қизларига замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда масофадан таълим бериш, касб-ҳунар ўргатишни йўлга қўйиш;

5. Олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмини қонунан мустаҳкамлаш зарур.

Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми қишлоқларда яшашини ҳисобга олсак, қишлоқ ёшларининг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ҳар жиҳатдан ривожлантиришга қодир бўлган малакали кадрларни тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади.

3 ЁШГА ТЎЛМАГАН БОЛАСИ БОР ОНАЛАРНИ НИМА ҚИЙНАЯПТИ?

Лазиза ШЕРОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

Тегишли ҳужжатларга асосан, МТМларга болаларни қабул қилиш ёши 3 ёш этиб белгиланди. Бунгача болалар 2 ёшдан 6 ёшгача қабул қилинишлари мумкин эди. Шунга кўра, аёл фарзандини дунёга келтирганидан сўнг, 2 йил мобайнида ҳақ тўланадиган таътилга чиқиши, кейин фарзандини мактабгача таълим муассасасига бериб, ўзи ишлаши мумкин эди. Бу ёш чегараси бир йилга кўтарилди.

Мутахассислар бу ёшни танлашда боланинг жисмоний, руҳий-психологик ва бошқа томонлама ўзини тўлақонли эплай олиши назарда тутилганини кўп бора таъкидлашди. Болага ҳеч ким ўз онасидек қарай олмаслигини, унга онадай меҳрибон бўла олмаслигини яхши биламиз.

МУАММО ШУНДАКИ, 2-3 ёш оралиғидаги фарзанди бор оилаларнинг аксарияти ёш оилалардир. Уларнинг кўпчилигида эр ҳам, хотин ҳам ишлайди. Рўзғорини тиклаб олиши, оёққа қўйиши керак, улар учун бир кун ишлаш ҳам фойдали.

Имкониятлардан оқилона фойдаланиб, кредитга уй-жой ва бошқа зарур нарсалар харид қилаётган ёш оилалар жуда кўп. Аммо айрим оилаларда фақатгина эркакнинг топгани етмаяпти. Оила бошлиғи рўзғорни ҳам моддий жиҳатдан таъминлашга, ҳам кредит тўлашга қийналиб қолиши мумкин. Бундай ­шароитда аёллар ҳам ишлаб, турмуш ўртоғига ёрдам беришга интилади.

Бироқ, бундай оилаларнинг ҳаммасида ҳам фарзандига қараб турадиган яқин қариндош, бувиси, яъни ишончли қаровчиси йўқ. Ана шундай шароитда, албатта, оиланинг ягона муаммоси болани унга ғамхўрлик қиладиган боғчага топширишдан иборат бўлиб қолади. Бироқ мактабгача таълим муассасаларида болаларни қабул қилиш ёши 3 ёш этиб белгиланган.

Яна бир масала борки, 2 ёшдан кейин оилаларга бола пули ҳам тўланмайди. Бу эса ёш оилалар, ёлғиз оналар учун қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Кўпчилик аёлларимиз худди шундай муаммолар юзасидан дардини кимга айтишни билмай ҳайрон.

Тўғри, 2 ёшдан ҳам болаларни боғчага қамраб олиш мумкин. Бунинг учун ота-оналар фақатгина нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасаларига мурожаат қилиши талаб этилади. Уларда эса нарх-наво жуда қиммат. Улардан фақатгина даромади юқори бўлган оилалар фойдаланиши мумкин. Лекин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар-чи? Улар қандай йўл тутиши керак. Ишламайман деса, оиласи қийналиб қоладиган, ишлайман деса, боласи ҳали 3 ёшга тўлмаган оналар қандай йўл тутиши керак?  Бу билан аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи чекланмаяптими?

Энди ўйлаб кўрайлик, оилада 2 ёки 3 нафар фарзанд бор. Кичик фарзанд ҳали 3 ёшга тўлмаган. Рўзғорнинг каму кўстига ишлатилиб келинаётган давлат томонидан берилаётган маблағ ҳам 2 ёшдан сўнг тўхтатилди. Бундай шароитда қандай йўл тутиш керак? Ёлғиз оналар нима қилиши керак? Бу саволларга жавоб қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўриш зарур.

ТАКЛИФИМИЗ ШУНДАН ИБОРАТКИ, мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун ҳам махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш зарур.

Аёл ишлашга муҳтожми, демак, у бунга ҳақли. Бу унинг қонуний ҳуқуқи. Она оиласи, фарзандлари учун ишлаш истагида бўлса, онанинг бу хоҳиши чекланиши нотўғридир.

КУН КЎРИШ ЭМАС, ЯХШИ ЯШАШ МУҲИМ ЭМАСМИ?..

Саидали ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бош консультанти:

Ойлик маош инсоннинг турмуш фаровонлиги, яшаш сифатини кўрсатиб берувчи муҳим омил. Ўзбекистонда сўнгги уч йилда юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи сезиларли даражада ошган.

Жумладан, юқори ўсиш суръати соғлиқни сақлаш, таълим, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти, саноат, қурилиш соҳаларида яққол кўзга ташланади. Шу қатори тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли тадбиркор, хусусий бизнес эгаларининг ҳам топиш-тутишига янада ­барака кирмоқда. Бугун тадбиркор, дейилса, юқори даромад эгаси кўз олдимизга келади.

МУАММО ШУНДАКИ, бозор иқтисоди шароитида барча тадбиркорлик субъектлари ҳам юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари ярата олмаяпти. Хусусий корхонада ишлаш деганда баъзида чет элга товар экспорт қилувчи нуфузли фирмада юқори маош асосида фаолият юритиш тушунилса, баъзида барқарор ва турғун бўлмаган иш, мукофот пули ва бошқа имтиёзлар қўлланилмайдиган иш ҳақи, маошнинг мавсум ва сотув ҳажми камайганда пасайиб кетиши каби ҳолатлар кўз олдимизга келади.

Кичик бизнес субъектларида ишчиларнинг арзимаган маошга кун кечириши ҳолатлари учрамоқда. Масалан, фермер хўжаликларида ерга экин экиб олиш шарти билан, ойликсиз ишлаётганлар, тикув цехларида мавсумига, иш кўламига кўра камгина пулга қаноат қилиб меҳнат қилаётганларни кўришимиз мумкин. Ҳатто баъзи хорижий корхона ва ташкилотлар Ўзбекистонга арзон ишчи кучи манбаи сифатида ҳам қарайди. Тадбиркорлик субъектларида ойликнинг камлигига айрим ҳолларда тадбиркорларнинг кўпроқ фойда олиш учун арзон ишчи кучини қидириши сабаб бўлса, баъзи ўринларда юқори маош тўлаш учун имконият ва шароит етарли эмаслиги, иш ҳақини ошириш учун қўшимча имтиёзлар йўқлиги бунга тўсқинлик қилади.

ТАКЛИФИМИЗ ШУНДАН ИБОРАТКИ, юртдошларимизнинг меҳнати юқори баҳоланиши, меҳнатига яраша ҳақ олиши ва тадбиркорлик субъектларининг ўртача иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишини рағбатлантириш зарур.

Ойлик маош жилла қурса истеъмол саватчаси — муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами учун етарли бўлиши лозим. Бу, ­ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг устувор ҳуқуқи эканини асло эсдан чиқармаслик керак.

Шуни инобатга олган ҳолда тадбиркорлик субъектларини ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишга рағбатлантириш ниҳоятда долзарб вазифадир.

Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, юқори маошли иш ўринлари билан таъминлаш қандай имтиёзлар асосида амалга оширилишини белгилаш зарур. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этиш лозим:

Биринчидан, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиқиб, ижтимоий тўловларнинг дифференциал ставкаларини белгилаш. Бунда корхона тўлайдиган ўртача иш ҳақи қанча юқори бўлса, ягона ижтимоий тўлов миқдори шунча пасаяди. Натижада корхоналар имкониятлари доирасида ойликларни оширишга интилади. Ойлик юқори бўлган иш ўринларига рақобат асосида малакали мутахассислар сараланиб боради.

Иккинчидан, иш ҳақининг ўртача ҳисобланган номинал миқдоридан паст маош тўлайдиган корхона ва хусусий тадбиркорларга қонунда белгиланган солиқ имтиёзларини қўлламаслик, даромадига эса юқори ставка бўйича солиқ солиш.

Ойлиги рўзғор тебратишга етарли бўлган инсон эртанги кунидан кўнгли тўқ, хотиржам яшайди, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилади, ўзга юртларда ризқ теришни хаёлига келтирмайди. Юқори ойлик таклиф этаётган тадбиркорнинг ҳам фаолияти кенгайиши, малакали ходимлар билан иши илдамлашига шубҳа йўқ. Биз мустақил Ўзбекистон халқининг фаровон турмуш кечириши, тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланишини истар эканмиз, аҳолининг юқори даромад олишини таъминлашимиз лозим, деб ҳисоблаймиз.

УЙ ВА ЯРИМ УМР: ҚАЙ БИРИ ҚИММАТРОҚ?

Дурбек ХУДОЙҚУЛОВ,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши сектор мудири:

Одамларимиз ўзи, оиласи ва фарзандлари учун қулай уй-жой қурмагунча ёки унга эга бўлмагунча ҳаловат топмайди. Ўзбек оиласи, бола-чақаси билан ижарама-ижара кўчиб юришни, “қирққа кириб ҳам ўз уйига эга бўлмасликни қабул қила олмайди.

МУАММО ШУНДАКИ, бугунги шароитда орзу-ҳавасдагидек уй-жой қуриш, уни сотиб олиш кўпчилик оилалар учун жиддий қийинчилик туғдирмоқда. Қурилиш молларининг нархи қимматлиги туфайли уй кўтариш, янгидан қурилган, замонавий ёки арзонлаштирилган уйларни сотиб олиш ҳам ниҳоятда қимматга тушмоқда. Оқибатда айрим ёшлар уй-жойи йўқлиги, ота-онаси унга шароит яратиб беролмаётгани учун оила қуришга ҳадиксирамоқда. Кўплари бошпана учун пул тўплаш мақсадида оғир меҳнатларни қилишга, чет элларда ишлашга, емай-ичмай мисқоллаб пул йиғишга мажбур бўлмоқда. Тайинли уй-жойи йўқлиги туфайли қатор ёш оилалар бузилиб кетмоқда.

Вазият шундайки, айрим, балки кўпроқ кишилар бутун умр топган-тутганини ўзи ва фарзандлари учун уй-жой қилишга сарфлайди. Ҳаммасига эга бўлганда эса кучини, соғлиғини йўқотган бўлади.

ТАКЛИФИМИЗ ШУНДАН ИБОРАТКИ, уй-жой қайғусида юрган юртдошларимизнинг муаммоларини яхши тушунади ва бу масалада мамлакатимизда янгича тизим жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий имкониятлари чекланган кишиларнинг манфаатларини ҳимоялаш зарур.

Шуни инобатга олган ҳолда халқимизни, биринчи навбатда, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам арзон ва сифатли уй-жойга эга бўлиши ниҳоятда долзарб вазифадир.

Бу йўналишда аҳолини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш қайси моддий манбалар асосида амалга оширилишини белгилаш зарур. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш лозим:

1. Дунёнинг қатор ривожланган давлатларида “ҳашамат солиғи” мавжуд. Ҳашаматли ипотека уйларини қураётган компаниялар ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмалар олиб қолиш тартибини қонунан жорий этиш мумкин. Бу маблағлар махсус фондларга йўналтирилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, уй-жойи йўқ, яшаш шароити жуда оғир аёллар, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган шахслар учун арзон уй-жой қуришга сарфлаш кўзда тутилади.

2. Муайян ойлик даромадга эга бўлган, аммо жойларда қурилаётган уй-жойларни ипотека кредити асосида харид қилиш учун дастлабки бадал пулини тўлашга қурби етмайдиган оилалар, ёшлар учун уйни дастлабки бадалсиз сотиб олиш имкониятини яратиш лозим.

3. Ижара асосида яшаётган аксар оилалар ва ёшларнинг уй сотиб олишга қурби етмайди. Шу билан бирга, улар топган даромадининг катта қисмини уй-жой ижараси учун сарфлайди. ­Табиийки, бу уларнинг яқин келажакда ўз уйига эга бўлиш имкониятини янада камайтиради. Шу боис арзон уйларни олишга, ижара асосидаги квартираларда туришга моддий имконияти етмайдиган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ижара асосида фойдаланишга мўлжалланган муниципиал уйларни қуриш бугунги давр талабидир.

Муниципал уй-жойлар дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида мавжуд бўлиб, улар қулай, ихчам, замонавий ва ижара тўлови арзонлиги билан ажралиб туриши лозим. Бундай уйларни мавжуд талаб асосида мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида қуриш, шу орқали аҳолининг ишлаш, ўқиш ва яшаш учун ўзи истаган жойга бемалол кўчиб ўтишига қулай шароит яратиш лозим.

Яшашида ва уй-жой масаласида ҳаловати бўлмаган инсон ўзини бахтли ҳис этмаслигидан ташқари, ҳеч бир соҳада ёки ишда муваффақиятга эриша олмайди. Биз аҳолининг уй-жой масалалари билан боғлиқ оғриқли муаммоларини ҳал этиб бериш лозим, деб ҳисоблаймиз.

ҲУРМАТЛИ САЙЛОВЧИЛАР! Ҳар доим халқ манфаатлари ҳимояси ҳақида ўйлайдиган Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

БИЗ СИЗНИНГ МАНФААТИНГИЗ УЧУН ҚАТЪИЙ КУРАШАМИЗ!


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: