Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
10.12.2019

САЙЛОВЧИЛАР: «ИШОНЧИМИЗНИ ОҚЛАЙДИГАН НОМЗОДГА ОВОЗ БЕРАМИЗ»

Юртимизда 22 декабрда ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён олдидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар ўз сайловолди ташвиқотини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан 41-Хатирчи сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган Камолиддин Нурмуродов Навоий вилояти Хатирчи туманидаги сайловчилар билан учрашди.

Тадбирда номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти, сайловолди дастури ҳақида маълумот берилди.

Номзоднинг дастурида кам таъминланган фуқаролар, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар турмушини яхшилаш, мамлакат аҳолисини қийнаб келаётган уй-жойга эга бўлиш ва коммунал хизматлардан фойдаланиш, ижтимоий тенгликка асосланган таълим ва бошқа муҳим ижтимоий масалалар белгилангани қайд этилди.

Учрашувларда номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Бекобод туманида халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашига 14-Бекобод сайлов округидан қўйилган номзод Гулчеҳра Рисқулова навбатдаги учрашувни ўтказди. Унда маҳалла фаоллари, партия аъзолари иштирок этди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Шокиржон Эшонқулов ХДПнинг дастурий ғоя ва мақсадлари ҳақида тушунчалар берди. Шунингдек, номзоднинг сайловолди дастури ҳамда таржимаи ҳоли билан ҳам қатнашчиларни таништирди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган мазкур учрашувда турли мавзуларда савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Таьлимда ижтимоий тенглик муҳим омил экани, олис қишлоқ ҳудудларидаги мактабларга малакали мутахассисларни жалб этиш каби масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Аҳолининг кам таъминланган ва бошқа заиф қатламларига бепул ижтимоий хизматлар тақдим этилишини таьминлайдиган Минимал давлат ижтимоий стандартлари тўғрисида, ёлғиз кексаларни ижтимоий ҳимоялаш, нафақа масаласида баҳс-мунозаралар қизғин кечди.

— Бугунги кун одамларини қуруқ ваъдалар билан ишонтириб бўлмайди, — деди Нишон Алиқулов. — Аввалги сайловларда ҳам қатнашганмиз, номзодларга овоз берганмиз. Сизларнинг дастурингиз пухта, энг асосий ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш билан боғлиқ масалалар қамраб олинган. Шунга қўшимча яна баъзи таклифларимиз ҳам бор эди. Масалан, маҳалламизда ҳалигача сартарошхона йўқ. Уни қуриш ва ишга тушириш учун маблағ керак. Мана шу масалада сизлардан кўмак кутамиз. Шу билан бирга, тиббий хизмат кўрсатувчи шохобчага ҳам эҳтиёж бор. Чунки оптималлаштириш натижасида ҚОПларга етиб бориш бироз қийинчилик туғдирмоқда. Дастурингизга мана шу масалаларни ҳам киритсангиз, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

— Одам ёши ўтгани сари, минг бор ўйлаб кейин гапирадиган бўларкансан, қизим, — деди меҳнат фахрийси Давлат Умаров. — Бир ўзимга ҳеч нарса сўрамайман. Лекин маҳалламизда тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммо кўпчиликни ташвишга солмоқда. Тўғри, ота-боболаримиз ариқдан сув ичишган. Лекин бугунги кунда анҳор ва ариқ сувларини ичиб бўлмайди. Одамлар сувни қадрламай қўйган. Ваҳоланки, сув бу ҳаёт манбаи. Ана шундай бепарволиклар оқибатида ичимлик сувида танқислик юзага келяпти, назаримда. Бу борада жиддий тарғибот ишларини бошлаш керак.

Бундан ташқари, кўчаларимиз асфальтланмаган. Асосий йўлларни текислаб, чиройли қилиб қўйган билан маммо ҳал бўлмайди. Ички йўллардаги ҳолатдан аҳоли норози. Шу масалаларнинг ечими бўйича ҳам сизлардан ташаббус кутиб қоламиз. Халқни дардини эшитиб, унга кўмак бераман деган ва ваъдасини бажарадиган шахсларни, албатта, қўллаб-қувватлаймиз.

Номзод мавзу ҳақида тўхталар экан, партиянинг мазкур йўналишдаги ташаббусларини айтиб ўтди.

Учрашувда яна бошқа долзарб мавзуларда сўз борди. Қатнашчилар сайловга оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тумандаги “Қуштамғали” жомье масжидида бўлиб ўтган учрашувда шу ернинг имом хатиби Усмонхўжа Орифджонов сайловда нуронийлар ҳам фаол иштирок этиб, ёшларга намуна кўрсатиши лозимлигини тушунтирди.

Бўстонлиқ туманида ҳам учрашувлар қизғин кечмоқда. 52-умумий ўрта таълим мактабида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 90-сайлов округидан номзод Қ.Қосимова, 20-сайлов округидан вилоят Кенгаши депутатлигига номзод С.Файзиева, 19-округдан вилоят Кенгашига номзод Н.Мирбобоева сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Ҳар бир номзоднинг таржимаи ҳоли, фаолиятига доир маълумотлар берилди. Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, номзодлар ўзларининг ҳудуд муаммолари асосида тайёрланган дастурлари билан йиғилганларни таништирди. Сайловчилар томонидан берилган саволларга жавоб берилиб, таклифлар иноботга олинди.

— Менинг ҳам саволим, ҳам таклифим бор эди, — деди тадбир иштирокчиси Раъно Якубова. — Туманимизда мактабгача таълим муассасалари етишмайди. Аёллар ишлай деса, боласини қарашга одам йўқ. Шунинг учун болалар боғчалари сонини кўпайтириш керак. Мавжудларида қўшимча бино ёки хоналар ташкил қилинса ҳам, анча болани қамраб олиш мумкин. Тўғри, хусусий боғчалар бор, лекин уларнинг нархи баланд. Ёш оналарга ёрдам ва қулайлик яратиш учун мана шу масала ўрганилса ва ечимини топишса сайловчилар мамнун бўларди.

— Ҳамма ўз дардини айтиб йиғлайди, деган гап бор. Аммо мен кўпчиликнинг номидан гапираман, — деди яна бир иштирокчи Азимбой Джурабеков. — Йўллар ва иморатлар ҳар бир ҳудуднинг, керак бўлса, мамлакатнинг юзи ҳисобланади. Негадир бизда иншоотларга катта эътибор бериляптию, йўл масаласидаги муаммолар қолиб кетяпти. Айниқса, ички йўллар аянчли аҳволга келиб қолган жойлар бор. Шу масалада ҳам дастурларингизда кўрсатилса, депутат бўлгач, ушбу камчиликларни бартараф этсангиз, халқимиз сизлардан рози бўларди.

Учрашувда яна бошқа бир қатор масалалар кўтарилди. Ҳар бир савол юзасидан номзодлар ҳамда фаоллар атрофлича жавоб қайтаришди.

Тумандаги 6-умумий ўрта таълим мактабида ҳам худди шундай учрашув бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот руҳиди бўлиб ўтган тадбирда аҳоли вакиллари кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди.

Хусусан, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш масаласи қизғин муҳокама қилинди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларининг масофавий жойлашуви одамларга турли қийинчиликлар юзага келтираётгани айтиб ўтилди. Малакали кадрларга, тор доирадаги шифокор мутахассисларга талаб юқори экани таъкидланди.

Шу билан бирга, тоза ичимлик суви, электр таъминоти ҳамда яна бошқа масалаларда саволлар берилди, таклиф ва фикрлар айтилди.

Шу куни тумандаги 12-умумий ўрта таълим мактабида ҳам партиямиздан номзод О.Бабаев сайловчилар билан учрашди. Иштирокчиларга номзодлар таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирилди. Ҳамма партиямиздан қўйилган номзодларга овоз беришга чақирилди.

 

Дилёр БОТИРОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

ахборот хизмати ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: