Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
03.12.2019

ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ДАСТЛАБКИ 12 ҚАДАМИ

Мамлакатимиз катта сиёсий воқеа — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар арафасида турибди. Бугун халқимиз, кенг жамоатчиликнинг диққат-эътибори ушбу ­воқ­еага қаратилган. Сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини қизғин олиб бормоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ушбу сайловда фаол ва муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Катта тажрибага таянган ҳолда,  янги ғоялар ва илғор ташаббуслар, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган асосли, аниқ таклифлар билан янги сайловга қадам қўйди.

Партия 2030 йилгача мамлакатимизда ижтимоий демократик давлат асосларини шакллантиришни ўзининг дастурий мақсади, деб белгилади.

Сайловлардан сўнг Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатларимиз яқин 5 йил ичида ушбу мақсадга эришиш йўлида «12 қадам» лойиҳасини амалга оширади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларидаги номзодларимиз дастурлари ҳам айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларга асосланади.

БИРИНЧИ ҚАДАМ:  Яшаш минимуми орқали аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш имкони ортади. Қандай қилиб?

Феруза РАҲИМОВА, 64-Нарпай сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Айтиш керакки, яшаш минимуми кўрсаткичлари давлат томонидан ижтимоий сиёсат юритишда қўлланилади. Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини баҳолаш учун яшаш минимумидан паст, тенг ва юқори даромадли аҳоли салмоғи аниқланади. Шу асосда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш учун аниқ етиб борадиган манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Энг кам иш ҳақи ва пенсияларни асослашда фойдаланиладиган ушбу кўрсаткич кам таъминланганлик мезони ҳамдир.

Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар расмий белгиланган яшаш минимумидан кам бўлмаслигини конституциявий меъёр билан амалга ошириш энг муҳим вазифадир.

Шундан келиб чиқиб, биз пенсиялар, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар расмий белгиланган яшаш минимумидан кам бўлмаслигини таъминлаш, бу борада конституциявий меъёрларни амалга оширишга интиламиз.

Парламентдаги фракциямиз ҳар бир инсоннинг биринчи галдаги ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қоноатлантиришни таъминловчи истеъмол саватчаси қиймати асосида яшаш минимуми таърифини қонун билан мустаҳкамлашга эришади.

ИККИНЧИ ҚАДАМ: Аҳоли ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланиши керак. Бунинг учун...

 

Пўлат ХУДАЙБЕРГЕНОВ, 2-Тўрткўл сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Ижтимоий ҳимоя тушунчаси нафақат ижтимоий ёрдам ва нафақалар билан таъминлашни, шу билан бирга, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини изчил ривожлантиришни ҳам қамраб олади.

Айтайлик, кимгадир иш шароитида енгиллик яратиш керак. Ёки кимдир соғлиғини тиклаш учун ёрдамга муҳтож. Жисмоний имконияти чекланганларга эса таълим соҳасида қулайлик керак бўлади. Эҳтиёжманд инсонларга ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимга оид, тиббий, реабилитация хизматларини кўрсатиш орқали уларнинг турмуш тарзини яхшилаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имконият яратиш муҳим масала ҳисобланади. Демак, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Шуларни инобатга олиб, биз ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатлашни истаймиз. Биз фуқароларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, маданий ҳаётда иштирок этиш ва малакали юридик хизматдан фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланади.

УЧИНЧИ ҚАДАМ: Кам таъминланган аҳоли қатламини кундалик зарур товар ва хизматлар билан таъминлаш керак.

 

Гулноза САТИМОВА, 10-Олтинкўл сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

  Партиямиз эҳтиёжманд аҳоли қатламининг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун курашади.

Ана шу мақсадда партия, илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб, кам таъминланган аҳоли қатлами учун кундалик зарур товар ва маҳсулотларни арзон нархларда сотиш бўйича ижтимоий дўконлар тармоғини ривожлантиришни ҳам режалаштирган.

Бу орқали аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий аҳамиятга эга кундалик эҳтиёж маҳсулотлари ва хизматларига ижтимоий мақбулликни таъминлашга эришиш имкони ортади, деб ўйлаймиз.

ТЎРТИНЧИ ҚАДАМ: Ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратиш тарафдоримиз.

 

Хатамбой БАДАЛОВ, 49-Уйчи сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Бугунги кунга келиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ҳамда даражасини оширишга кенг қамровда ёндашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти. Чунки улар ҳам сизу биз каби жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси.

Шуларни инобатга олиб, парламентдаги фракциямиз БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилиш ташаббуси билан чиқади. Шунингдек, миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича меъёрий қоидаларига мувофиқлаштиришга эришади.

Бир вақтнинг ўзида партия парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати воситасида уларнинг барча вилоятлар ва аҳоли пунктларида ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилишига эришади.

БЕШИНЧИ ҚАДАМ: Коммунал хизматлар етказиб берувчиларининг монополиясига барҳам беришни режалаштирганмиз.

 

Зулфия ТУЙЕВА, 27-Варахша сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Партиямиз депутатларига, “Жамоатчилик қабулхоналари”га коммунал хизматлар соҳасига тегишли кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларнинг аксариятида тўлов билан боғлиқ муаммоли вазиятлар, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, қўшимча ҳақ ҳисоблаш каби ҳолатлар баён этилган.

Шундан келиб чиқиб, биз энергетика ва моддий ресурсларнинг катта йўқотишларини истеъмолчилар гарданига юклайдиган коммунал хизматлар етказиб берувчиларининг монополиясига барҳам беришни кўзлаганмиз.

Халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз яқин беш йил ичида шаҳарларда ҳам, қишлоқ жойларда ҳам аҳолини қиммат бўлмаган электр энергия, иссиқлик таъминоти билан таъминлаш бўйича замонавий автоном тизимларни яратишга, бу борада ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга эришмоқчи.

ОЛТИНЧИ ҚАДАМ: Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами арзон турар-жойлар билан таъминланиши лозим.

 

Обиджон САИДОВ, 38-Навоий сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш ва турмуш сифатини яхшилашда уларни уй-жой билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Уйи бор одам кўнгли хотиржам яшайди. Шу маънода айтадиган бўлсак, эҳтиёжманд, ўзгалар қаровига муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий сиёсатни изчил амалга ошириш аҳолининг ижтимоий заиф қатламига муносиб турмуш шароити яратиб беришдан бошланади. Бунинг учун албатта, уларни арзон турар-жойлар билан таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. 

Партиямиз аҳолининг ижтимоий заиф қатламига арзон турар-жойлар қурилишини кенгайтириш учун қатъий ҳаракат қилади.

Жумладан, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз  яқин 5 йил ичида ижтимоий аҳволи оғир, яшаш шароитини яхшилашга муҳтож аёллар, фарзандларини тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган кам таъминланган оналар ва “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини уй-жой билан таъминлашини назоратга олади.

ЕТТИНЧИ ҚАДАМ: Мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонун билан тасдиқлаш вақти келди.

 

Гулчеҳра ИСЛАМОВА, 72-Гулистон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Парламентдаги фракциямиз мулкчилик шакли ва молиялаштириш  манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонун билан тасдиқлашга эришишни кўзлаган. Мақсадимиз – одамлар тиббий хизматдан рози бўлсин.

Жумладан, биз яқин орада юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий заиф қатламдаги аҳолини ҳар йили бепул юқори технологияли кўрикдан ўтишига эришмоқчимиз.

САККИЗИНЧИ ҚАДАМ: Эҳтиёжманд аҳолига дори-дармон воситалари, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматлар зарур.

 

Муҳаббат УМАРОВА, 82-Шўрчи сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Партиямиз парламент, депутатлик ва жамоат назорати воситасида эҳтиёжманд бўлган тоифадаги аҳолига дори воситалари, медикаментлар, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни харид қилиш имтиёзини тақдим этишда ижтимоий адолат тамойилига тўла амал қилишга эришади.

Жумладан, биз пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида яшовчилар, аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни дори воситалари ва тиббий мақсадлар учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, ижтимоий дорихоналар  тармоғининг ривожланиши   ва фаолияти устидан қатъий назорат олиб борамиз.

ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚАДАМ: Таълимда ижтимоий тенглик тарафдоримиз!

 

Зокиржон НУРОВ, 93-Паркент сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Биз яқин орада барча аҳоли қатламларига мулкчилик шакли ва  молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча таълим муассасаларида сифатли мактабгача, ўрта, олий таълим, хусусан, касбий таълим олишлари ва малакасини оширишлари учун тенг имкониятлар яратишга эришмоқчимиз.

Бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва келгусида 6 ёшдаги болаларни мажбурий  мактабгача таълим  ва тарбия  билан тўла қамраб олиш, мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш таклифини илгари сурдик.

Бундан ташқари, партиямиз мактаб ўқувчиларига жамоат транспортида  бепул юриш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда барча мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида ўқувчилар ва тарбияланувчиларни баланслашган соғлом озиқ-овқатлар билан кафолатли таъминлаш ташаббуси билан чиқади.

ЎНИНЧИ ҚАДАМ: Ўқитувчилар ва шифокорларнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш — ҳаёт талаби.

 

Отажон РАСУЛОВ, 103-Қўқон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

  Партия ўқитувчилар ва шифокорларнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратади.

Ана шу мақсадда бизнинг парламент фракциямиз соғлиқни сақлаш ва  таълим  соҳаси ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, обрўйи ва хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган  меъёрларни  қонуний  жиҳатдан мустаҳкамлашга эришади.

Биз, шунингдек, юқори малакали тажрибали мутахассисларни чекка ва олис  қишлоқ аҳоли пунктларидаги тиббиёт ва таълим муассасаларига ишга жалб этиш мақсадида имтиёзлар ва рағбатлар тизимини жорий этишга ҳам интиламиз. Бу қишлоқ аҳолисининг сифатли таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

ЎН БИРИНЧИ ҚАДАМ: Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш кенгайса, аҳоли фаровонлиги янада юксалади.

 

Тошбўри ЭГАМНАЗАРОВ, 134-Яккабоғ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Халқ депутатлари  Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз яқин беш йил ичида маҳаллий бюджет маблағлари ва хусусий инвестициялар ҳисобига  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли корхоналарни ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга оширишни таклиф этади.

Шу асосда биз беш йилда ишга лаёқатли аҳолининг яшаш минимумидан  камида 50 фоиз юқори бўлган иш ҳақи даражасига эга барқарор иш ўринларида  бандлик унумдорлигини 2 баравар оширишга эришмоқчимиз.

Биз, шунингдек, вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш бюроси фаолиятини ташкиллаштириш, жумладан, ушбу меҳнатда банд бўлган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлашда керакли тартибни жорий этишга ҳам эришамиз.

ЎН ИККИНЧИ ҚАДАМ: Аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатувчи муаммоларни олдиндан аниқлаш ва самарали ҳал этишни мақсад қилганмиз.

 

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,

150-Шайхонтоҳур сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Бизнинг парламент фракциямиз аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир  кўрсатувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мажбурий  ижтимоий  маслаҳати, жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизаси  механизмини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлашга эришади.

Партия ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мустаҳкам  тараққиётни таъминлаш мақсадида давлат органлари фаолиятига, аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатувчи муаммоларни олдиндан аниқлаш ва  самарали ҳал этишни таъминлайдиган ижтимоий диагностиканинг замонавий услубларини жрий этишга эришишни режалаштирган.

Ҳурматли сайловчилар!

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз берсангиз, энг мақбул, энг ишончли йўлни танлаган бўласиз.

Биз юксак ишончингизни оқлаш ва олдимиздаги 12 қадамни ташлаш учун қатъий курашамиз!


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: