29.10.2019

Ўзбекистон Халқ демократик партияси: тенглик, адолат, бирдамлик учун курашади

Пойтахтимиздаги «International hotel Tashkent» меҳмонхонасининг муҳташам Амир Темур залида Халқ демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди.

Партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларидан кўрсатилган делегатлар, партиянинг республика миқёсидаги фаоллари, хайрихоҳлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашган қурултойда партиянинг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилди.

Қурултойда дастлаб Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партиянинг ўтган беш йиллик фаолиятини таҳлил қилди. Шунингдек, партиянинг бу йилги сайловда фаол ва муносиб иштирокини таъминлаш билан боғлиқ энг муҳим вазифалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар, кенг қамровли ислоҳотлар бутунлай янги, юксалиш босқичига қадам қўйди. Юртимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида амалга оширилаётган кенг қамровли янгиланишлар давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистон очиқ, прагматик сиёсат сари юзланди, дея ўз сўзини бошлади партия етакчиси.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамиятда кечаётган кучли модернизация жараёни барча соҳада юксалиш тўлқинини юзага келтирди. Бу дунё ҳамжамиятининг ҳам кенг эътирофига сазовор бўлаётгани халқимизни янада руҳлантириб, барчамизни янги марралар, улкан мақсадлар сари ундамоқда.

Муҳими шундаки, бугунги ҳаётимиздаги тарихий ўзгаришлардан, энг аввало, халқимиз баҳраманд бўлмоқда. Одамларнинг ҳаёти ва кундалик турмуш шароити яхшиланиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бормоқда.

Юртимизда демократик ислоҳотлар мазмун ва аҳамиятига кўра, бутунлай янги босқичга кўтарилди. Кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, сўз эркинлиги тамойиллари таъминланди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида фоал иштирок этиши учун барча ҳуқуқ ва ваколатлар кафолатланди.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов сиёсий партиялар ва парламент фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда янги даражага кўтаришда долзарб аҳамиятга эгадир. Бир сўз билан айтганда, халқимиз, сайловчилар бу сайловга катта умид ва ишонч билан қараб турибди.

Хабарингиз бор, бу йилги сайлов кампанияси «Янги Ўзбекистон Янги сайловлар» шиори остида ўтказилмоқда. Дарҳақиқат, сайлов кампанияси халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортган бугунги янги даврда ўтмоқда. Халқимиз, сайловчилар сиёсий партиялардан амалий натижа, қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти.

Маълумки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, аввало, уларнинг қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон халқ демократик партиясининг Мафкураси учта асосий ғоядан иборат. Булар Ижтимоий тенглик ва адолат, Ижтимоий бирдамлик ҳамда Ижтимоий демократияга эришишдир.

Албатта, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мазкур ғоялар учун курашишни ўзининг бош мақсади этиб белгилаган. Бинобарин, бозор иқтисодиёти муносабатлари чуқурлашган жамиятда ижтимоий ҳимоянинг аҳамияти юқори бўлиши шубҳасиз. Зеро, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатаяптики, иқтисодий муаммоларни, иқтисодий инқирозни бартараф этиш мумкин. Аммо ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий инқироз оқибатларини юмшатиш осон кечмайди. Бу жуда катта куч, вақт, энг муҳими, узоқни ўйлаб оқилона сиёсат юритишни талаб этади. Айрим мамлакатларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига, ижтимоий масалаларига эътиборсиз қараши натижасида жуда катта ижтимоий танглик келиб чиққани кўпчиликка маълум. Шу боис адолатли жамият аҳолининг эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳамиша ҳимоя қилишни ўз зиммасига олиши шарт!

Шу нуқтаи назардан партиямизнинг ғоялари давлат ва жамиятда тинчлик ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Партиямиз Ижтимоий адолат ва тенглик деганда, ҳуқуқ ва имкониятлардан барча фуқароларнинг бирдек эркин фойдаланишидаги тенглик ва адолатни назарда тутади. Зеро, инсонларнинг ҳуқуқ ва бурчлари қонун билан кафолатланган жамиятда адолат ва инсонпарварлик устувор бўлади.

Маълумки, халқимиз ҳамиша ўз иқболини бирдамликда, ҳамкору ҳамдўстликда яратиб келган. Бунда аҳолининг миллати, диний эътиқоди ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар бир-бирига меҳр-оқибати, бағрикенглиги юксак қадрланади. Бинобарин, ижтимоий бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш бўлмаган жамиятда ҳеч қачон барқарор ривожланиш бўлмайди.

Ижтимоий демократия ғояси жамиятда аҳолининг ижтимоий ҳимояси сўзсиз таъминланиши демакдир. Аҳолининг бандлик даражасини ошириш, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларини ташкил этиш ҳамда ҳаётий зарур эҳтиёжларини етарли даражада таъминлаш устувор мақсад қилиб қўйилган. Бунда аҳолининг ижтимоий ва пенсия таъминотини кафолатлашга ҳам муҳим аҳамият қаратилди. Ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, кўп болали оналар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифадир.

 

Маълумки, 2030 йилгача Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш Концепциясида дунёнинг ўртача ривожланган мамлакатлари қаторига киритиш бош мақсад этиб белгиланган.

Партиямиз мазкур мақсадга эришиш тамойилларида биринчи навбатда, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳисобга олишни зарур, деб билади.

Булар:

пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали оналар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари;

банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар, жумладан, таълим муассасаларини тугатганидан сўнг меҳнат бозорига илк маротаба кириб келган ёшлар;

доимий иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар, жумладан, ички ва ташқи меҳнат мигрантлари.

Бугун мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан ҳам етарли салоҳият ва қудратга эга бўлди. Партиямиз бу кучни кам таъминланган қатламлар турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш учун йўналтириш керак, деб ҳисоблайди.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтадиган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа ҳисобланувчи сайловда партиямизнинг муносиб иштирок этиши ҳамда Сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва ғояларни ҳаётга изчил татбиқ қилиш учун қуйидаги вазифаларни бажаришимиз лозим, деди У.Иноятов.

Биринчидан, Сайлов кодексининг нормаларини сайловчиларга кенг тушунтириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, депутатликка номзодларнинг сайловолди дастури, уларнинг меҳнат фаолияти ва инсоний фазилатлари билан сайловчиларни кенгроқ таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан янада фаол ишлашимиз зарур.

Шу боис электоратимиз манфаатларига бевосита боғлиқ бўлган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалаларни кенг тарғиб этишда ёндашувни ҳам ўзгартириш жоиз. Яъни, сиёсий ахборотларда фақат Ўзбекистон ХДП позицияси билан чегараланмасдан, бизнинг позициямиз бошқа партиялар қарашидан нимаси билан фарқ қилишини аниқ-равшан ёритиб беришимиз талаб этилади.

Иккинчидан, электорат билан иш олиб боришда бошланғич партия ташкилотларининг ўрнини мустаҳкамлаш, сайлов жараёнида уларнинг салоҳияти ва имкониятидан унумли фойдаланиш муҳимдир.

Бунда бошланғич партия ташкилотларини тегишли сайлов округи ҳамда сайлов участкаларига бириктиришни эътиборга олиш зарур.

Учинчидан, партиянинг барча даражадаги Сайлов штаблари самарали ишлашини тизимли ташкил этиш керак. Сайлов штабларининг вазифалари фақат сайловолди ташвиқотини ташкил қилиш, ваколатли вакиллар ва кузатувчилар ишини мувофиқлаштиришдан иборат бўлиб қолмаслиги лозим.

Партиямизнинг Сайлов штаблари сайлов кампаниясининг бориши ҳамда рақобатчи партиялар хатти-ҳаракати юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиши керак. Шунда партиямиз номзодларига нисбатан рақиб партиялар томонидан билдириладиган ҳар қандай танқидий муносабатга ўз вақтида муносиб жавоб қайтариш имконига эга бўламиз.

Сайловлардан кейин халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари ва парламент фракцияси билан дастурий мақсадларимизни амалга ошириш бўйича аниқ «Йўл харитаси»ни белгилаб оламиз.

Бунда, биринчиндан, Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда партиянинг парламентдаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари ўз ваколат ва ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолиятида ташаббускорлик кўрсатиши лозим.

Биз партия Сайловолди дастури ижросини таъминлашда қуйидаги учта асосий механизмдан самарали фойдаланишни лозим, деб ҳисоблаймиз.

Биринчи механизм бу – депутатлик бирлашмаларининг қонун ижодкорлиги функцияси. Яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қонун ижодкорлигини кучайтириш лозим. Шунингдек, Халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари мажлиси ва сессияларида партия гуруҳларининг қарорлар қабул қилиш бўйича ташаббускорлигини ошириш керак.

Иккинчи механизм бу — депутатлик бирлашмаларининг назорати функцияси. Яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишда доимо фаол бўлиши зарур. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар партия гуруҳларининг депутатлик назоратини амалга оширишини кучайтириш талаб этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент эшитувлари ва Халқ депутатлари Кенгашларида ваколатли органларнинг мансабдор шахсларининг ҳисоботини эшитишни тизимли йўлга қўйишимиз керак.

Учинчи механизм бу – партиянинг аҳоли билан ишлаш тизимидир. Яъни, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти ва партиянинг аҳоли ўртасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини оширишимиз лозим. Бунда, ижтимоий диагностика яъни, асосий ижтимоий гуруҳ манфаатларига таъсир қилувчи муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади.

Иккинчидан, биз партиянинг оммавий-сиёсий, тарғибот-ташвиқот ишларида, умуман, сиёсий маърифат тизимида замонавий интерфаол усул ва сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиб, сиёсий ўқувлар самарадорлигини оширишимиз лозим. Бунда бошланғич партия ташкилотлари мафкуравий функциясини кучайтириш, партиянинг оммавий ахборот воситалари ва интернет ресурсларидан фойдаланиш имкониятини янада такомиллаштириш талаб этилади.

Учинчидан, партиямизнинг кадрлар билан ишлаш фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш давр талабидир. Юқоридан қуйигача партия ташкилотлари ходимларининг касбий ва билим даражасини оширишнинг самарали тизимини яратиш керак. Мақсадли стажировкаларни ташкил этиш йўли билан заҳирага киритилган ходимларнинг лавозим-мартабаси ўсишини таъминлайдиган замонавий ва адолатли бошқарувни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчидан, партиямизнинг минтақавий ва маҳаллий кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш зарур. Бу борада мавжуд муаммоларни шунчаки таъкидлашдан кўра, амалий ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш лозим. Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни доимий мониторинг қилишда партия сайланма органлари ва бошланғич ташкилотлари имкониятидан кенгроқ фойдаланиш зарур.

Бешинчидан, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда янги самарали усул ва механизмларни татбиқ қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз билан маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳамкорлигини таъминлаш, туман – вилоят – Республика тизимини фаол қўллаш зарур.

Олтинчидан, партия фаолиятини такомиллаштириш учун қуйидаги вазифаларга эътибор қаратишимиз лозим:

— бошланғич партия ташкилотлари тузилмасини янада такомиллаштириш, уларнинг бевосита аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш;

— номзодларни партия аъзолигига қабул қилишда фақат сон жиҳатдан ўсишга эмас, балки фаол фуқаролик позициясига эга, аҳоли ўртасида обрўли ҳамда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишга интилувчи фуқароларни мақсадли саралаб олиш аҳамиятлидир;

— партиямизнинг жамиятдаги ижобий имижини ошириш учун аҳоли ўртасидаги ижтимоий-сиёсий фаолиятимизни янада самарали ташкил этишимиз лозим. Бунда, партиянинг ижтимоий-сиёсий тадбирларини фақатгина фаол тарафдорлар ва аъзолар орасида ўтказиш амалиётидан воз кечиб, бевосита аҳолининг ижтимоий гуруҳлари ўртасида ташкил этишга эътибор қаратиш лозим. Бунда ижтимоий гуруҳларни қийнаётган ва уларнинг кайфиятига таъсир қиладиган масалаларни кенг муҳокама қилиш учун замонавий мулоқот шаклларидан самарали фойдаланиш керак;

— сайлов жараёнида ортирилган тажрибадан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлашнинг янги шаклларини амалиётга жорий қилиш аҳамиятлидир. Партия газеталари, партия Интернет-сайти ва барча ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишларини кучайтириш бугун самарали таъсир кучига эга.

Мазкур вазифалар сайловлар ҳамда ундан кейинги даврда ҳам амалий аҳамият касб этишини инобатга олиб, дастурий мақсадларимизни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга бугундан қатъий киришишимиз керак.

Бу йилги сайловда иштирок этар эканмиз, партиямизнинг асосий мақсади — халқимизни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал қилишда самарали иштирок этиш, бунинг учун эса керакли депутатлик ўринларини эгаллашимиз лозимдир. Шу маънода сайлов жараёни партиямиз, умуман, барчамиз учун халқимиз, сайловчилар ишончини қозониш имконияти эканини унутмайлик.

Партиямиз мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Олий Мажлис ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловларда фаол ва муносиб иштирок этиб, Қонунчилик палатасида ҳам, маҳаллий Кенгашларда ҳам энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритишга ишонамиз!

Бунинг учун эса, ҳар биримиз юртимиз равнақи ва заҳматкаш халқимиз ҳаёти фаровонлиги йўлидаги мақсадимиз учун янада қатъий ҳаракат қиламиз!

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамиша халқ билан бирга, дея ўз сўзини якунлади партия етакчиси.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан вазирлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери, партия ташкилотлари раҳбарлари ҳамда депутатлар сўзга чиқди.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Ўзбекистон ХДП фракцияси ўтган давр мобайнида фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, ўз ишини мутлақо янгича йўналишда ташкил этди. Қисқа қилиб айтганда, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик фаолиятимизнинг асосий мезонига айланди.

Партия фракцияси томонидан ҳисобот давридаги қабул қилинаётган қонунлар амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига таъсирини янада кучайтиришга йўналтирганлиги билан аҳамиятли бўлди. Партия электоратини қийнаб келаётган, ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги муаммолар ечимига ҳамда мамлакатни ривожлантиришга қаратилганлигига эътибор қаратди.

Ўтган давр мобайнида 233 маротаба фракциянинг кенгайтирилган йиғилишлари ўтказилди. 580 та қонун лойиҳалари ўрганиб чиқилди. 230 дан зиёд қонунларга фракциянинг позициясидан келиб чиқиб, аниқ таклифлар берилди. 64 та қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш лозимлиги билдирилди. 15 та қонун лойиҳаси фракция аъзоларининг шартли позициясига киритилди. Шунингдек, ҳисобот даврида қонунчилик палатасида кўрилган 580 та қонун лойиҳаларидан 28 тасига фракция аъзолари ташаббуси билан концептуал ўзгартиришлар киритилди.

Айтиш керакки, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 334 та таклифи ишлаб чиқилди. Кўриб чиқилган қонунлар лойиҳалари бўйича фракциямиз аъзолари томонидан билдирилган таклифларнинг 120 га яқини қонунларни қабул қилиш жараёнида инобатга олинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ҳисобот йилларида 85 та қонун лойиҳаси киритилган бўлса, шундан 44 та лойиҳада фракциямизнинг аъзолари ташаббускор сифатида иштирок этди.

Яна бир муҳим жиҳат. 2017 йил бошидан фракция қонун ижодкорлигини ташкил этиш борасида янги йўналишда ишлай бошлади. Яъни, Қонунчилик палатасига кириб келган қонун лойиҳаларининг дастлабки муҳокамаларидан сўнг партия ташкилотлари орқали Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳларига юбориш ва партия фаоллари билан муҳокама қилиш тизими жорий этилди. Натижада 278 та қонун лойиҳаси тўғридан-тўғри халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳи депутатлари, партия фаоллари билан кенг муҳокама қилинди. Улардан 700 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар олинди.

Хабарингиз бор, ўтган давр мобайнида фракция фаолиятида 10 га яқин қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Шундан 4 таси депутатларнинг жойлардаги фаолияти натижасида соҳаларда аниқланган муаммоларнинг ечимларига қаратилган ташаббуслари асосида тайёрланди. Жумладан, «Иссиқлик таъминоти тўғрисида»ги, «Имконияти чекланган болаларнинг таълим олиши ва ижтимоий интерацияси тўғрисида»ги, «Психиатрия ёрдами тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги»ги қонун лойиҳалари айнан фуқаролар билан мулоқот давридаги таклифлар, экспертларнинг фикр-мулоҳозалари асосида ишлаб чиқилди ва муҳокама қилинди.

Фракция томонидан назорат-таҳлил фаолияти борасида ҳам самарали иш олиб борилди. Ижро ҳокимияти вакиллари ахборотларини эшитиш, тегишли масъулларга парламент назорати шакллари билан мурожаат қилиш, минтақаларда бандлик дастурлари ижроси бўйича мунтазам назорат амалга оширилди. Масалан, парламентда 2015-2017 йиллар давомида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг Ҳар йилги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари параметрларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотлари эшитилди. 2016 йилда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонун ижросини ўрганиш натижасида Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирига Парламент сўрови юборилди. 2017 йилда эса фракция ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига «Аҳолини газ ва электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги Парламент сўрови жўнатилди. 2018 йилда Соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадмановнинг «Мамлакатимизда ногиронликни белгилаш амалиёти ва уни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти парламент йиғилишида эшитилди.

Шу билан бирга, Парламент назоратининг янги механизмларидан бири бўлган «Ҳукумат соати»ларида фракция ташаббуси билан 2018 йилда 3 та, 2019 йилда 2 та, жами 5 та масала олиб чиқилиб, тегишли ҳукумат вакилларининг ахборотлари эшитилган.

Фракция аъзолари ўтган давр мобайнида республикамизнинг 96 та туман ва шаҳарларида ўтказилган сессияларда туман соғлиқни сақлаш бўлимларининг ҳисоботларини эшитишди. Назорат-таҳлил ишлари давомида 759 та муаммо фракция ташаббуси билан бартараф этилди. Жумладан, ногиронлик аравачасини ололмаётган 167 та фуқарога ногиронлик аравачалари олиб берилганлиги, 173 нафар фуқарога соғлиқни сақлаш муассасаларига ордерлар олингани ва бошқалар шулар жумласидандир.

Сўнгги 5 йил давомида Фракция аъзолари томонидан 90 та депутатлик сўрови жўнатилган.

Фракциянинг асосий йўналишларидан бири — ўзлари сайланган округларидаги фаолиятини ташкил этиб беришдан иборатлиги барчамизга маълум. Шу билан бирга мамлакатимизда сўнгги уч йилда шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида депутатларнинг ўз сайловчилари ҳамда туман-шаҳарлардаги аҳоли вакиллари билан учрашувлари амалиёти ҳам тубдан ўзгарди. 2015-2016 йилларда депутатлар ҳар чоракда ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли билан учрашувлар ташкил этишарди. 2017 йилдан бошлаб ҳар ойда 10-12 кунгача депутатлар жойларда аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш амалиёти жорий этилди. Бунинг натижасида 2015-2019 йилларда фракция аъзолари томонидан жойларда ўрганишлар вақтида жами 20 минг 156 та хонадон, 228 минг 633 нафар фуқаро, жумладан, 3 минг 197 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашди. Мазкур учрашув ва мулоқотлар давомида улар томонидан жами 22 минг 859 та масала кўтарилди. Депутатлар кўмагида 493 нафар фуқаро ҳудудларда доимий ишга жойлаштирилди, 320 нафар фуқаронинг тиббий ва тиббий-ижтимоий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланди.

Шу биилан бирга, 2019 йилда Ўзбекистон ХДП фракцияси бошқа фракциялардан фарқли ўлароқ ҳар ойда депутатлар жойлардан қайтганда, сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларни таҳлил қилиб, фракция йиғилишида ижро ҳокимиятининг масъул вакилларини жалб қилган ҳолда муҳокамалар ўтказиб келди.

Ўтган даврда фракциямиз депутатларининг фуқаролар мурожаатлари, билан ишлашдаги масъулиятини кучайтириш, шунингдек, ушбу соҳадаги натижадорликни янада ошириш борасида муайян ишлар олиб борилди.

Жумладан, 2015-2019 йиллар давомида, фракциямиз аъзоларига сайловчилар томонидан 13 171 та мурожаат бўлган. Шундан, 9 536 таси ёки умумий мурожаатларнинг 72,4 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича тегишли тушунтиришлар берилган.

 

 

Музокараларда ҳам амалий таклифлар билдирилди

Нуриддинжон ИСМОИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери:

— Шу кунлардаги ўзгаришлар, янгиланишларга барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Президентимизнинг Олий Мажлис депутатлари, сиёсий партия вакиллари билан бўлган учрашувларида белгиланган вазифалар, билдирилган таклифлар босқичма-босқич амалга ошмоқда. Айниқса, охирги уч йил давомида Қонунчилик палатаси фаолияти тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбари бизга кутмаган катта-катта имконият ва ваколатларни ишониб топширди. Парламент назорати йўналишидаги ишимиз деярли қайта кўриб чиқилди. Ҳар ойда ҳукумат соати ўтказилмоқда. Вазирлар фаолиятлари юзасидан депутатлар олдида ҳисоб бермоқда. Бир пайтлар Сенат йиғилиши эълон қилинганда қонун лойиҳаларини етказиб беролмасдик. Ҳозир 40 та қонун лойиҳаси қўлимизда турибди. Қонунлар сони билан бирга моддалар кўлами ҳам ортган. Вазирлик ва идора вакиллари депутатлардан қонунни ўтказиб беришни сўрашмоқда. Бу парламентда уч йилда бўлган ўзгаришлар, холос.

Айтиш лозимки, кейинги чақириқдаги Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам осон бўлмайди. Уларнинг зиммасига янада кўпроқ масъулият юкланади. Олдимизда бажариладиган ишлар кўп. Масалан, тиббиёт соҳаси, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада такомиллаштириш лозим. Эндиликда вилоятларда биттадан намунали туман ташкил этилади. Галдаги вазифа мамлакатимиздаги барча туманларда аҳоли учун ҳавас қилгудек турмуш шароити яратишдир. Тан олиш керак, ҳали интернет тармоғи уланмаган тиббий масканлар, ҳатто компьютер ўрнатилмаган поликлиникалар мавжуд.

Очиқ тан оламиз, биз бажарилган кўпгина ишларимизни, ташаббусларимизни етарли даражада кўрсатиб беролмаяпмиз. Ғалла бўйича бозор муносабатларига ўтиш борасида 52 депутат жойларда бўлди, ўрганди. Зарур деб топилган жойларда ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлам манфаати ҳақида қайғурилди, кўмак берилди. Натижада ҳукумат томонидан бу тоифага ажратиладиган маблағни оширишга эришилди.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сайловларга киришда биз ОАВлар билан ишлаш, журналистларнинг мавжуд муаммоларга эътиборини қаратиш йўлларини қидиришимиз лозим.

 

Ботир ХАЖАЕВ, Иқтисодиёт ва саноат вазири:

Юқоридаги маърузаларда истеъмол саватчаси, яшаш минимуми билан боғлиқ қонунлар қабул қилиш ҳақида гапирилди. Менинг бир таклифим бор. Қонунлар эмас, битта қонун қабул қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми даражаси, аниқроғи, ҳаёт кечириш минимум даражаси билан боғлиқ. Бу иккита кўрсаткич ўзаро боғлиқдир. Демак, аввало саватчанинг ҳисоб-китобини чиқариш ва шунинг асосида яшаш минимуми шакллантирилади.

Халқаро тажрибада, яъни МДҲда бу асосан қўлланадиган механизм. Мисол учун, Россия Федерациясида 2019 йилдан бошлаб энг кам иш ҳақи билан яшаш минимуми тенглаштирилган. Қозоғистонда эса охирги 9 ойлик маълумотларга кўра, коифициенти 1,27 фоизни ташкил қилмоқда. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг таркибидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Нега Ўзбекистонда ҳали ҳануз ушбу тартиб жорий этилмаган, деган ҳақли савол туғилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади иқтисодиётни кенгайтиришдан иборат. Хўш, бу жараён қачонгача давом этади, десангиз, ҳамюртларимизни тўлиқ доимий иш жойига эга бўлишини таъминлаш даражасига етганда, деб жавоб бераман. Бунга албатта бир неча йил талаб этилади. Бизнинг бошқа мамлакатларга қараганда ўзимизга хос жиҳатларимиз бор. Унинг ижобий томонлари ва мураккабликлари ҳам мавжуд, албатта.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда кам таъминланган аҳоли вакилларини иш билан банд қилиш асосий вазифалардан бири саналади. Шунинг учун яшаш минимуми ва истеъмол саватчасининг услуби ишлаб чиқилди. Айни пайтда Тошкент ва Фарғона вилоятларида синов режимида амалга оширилмоқда. Шу орқали қонун яратишда хатога йўл қўймаслик, ҳақиқий аҳволни яхшироқ ўрганиш имкони юзага келади.

 

Шерзод ШЕРМАТОВ, Халқ таълими вазири:

— Партиянинг сайловолди дастурида ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик масалаларига эътибор қаратилгани жуда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Ҳаммамиз қонунлар тўғридан-тўғри ишлайдиган жамият тузишга ҳаракат қиляпмиз. Мана шу масалада партиямиз ҳам ўзининг муносиб ҳиссаси, овози ва сўзига эга бўлиши керак. Бунинг учун парламентда етарли ўринни эгаллаши талаб этилади. Парламентнинг муҳим йўналишларидан бири бу — давлат бюджетини тасдиқлаш масаласидир. Бунда фракциямиз аъзолари ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар хусусида ўз фикрларини билдиради.

Масалан, таълим соҳасига бюджетдан ажратилаётган маблағлар ортяптими ёки камаяптими? Ялпи ички маҳсулотдаги улуши ортяптими, камайяптими, каби саволларга тўғри жавоб олиш керак. Фракциямиз аъзолари бу борада ўз позициясини қатъий билдира олса, келаси йилги бюджетни тасдиқлашда ўз таклифларини илгари суриш имконига эга бўлишади. Натижада таълим соҳасида ривожланиш, ўсиш суръати янада ортади.

Айтайлик, 12 йиллик мажбурий таълим 11 йилликка ўтгач, ажратилаётган маблағларда қандай ўзгариш бўлди? Бу саволга бюджет муҳокамаси жараёнида жавоб топамиз, деб умид қиламиз.

Яна бир масала. Кейинги пайтларда бюджетдан ортган маблағ маҳалий ҳокимликлар ҳисобида қолмоқда. Табиийки, ҳар бири ўзига яраша маблағга эга. Ушбу маблағларнинг қайси соҳага тақсимланиши бўйича ҳам маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз сўзига, ўз фикрига эга бўлиши керак. Мисол учун, Наманган вилоятида маҳаллий бюджетдан ортган маблағлар таълим соҳасига ажратилди. Натижада бирорта ҳам эски мактаб қолмади. Барчаси замонавий кўринишда қайта қурилди, реконструкция қилинди.

Бир сўз билан айтганда, электоратимиз манфаатлари ҳамда партиямиз ғояларини ҳимоя қила оладиган кучли депутатлар керак бўлади. Ўйлайманки, ана шунда кўзланган мақсадларга эришамиз ва сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларни бажарамиз.

 

 

Ўтган давр мобайнида партиямиз томонидан Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Маҳалла аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Кучли ижтимоий ҳимоя асосий мақсадимиз!», «Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш энг муҳим устувор йўналиш», «Ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда қолмайди», «Халқ билан мулоқот ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали йўли», «Меҳр улашинг» каби 20 га яқин лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳаларда бир ярим миллион аҳоли қамраб олинганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

 

 

Сафар ОСТОНОВ, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири:

— Навбатдаги сайловда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат ҳар қачонгидан кўра, кескин бўлишини ҳаммамиз яхши англаб турибмиз. Бунинг сабабларини ҳам яхши биламиз.

Биринчидан, сўнгги беш йил мобайнида фуқароларимизнинг ҳуқуқий-сиёсий билими сезиларли даражада ўсди, уларнинг сиёсий партияларга ишончи ҳам, талаби ҳам ошди.

Иккинчидан, сиёсий партиялар сайловларда иштирок этиш, курашиш учун етарли тажрибага эга бўлди. Сиёсий партиялар сони ошди. Тўрттадан бештага етди.

Учинчидан, навбатдаги сайлов яқинда қабул қилинган сайлов тўғрисидаги Кодекс асосида ўтади.

Тўртинчидан, навбатдаги сайлов мамлакатимизда демократик жараёнлар янги босқичга кўтарилган, аҳолиниг ҳаётга муносабати сезиларли даражада ўзгарган янги сиёсий муҳитда ўтади. Бу ўзгариш ва янгиланишлар сайловга жиддий тайёргарлик кўришни, кураш тактикасини аниқ белгилаб олишни талаб этади. Нима демоқчилигимиз, нима қилмоқчилигимизни сайловчилар яхши билиши керак.

Сайловда муваффақиятли ва муносиб иштирок этишнинг асосий шартларидан бири тарғибот ва ташвиқот ишларини қай даражада олиб боришимизга боғлиқ.

Аввало, партиямиз Сайловолди дастурининг бошқа сиёсий партиялар дастурларидан фарқли жиҳатларини оддий мисоллар билан тушунтириб бермоғимиз зарур. Партиямиз ғояси инсонпарвар ғоя экани, ижтимоий ёрдамга муҳтож одамлар ҳуқуқини ҳимоя этишимизни, улар манфаати учун курашмоғимизни билган киши бизни қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман.

Биласизлар, тарғибот ишларини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу масалада бошқа сиёсий партияларга қараганда бизда имконият кенгроқ. Республика миқёсида иккита нашрга, — ўзбек ва рус тилида, ҳудудлар миқёсида учта газетага эгамиз. Партия нашрларида номзодларимиз ёки сайловолди дастурини ёритиш миқдори чекланмаган. Аммо сайлов жараёнида ОАВ билан ишлашнинг айрим жиҳатлари ҳақида таклифларни билдирмоқчиман.

Аввало, республика миқёсидаги қайси давлат нашрлари, нодавлат ва хусусий нашрлардан, телерадиоканаллардан фойлаланишни чуқур ўйлаб, режа тузиб олиш керак. Бунда аввало нашрларнинг ва телерадиоканалларнинг оммавийлигига эътибор қаратиш лозим.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқлар орасидан ҳамкорларни танлай билиш керак. Шунингдек, маҳаллий ОАВ имкониятларидан фойдаланиш ҳам яхши самара беришини унутмайлик. Энг муҳими биз интервъю берамизми, суҳбат қиламизми, мақола ёзамизми, учрашувларга борамизми, нима дейишимизни, нималарга урғу беришимизни чуқур ўйлаб олмоғимиз зарур.

Сайлов кампанияси пайтида сиёсий партиялар ўртасида баҳс-мунозара кучайиши табиий. Ҳаяжонга берилиш, сунъий баҳс, сохта шуҳратга интилиш, чуқур ўйламай гапириш хатоларга йўл қўйишимизга сабаб бўлади. Партиямизнинг кўплаб фахрийлари “Нуроний” жамғармаси ёки Маҳалла фуқоролар йиғинларига раислик қилиб келишмоқда. Улар катта тажрибага эга, эл орасида обрўси юқори. Уларни тарғибот ишларига жалб этсак, фақат наф кўрамиз.

 

Қумор БЕКНИЯЗОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, қурултой иштирокчиси:

Сўзим аввалида кўпчилик ёшлар қатори энг халқчил, дея таърифланаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафида эканимдан фахрланишимни айтмоқчиман. Мазкур партиянинг ҳаётимдаги ўрни беқиёс. Негаки, партиямиз томонидан ёшларнинг истеъдодини, иқтидорини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилаётган турли лойиҳаларда иштирок этиш давомида нималарга қодирлигимни янада чуқурроқ англадим. Ўзимга ишончим ортди. Хусусан, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови мен учун катта мактаб бўлди.

Халқ демократик партияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар кўплаб иқтидорли ёшларни кашф этмоқда. Мана шу жараёнда мен ҳам тажриба орттирдим, сиёсий билимларим ошди. Бирин-кетин ютуқларни қўлга кирита бошладим. «Йилнинг энг фаол журналисти» кўрик-танловида ғолиб бўлдим. Навоий номидаги ҳамда Президент стипендияларига муносиб кўрилдим. «Олтин қалам» миллий мукофотига сазовор бўлдим. Айни вақтда докторлик ишимни ҳимоя қилиш арафасидаман. Жанубий Корея, Германия, Россия сингари бир қатор мамлакатларда тажриба ўрганиб қайтдим.

Айни вақтда бутунлай ўзгача ўтиши кутилаётган муҳим сиёсий жараён олдида турибмиз. Мана шу жараёнда партиямиз ғояларини тарғиб этишда фаол қатнашаман. Партиямиз сайловолди дастурида таълим ва ижтимоий тенглик масалалари илгари сурилганини кўплаб ёшлар қўллаб-қувватлашига ишонаман. Халқ демократик партияси сафида истеъдодли ёшлар кўп, улар сайловда партиянинг таянчи бўлишади ва тарғибот ишларига муносиб ҳисса қўшишади.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцяиси аъзоси Феруза Эшматова, партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов ва бошқалар кун тартибидаги масалалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

 

Партия кенгашлари қошида фаолият кўрсатаётган 214 «Жамоатчилик қабулхонаси»га ўтган 5 йил давомида 64288 мурожаат бўлган. Уларнинг 40412 таси ёки 63 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатларнинг ижроси партия ташкилотлари ва депутатлар томонидан назоратга олинган.

 

 

Мақсуда ВОРИСОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

– 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар муносабати билан эълон қилинган сайлов кампанияси энг муҳим, энг қизғин паллага кирмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу йилги сайловга ўзгача шижоат, кўтаринки кайфият, энг муҳими, аниқ ғоя ва мақсадлар билан иштирок этади.

Бугунги қурултойда партиямизнинг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар муносабати билан Сайловолди дастури делегатлар эътиборига тақдим этилди.

Алоҳида жиҳати шундаки, партиямиз Сайловолди дастури янгича ёндашув бўйича «пирамида» шаклида ишлаб чиқилган. Яъни, ҳудудларга хос энг муҳим масалаларни белгилаб олиш, келажакда депутатлик бирлашмалари орқали амалий ва аниқ натижаларга эришиш учун қуйидан юқорига, «округ туман (шаҳар) – вилоят республика»тартибига амал қилиш кўзда тутилган. Бу, албатта, шунчаки гап эмас. Бу дастур устида партиямизнинг бутун тизими ишлади, 214 туман (шаҳар) нинг ижтимоий харитаси шакллантирилди. Мазкур хариталарда туманнинг ўзига хос ривожланиш ҳолати, одамларни ўйлантираётган масалалар ҳамда уларнинг ечими бўйича таклифлар ўрин олган.

Партия Сайловолди дастурида олис қишлоқ жойларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга малакали ва бой тажрибага эга мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия тегишли моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича аниқ механизмларни қонунчилик даражасида мустахкамлаш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва ўз фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси билан чиқишни режалаштирган.

 

Нокисбай ҒАНИЕВ, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси ўринбосари:

Партиямизнинг янги Сайловолди дастурида аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш, кундалик истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш ғоялари илгари сурилган. Тиббий хизмат сифатини яхшилаш, шифокорлар, ўқитувчи ва педагогларнинг ҳимоясини кучайтириш, қишлоқ одамларининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Мазкур вазифалар Қорақалпоғистон аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, муҳофаза қилиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади.

Партиямизнинг устувор мақсад ва ғоялари ифодаланган Сайловолди дастури бир овоздан тасдиқланди.

Партиямиз фикрича, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини юқори ижтимоий таъминланганлик даражаси жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Шу мақсаддан келиб чиқиб, партиямиз Мурувват, Саховат ва Меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчи кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлиги бўлган шахслар учун замонавий, ҳар томонлама қулай шароитларни яратиш ҳолатини жойларда депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати тариқасида ўрганишни кучайтиришни мақсад қилган. Биз шу пайтга қадар ҳам мазкур масалани мунтазам ўрганиб бордик. Эндиликда янги Сайловолди дастури асосида бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришни режалаштиряпмиз.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА, Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

Сайлов кампанияси даврида туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлар партиямиз ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган тадбирларни изчил йўлга қўйиши керак. Мазкур жараёнда, айниқса, сайловда биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланадиган ёшлар, хотин-қизлар, қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бу масала «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчиларининг диққат марказида туриши зарур, деб ўйлайман.

Сайлов кампаниясида фаол иштирок этиш учун партия ташкилотлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур. Биз нафақат партия аъзолари, балки меҳнат жамоалари, маҳаллаларда тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб боришимиз талаб қилинади.

Сайловолди ташвиқотида фақат номзодимиз таржимаи ҳоли билан чекланиб қолмасдан, партиямиз дастурий мақсадларига мувофиқ равишда жойларда амалга оширилаётган ишлар, партия гуруҳларимиз кўтариб чиқаётган ташаббуслар ва уларнинг аҳамияти ҳақида кенгроқ маълумот бериб боришимиз керак, деб ҳисоблайман. Чунки депутатларимизнинг фаоллиги ва фидойилиги аҳоли ўртасида партиямизнинг нуфузи ортишига хизмат қилади. Бу сайловолди ташвиқот ишларида жуда қўл келади.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ, Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

Сайлов халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифода этиладиган, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштирокини таъминлайдиган муҳим сиёсий жараёндир.

Таъкидлаш керакки, партиямиз мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён демократик тамойиллар асосида барча сайловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Демак, бу борада тажрибамиз етарли. Сайловолди ташвиқоти жараёнларида куч ва имкониятларимиздан самарали фойдаланишимиз талаб этилади.

Партиямиз Сайловолди дастурига учта ғоя умумий асос сифатида олинган. Булар — ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия. Шунингдек, партиямиз дастурида аҳолининг ижтимоий муҳофазасини, бандликни таъминлаш тизимини доимий равишда такомиллаштириб бориш масаласи ўртага ташланган. Бу бежизга эмас, албатта.

Чунки ҳар бир давлат ўз иқтисодий салоҳиятини ошириш, халқининг турмуш даражасини юксалтириш ҳақида ўйлайди. Унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, тараққиёти бевосита шунга боғлиқдир. Шу маънода партиямиз илгари сураётган ғоялар бугунги долзарб ижтимоий масалаларни ўз ичига олган.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: