15.10.2019

Янгиланаётган Ўзбекистон, янгича сайловлар

ва албатта тарғибот тадбирлари жойларда янги усулларда ўтказилмоқда

Зарафшон шаҳридаги Фавворалар сайилгоҳи ҳар қачонгидан ўзгача безатилган. Одамлар бу ерга ҳордиқ чиқариш учун кечки сайрга чиққан. Айтиш жоизки, "Биз мамлакатда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш тарафдоримиз!" шиори остида ЎзХДП Зарафшон шаҳар кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбир кекса-ю ёшни бирдек мамнун этди.

 

Тадбирни шаҳар кенгаши раиси Ш.Усманов кириш сўзи билан очиб, сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида қисқача маълумот берди.

Янгича усулда ўтказилган тарғибот тадбири веломарафон спорт мусобақаси билан бошланди. Унда 350 нафар партиянинг фаол аъзолари, нуроний отахон-у онахонлар, ёшлар ҳамда ота-оналар фарзандлари билан иштирок этди.

– Узоқ масофани босиб ўтган бўлсак-да, сира чарчамадик, – дейди шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бош ҳисобчиси Наврўз Турдиев. – Мақсад соғлом бўлиш ҳамда ёшларни оммавий спорт турларига жалб қилиш. Велосипедда саёҳатимиз жуда қизиқ ва таассуротларга бой бўлди.

– Мен «Ёшлик» маҳалласиданман, – дейди иштирокчилардан бири, 70 ёшли онахон Зинаида Клинова. – Авваллари партия тадбирлари зерикарли услубда маърузабозлик, давра суҳбатлари тарзида ўтказиларди. Бу галгиси жуда чиройли ва қизиқарли бўлди. Тадбирга келганимдан афсусланмадим. Невараларимнинг хурсандчилигини айтмайсизми? Улар ҳам мазза қилиб яйраб, ўйнаб-кулишди.

Тадбир доирасида кураш, югуриш, арқон тортиш спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди. Барчани ортда қолдирган йигит-қизларга партиянинг совғалари топширилди.

Бундан ташқари, иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайлов, сиёсий партиялар, мамлакатимиз парламенти фаолиятига оид ҳамда бошқа қизиқарли саволлар  берилди. Уларга биринчи ва тўғри жавоб қилганлар совғаларга эга бўлди.

– Бу ерга дугоналарим билан келган эдим, – дейди Зарафшон шаҳар тиббиёт коллежининг 3-босқич талабаси Элмира Темирова. – Тадбир доирасида ўтказилган турли ўйинлар жуда қизиқарли бўлди. Саволларга жавоб бериб, совғага ҳам эга бўлдим. Энг асосийси, сиёсий партиялар, янги Сайлов кодекси ҳақида ҳам кўп маълумотлар олдим. Фойдали бўлиш билан бирга қизиқарли тадбир ташкил қилгани учун партия вакилларидан миннатдорман.

– Партиянинг янги Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар, хусусан, «Яшаш минимуми» ва «Истеъмол саватчаси» тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати борасидаги таклифлари менга жуда маъқул бўлди, – дейди яқинда 18 ёшни қаршилаган Асила Раҳимова. – Шунинг учун айнан Халқ демократик партияси сафида бўлишни истадим. Партиямиз ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, улар амалга ошиши учун мен ҳам куч-ғайратимни аямайман.

 

Фахриддин Убайдуллаев,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши

Ахборот хизмати ходими.

 

унутилмас шодиёналар

 

Катта таассуротлар ва хурсандчиликка бой тарғибот тадбирлардан бири Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона шаҳар кенгаши томонидан Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний мажмуасида ўтказилди. Янгича услубда бўлиб ўтган тарғибот тадбири фарғоналиклар учун унутилмас шодиёнага айланди.

Тадбир бошланишига ҳали анча вақт бор бўлишига қарамай, шаҳар марказидаги буюк аллома ­Аҳмад ал-Фарғоний мажмуасига аллақачон одамлар йиғилиб бўлишган.

Қаршимиздаги ЎзХДП байроғини баланд тутиб, ҳилпиратиб турган ҳамюртимиз билан суҳбатлашгимиз келди.

– Қўштепа туманиданмиз, – дейди биз билан суҳбатда Алишер Юнусов. – Тадбир ҳақида эшитиб, партияни қўллаб-қувватлаш ва кўнгилли ҳордиқ чиқариш учун оила аъзоларимиз билан етиб келдик. Одамларнинг кайфиятини, фаоллигини кўриб, хурсанд бўлдим. Ўйлайманки, партиянинг бундан кейинги ишлари ҳам, тадбирлари ҳам мана шундай оддий одамлар орасида, халқ билан ҳамнафасликда давом этади.

 «Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз» шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан холи тарзда очиқ майдонда бошланди. Буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний  пойидаги саҳна байрамона тус олди. Карнай-сурнай садолари ва олқишлар жўрлигида тадбир бошланди.

Тадбирни Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Д.Мамаджанова кириш сўзи билан очиб, партия биринчи навбатда давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимоясига муҳтож аҳоли вакилларининг манфаатларини ифода этиши, ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғоялари учун курашишини таъкидлади.

Фарғоналик санъаткор ва хонандаларнинг чиқишлари ҳаммага кўтаринки кайфият улашди. Ушбу тадбир самимий даврага айланди. Қувноқ қўшиқ ва рақсларга партия фаолларидан тортиб депутатлар ҳам жўр бўлишди. Ҳатто истироҳат боғида айланиб юрган чет эллик сайёҳлар ҳам даврамизга келиб, ўйин-кулгуларимизга қўшилди. 

Тадбир якунида иштирокчиларга эсдалик совғалари улашилди.

ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши

Ахборот хизмати.

Ҳасан Абраевнинг орзуси амалга ошди

Ҳасан Абраев яшашни, табиатдаги ўзгаришларни кузатишни севади. Адабиётга қизиқади. Атоқли ўзбек адиблари ҳамда шоирларнинг китобларини меҳр билан ўқийди. Ўзи ҳам шеър ёзишни машқ қилиб туради. Фақат хасталиги сабаб қўлига қалам тута олмаслиги уни бироз қийнайди. Албатта, дўстлари, тарбиячилар унга яқиндан кўмак бериб келмоқда. Аммо ижодкорга илҳом қачон келишини ҳеч ким билмайди-да...

— Орзу қилишни яхши кўраман, — дейди ­Ҳасан Абраев. — Инсон умид билан яшаши, орзулари рўёбга чиқишига ишониши керак. Бошқаларни билмадиму, менинг орзуларим бирин-кетин амалга ошмоқда. Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси Ирода Абдуллаева бизни «Наврўз» боғига таклиф этди. Рости, тадбирнинг энг ҳаяжонли дақиқалари менга аталганини билмагандим. Ўртоқларим, Ҳасан сенинг исмингни айтишяпти, дейишганда ҳам эътибор бермадим. Кейин тарбиячимиз саҳнага олиб чиқиб, Ирода опа қўлимга ноутбукни тутқазганда жуда ҳаяжонланиб кетдим.

«Наврўз» боғида Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши томонидан ташкил этилган тарғибот тадбири ана шундай қувончли онларга бой бўлди. Ногиронлиги бўлган болалар, эҳтиёжманд оила вакиллари, боғга дам олиш истагида келган отахон-онахонлар, йигит-қизлар санъаткорларнинг ҳар бир чиқишини завқ билан кузатди. Биргаликда рақс тушишди. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов томонидан ижро этилган жаҳон операси дурдоналари йиғилганларга манзур бўлди.

Тадбир мобайнида Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова сўзга чиқиб, иштирокчилар билан самимий мулоқот қилди. Йиғилганларга партиямиз амалга ошираётган ишлар, депутатларимиз илгари сураётган ташаббуслар ҳақида гапирди. Халқ демократик партияси ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашишини таъкидлади.

— Очиғи, бир тадбирни ташкил этиш, ўтказиш, одамларни унга жалб этиш осон иш эмас, — деди Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси Ирода Абдуллаева. — Тан олиш керак. Илгарилари маҳаллаларда, турли ташкилотларда давра суҳбатлари, семинарлар, тадбирлар ўтказардик. Уч-тўрт мутахассис минбарга чиқиб, илмий атамаларга бой маърузалар қилинарди. Буларнинг қанча қисми иштирокчиларнинг юрагига етиб боргани эса бизга номаълум. Халқ демократик партияси томонидан ташкил этилаётган бугунгидек тарғибот тадбирлари эса узоқ вақт кўпчиликнинг ёдида қолишига ишонаман.

Ҳасан Абраев ҳақида гапирадиган бўлсам, бу болани бир неча йилдан буён биламан. Унинг аксарият шеърларини ўзим қоғозга туширганман. Биринчи китобини чоп этишда, тақдимотини ўтказишда кўмаклашдик. Бу партиямиз томонидан амалга оширилган энг кичик ишлардан бири, холос.

— Оила аъзоларим билан «Наврўз» боғига келдик, — деди Жамолиддин Файзуллаев. — Фарзандим телевизор орқали шу боғдаги чархпалакни кўрганини, унга чиқиб, сайр қилиш орзуси борлигини айтганди. Ўзингиз англаган бўлсангиз керак. Бизда тадбирни юқоридан томоша қилиш имкони бўлди. Чархпалакдаги сайрдан сўнг гумбаз остидаги тадбирни кузатдик. Барчаси яхши ташкил этилган, жажжи ўғил-қизларнинг рақслари, ота-оналарнинг уларга боқиб турган бахтли нигоҳларини кўриб тўлқинландим. Биз телевидение орқали расмий кийинган, жиддий қиёфадаги инсонлар тўпланиб, нималарнидир маслаҳатлашиб, муҳокама қилаётган мажлисларига ўрганиб қолган эканмиз. Бугунги тадбир бизда катта таассурот қолдирди. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Учтепа туман кенгаши томонидан «Uchtepa outlet» савдо марказидаги тадбир ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

— Тўғриси, фарзандларим билан сайр қилиб, шу баҳонада уй юмушларидан чалғиш мақсадида  ушбу савдо марказига келгандим, — дейди Шоира ­Тоирова. — Қизларим билан музқаймоқ еб ўтиргандик. Марказ майдонида бир гуруҳ ёшлар нималаргадир тайёргарликни бошлади. Қандайдир реклама воситаларини ўрнатишди. Хизматчи қиздан сўрасам, ҳозир Халқ демократик партиясининг тадбири бошланади, деб жавоб берди. Тадбирда қизим билан бирга иштирок этдик. Халқ демократик партияси илгари сураётган ташаббуслар ҳақида ҳам билиб олдик.

— Очиғи, Халқ демократик партиясининг тадбирлари ўзгача, ноодатий шаклларда, кўчалар ва боғларда ўтаётганини эшитгандим, — деди савдо маркази сотувчиси Аҳрор Шодиев. — Лекин партиялар фаолиятини кузатиб борганим учун бу гапга бироз ишонмагандим. Дўстларим Халқ демократик партиясининг «Халқлар дўстлиги» майдонидаги тадбири ҳақиқий шоу бўлди, дейишганди. Бугун гувоҳи бўлдимки, улар алдамаган экан. Тадбир бундай шоуга айланиб кетишини тасаввур ҳам қилмагандим.

Бундай тарғибот тадбирлари республикамизнинг турли ҳудудларида давом этмоқда.

Фаррух ТОШХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши АКТ етакчи мутахассиси.

«Бунақаси бўлмаганди»

Бўстонлиқ туманида ёмғир ёғди, лекин...

 

Бугун қай гўшага борманг, қайси бир масканга қадам босманг одамларнинг хуш кайфияти, табассумини кўрасиз. Айниқса, сайловолди тарғибот тадбирларининг ранг-баранг, куй-қўшиқлар билан ноанъанавий тарзда ўтказилаётгани халқимизни партияларга, депутатларга ва уларни халққа яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. ­Ўзбекистон ХДП эса бу борада фаолликни қўлдан бермай, одамлар орасига чуқурроқ кириб боришга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларида партиямиз фаоллари ва хайрихоҳлари маданият ва истироҳат боғларидан тортиб, пахта далаларигача бориб, одамларни фаолликка, уюшқоқликка чорламоқда. Куни кеча ана шундай тадбир Бўка туман кенгаши томонидан ўтказилди.  Й.Хожиметов фермерлар уюшмасининг "Озод Рустам" фермер хўжалигида қизғин давом этди.

Пахта даласидаги теримчиларга мадад бериш мақсадида бир пиёла чой ташкил этилди.

— Маълумки, ҳар қандай суҳбат дастурхон атрофида янада файзли ва илиқ ўтади. Шу билан бирга, бир дастурхон атрофида ўтириш орқали ўртадаги ишонч, самимий муносабат янада мустаҳкамланади, — деди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон ХДП  Тошкент вилоят кенгаши раиси Сайёра Файзиева.  — Теримчи хотин-қизлар билан суҳбат чоғида уларни ўйлантираётган масалалар, турмуш тарзини яхшилаш борасида таклифлар ҳақида ҳам сўз борди. Вақтинча ишсиз опа-сингилларимиз билан алоҳида кунда учрашишга келишиб олинди.

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, сайловга тайёргарлик жараёни ва сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақидаги фикр-мулоҳазалар уй-рўзғор, болча-чақа, оила мавзуларига уланди. Ўтган ҳар бир дам ўртадаги кўринмас деворни кўтариб, тезда самимий кулгу бошланди. Сокин ва ёқимли куйлар шўҳ қўшиқларга, қўшиқлар эса рақсларга кўчди. Йиғилганларнинг барчасида кўтаринки кайфият, шукроналик ифодаси бор эди.

Шу куни раҳбар ким, ким оддий ишчи фарқлаб бўлмасди. Ҳамма бир даврада ягона оиладек ўтирарди. Туман ҳокими ўринбосари М.Абдулазизова, Маънавият маркази, маданият бўлими вакиллари, партия фаоллари ва маҳалла аҳли яхши бир ишнинг гувоҳи бўлишди.

Айтишларича, яхшилик, яхши воқеа ва яхши нарсалар тез тугар экан. Бироқ инсон қалбига бир умрга муҳрланаркан. Ўйлаймизки, партиямизнинг бу каби самимий учрашувлари, оддий одамлар орасидаги тадбирлари хотираларда ҳамиша сақланади.

Эътибор беринг: 479 000 гектар ер майдони. 200 мингга яқин аҳоли. 50 дан ортиқ умумий ўрта таълим муассасаларию ўнлаб болалар боғчалари. Бу рақамларнинг барчаси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига тегишли. Асосан ўзбек, қозоқ, тожик ва рус миллатига мансуб аҳоли орасида корейс, татар, украинлар ҳам аҳил ва ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Ҳар соҳада илғорлар қаторида бўлишга интилиб келаётган туман аҳли жорий йилги сайловларга ҳам ўзгача кайфият билан ҳозирлик кўрмоқда. Кеча кечга яқин туман ҳокимлиги биноси олдидаги майдонга йиғилганлар бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди тарғиботи, шиорлари, ғоялари акс эттирилган байроқлар, турли баннер ва ёзувлар ўтган-кетганнинг эътиборини тортди. Бир зумда атрофга одам йиғилди. Кимдир ишдан, яна кимдир ўқишдан қайтаётган бўлса-да, уйига шошилмасди. Ҳамманинг фикру хаёли «Бугун қандай янгиликнинг гувоҳи бўламиз экан?, «Бу партиянинг ўзига хослиги нимада экан?», деган сўзлар билан банддек гўё. Қизиқиш ва ҳаяжон билан воқеликни кузатишди.

Тошкент вилоят партия кенгаши раиси Сайёра Файзиеванинг «Сиз ХДПни биласизми?» деган саволи йиғилганлар диққатини тортди. Кимдир «ҳа», яна бошқаси «биламиз» деди. Табиийки, уларнинг орасида жим турганлар ҳам йўқ эмасди. Биргина савол ортидан партиянинг шиори, сайловолди дастури, ғоялари ҳақида тушунчалар берилди. Одамлар орасида ўзаро муҳокама бошланиб кетди.

— Мазкур партия ҳақида узоқ йиллардан буён биламан, — деди Рихсим ота Махаматов.  Аммо бунақаси бўлмаганди. Бир-бирига ўхшаш гаплар билан одамларни бир хонага йиғиб олиб, қоп-қоп ваъдалар берилар, афсуски, уларнинг кўпи қоғозда қолиб кетарди. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ХДП ва депутатлар қилган ишлар ҳақида бундай фикр билдириш қийин. Айниқса, бугунгига ўхшаш тадбирлар одамларнинг партияга, ислоҳотларга, янгиланишларга бўлган ишончини оширади. Ўйлайманки, бошланган бу хайрли иш мана шу руҳда давом этади. Зотан, ҳамюртларимиз ишончини оқлаш учун бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.  Қаранг, орамизда ёш йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Бу эса жамият яшаряпти, мамлакат янгиланяпти, дахлдорлик ҳисси ортяпти, дегани, болам.

Ҳаво ҳароратининг пасайиши ҳам, ёғиб ўтган ёмғир ҳам одамларни уйга кеткиза олмади. Чунки Халқ демократик партияси фаоллари тадбирга юракдан тайёргарлик кўрган, ноанъанавий дастур асосида уни ташкил этган эди. Йиғилганлар орасидан хоҳловчилар микрофон қаршисига чорланди. Интерактив ўйинлар ўтказилди. Табиийки, куй-қўшиқлар дилларни хушнуд этди. Шу куни, айниқса, совринга эга бўлганлар кайфияти ўзгача эди.

— Ўйинда иштирок этишни хоҳловчилар чақирилганда, дугонам югуриб чиқиб кетди. Мен эса панароққа ўтиб олдим, — дейди Севара Тўйчиева. — Ҳар соҳага тегишли савол-жавобларда у ғолиб бўлди. Ажойиб совға ҳам олди. Дугонамнинг қувончига шерикман. Ич-ичимдан нега мен ҳам қатнашмадим, дея афсусландим. Келаси сафар албатта мен ҳам иштирок этиб, ғолиб бўламан.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: