01.10.2019

Партиямиз сафида 100 минглаб педагоглар борлигидан фахрланамиз

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида  «Эъзозда ва эътибордасиз, азиз устозлар» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказди.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очиб, педагогларни касб байрами билан табриклади:

– Ўқитувчи ва мураббийлар куни, умумхалқ байрами арафасида аввало ўзимиз ўсиб-улғайган қадрдон мактабимиз, бизга эъзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз, улар билан боғлиқ илиқ ва самимий хотиралар эсга тушади.Мамлакатимизда педагог ходимларни эъзозлаш, меҳнатларини муносиб рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича улкан ўзгаришлар бўлмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийларга катта ҳурмат билан қарайди. Партиямиз сафида 100 минглаб педагоглар борлигидан фахрланамиз. Бу бизга катта куч ва  суянч беради, зиммамизга катта масъулият юклайди.

Халқ демократик партияси сайлов кампаниясига киришар экан, ўз Сайловолди дастурида таълим тизими билан боғлиқ бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, таълим тизимида ижтимоий тенгликни таъминлаш, инклюзив таълимни ривожлантириш, қишлоқ жойларда меҳнат қилаётган педагогларга қулай шароит яратиб бериш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари Сайловолди дастуримизда алоҳида ўрин тутяпти.

Байрам тадбирида халқимизнинг суюкли шоираси, партиямиз фаоли Зулфия Мўминова ўқитувчи ва мураббийларга эзгу тилакларини билдириб, ушбу касб эгаларининг фидойи меҳнати улуғланган ижод намуналаридан ўқиб берди.

Шундан кейин Муқимий номидаги мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди. Сермазмун, айни пайтда, қувноқ саҳна асари ўқитувчиларга бир олам завқ ва хушкайфият улашди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида байрам тадбирлари ўтказмоқда.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: