Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
01.10.2019

Сайловолди тайёргарликда

бошланғич партия ташкилотларига суянамиз

Сиёсий партия ғояларини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, мақсад ва вазифаларини амалга ошириш, ташаббусларини одамларга етказишда бошланғич партия ташкилотларининг ўрни беқиёс. Буни яхши англаган Ўзбекистон Халқ демократик партияси доимий тарзда тизимдаги қуйи ташкилотларнинг фаолиятини кучайтиришга эътибор қаратиб келмоқда.

— Бугунги кунда Чилонзор туманида Ўзбекистон ХДПнинг 98 бошланғич ташкилоти фаолият юритмоқда, — деди туман партия кенгаши раиси Доно Маҳмудова. — Уларда 4 минг нафарга яқин партиямиз аъзолари бор. Биз тадбирларимизнинг аксарият қисмини айнан БПТларда ташкил этиб боряпмиз. Шунингдек, қуйи ташкилот етакчилари учун ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Тўғри, ҳудудимиздаги барча қуйи бўғинлар бирдек илғор, дея олмаймиз. Уларнинг фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш учун етакчиларнинг сиёсий-хуқуқий билимларини юксалтириш, намунали фаолият олиб бораётган бошланғич партия ташкилотларини рағбатлантиришга жиддий эътибор қаратишимиз керак бўлади. Шунингдек, БПТлар ўртасида ўзаро алоқани йўлга қўйиш ҳам яхши самара беради. Ҳудудимиздаги ташаббускор, партиямиз ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатаётган БПТлар ўз тажрибаларини бошқа қуйи ташкилотларга ўргатиб келаётгани ҳам ўзининг натижасини бермасдан қолмаяпти. Айниқса, Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази бизга бу борада катта ёрдам бериб келмоқда.

— Жорий йилда «Билим» ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон ХДПнинг бошланғич ташкилоти тузилганига беш йил тўлди, — деди кутубхона директори Ҳафиза Каримова. — Ўзим 1999 йилда мазкур партияга аъзо бўлганман. Партия жамиятда ўз ўрнимни топишимда жуда катта мактаб вазифасини ўтади. Аъзо бўлган кунимдан турли даражадаги тадбирларда фаол иштирок этдим. Сиёсатни янада теранроқ тушуна бошладим. Партия тизимида тўплаган тажрибам, аҳоли орасида юрганим фойда қилди. Вақт ўтиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлдим.

Бошланғич ташкилотимизда 20 нафардан ортиқ аъзо бирлашган. Улар билан ҳар ҳафта йиғилиб, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий мавзуларда машғулотлар ўтказамиз. Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда ҳам партиямизга яқиндан кўмак берамиз, деган умиддамиз.

— Турли тадбирларда депутат аёллар, жамиятнинг энг фаол хотин-қизларига қараб ҳавас қилардим, — деди кутубхона ходими Дилноза Мўминова. — Кутубхонага ишга кирганимда Ўзбекистон ХДП бошланғич партия ташкилоти тузилганини билдим. Ҳатто, ҳамкасбларим билан бўлган суҳбатнинг асосий қисми партия ҳаёти, олиб бораётган ишлари тўғрисида бўларди. Бора-бора сиёсий жараёнларга қизиқишим янада ортди. Бир куни кутубхона директори Ҳафиза Каримованинг о­лдига кириб, партияга аъзо бўлмоқчи эканимни айтдим. Улар ниятинг жиддийми, деб сўради ва партия устави, Сайловолди дастурини қўлимга тутқазди. Яхшилаб танишиб чиққанимдан сўнг аъзоликка қабул қилишини айтди. Айни вақтда Халқ демократик партияси аъзоси эканлигимдан фахрланаман.

— Бошланғич ташкилот партия ғоялари, мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этувчи етакчи куч ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова. — Хабарингиз бор, жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Ўйлайманки, сайловларда муваффақиятли иштирок этишимиз кўп жиҳатдан бошланғич партия ташкилотлари ишининг тизимли ташкил этилганига, етакчиларнинг салоҳияти ва ташаббускорлигига ҳам боғлиқ. Улар партиямизнинг сайловолди тарғиботида энг яқин кўмакчига айланади, деб ишонаман. Негаки, БПТ аъзолари ҳудуд аҳолисининг кайфияти, ўй-фикрлари билан яқиндан таниш бўлади. Шу боис Сайловолди дастурини қай тартибда ва услубда етказиш кераклигини яхши билишади. Бундан самарали фойдаланиш эса маҳаллий партия ташкилотлари раҳбарларига ҳам боғлиқ. Тажрибали, партия ғоя ва мақсадларини теран англаган ҳамда кўпчилик учун жон койитадиган етакчиларни депутатликка номзод қилиб кўрсатиш ҳам яхши самара бериши мумкин.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: