01.09.2019

МАКТАБ

таълим-тарбиянинг асосий пойдевори

Яна бир ҳақиқат шундаки, мактабни мактаб қиладиган куч ўқитувчилар ҳисобланади. Президентимиз раислигида 23 август куни таълим тизимига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу сўзлар алоҳида таъкидланди.

Чиндан ҳам, мактаб ҳар биримизга оқ-қорани танитган, ўзлигимизни, ўзимизни англашга замин қўйган маскан саналади. Унинг деворлари маънавиятдан, хоналари одоб-аҳлоқдан, сабоқлари билим-маърифатдан иборат бўлиши лозим. Видеоселектор йиғлишида мана шу масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, янги ўқув йили ва ундан кейинга мўлжалланган вазифаларга эътибор қаратилди. Унда айтилган ҳар бир фикр, билдирилган таклифлар жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Мутахассислар, сиёсий ва илмий арбоблар, депутатлар ҳамда бошқа соҳа вакиллари мазкур масалада ўз муносабатларини билдирмоқда.

Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва но­ананъавий фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган йиғилишда ҳам мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир» деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди.

Ҳақиқатан ҳам, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Тарбиянинг асоси таълим, пойдевори мактабдир. Унинг мавқеи эса ўқитувчилар меҳнати ва саъй-ҳаракатига боғлиқ.

Президентимиз соҳага эътибор берилмагани туфайли анча ичкарида орқадамиз, кадрлар етишмаяпти, мактабгача таълим объектларини йўқотганмиз, деб такидлади. Ўтиш даврида хўжалик, ташкилот, муасасаларнинг тасарруфидаги барча мактабгача таълим даргоҳларини мулк тасарруфидан чиқарамиз, деб йўқотиб юборганимиз ҳақиқат.

Бир эслайлик, чиндан ҳам, энг обрўли шахс ота-она ва ўқитувчимиз бўлган. Узоқ йиллар маҳаллада ишлаганман. Барчага ҳар тамонлама ўрнак, ибрат бўла оладиган касб эгаси ҳам, намунали оила соҳиб ва соҳибаси ҳам, фарзандлари ўқимишли, билимли фидойилар ҳам азиз ўқитувчилар эди. Шунинг учун инсон дунёга келишида азиз ота-онасидан, ўзида яхши фазилат ва хислатларнинг мужассам бўлишда эса ўқитувчилардан миннатдор бўлиши лозим.

Йиғилишда ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. «Мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантирмасдан, унинг ҳаёт сифати даражасини оширмасдан, ислоҳот, натижа ҳақида гапириб бўлмаслиги таъкидланди. Ўқитувчи қачон биз кутган фарзандларимизни тарбияли билимли, дунё қараши кенг, интеллектуал салоҳиятли, ўз ватани ва халқини севувчи, комил инсонни жамиятга етказиб бера олади? Қачонки, уларга барча шароитлар яратиб берилса, оиласидан кўнгли тўқ бўлса, мактаб ташқарисидаги барча ишларни давлат бажарса, кутилган натижага эришилади.

Минг афсус, яқин йилларга қадар ўқитувчилар пахта йиғим-теримига жалб этилиб, мактаб директорлари терим отрядига раҳбарлик қиларди. Мактабларга темир-терсак режаси берилар, пахта мавсуми охирида пахта етказишга шартнома тузган фермер хўжаликлари раҳбарларини топа олмасдан туман раҳбарлари мактаб директорларидан кунлик пахта режасини талаб қиларди.

Бугун буларнинг барчасига чек қўйилди. Таъкидланганидек биз бу масалани олдинроқ кўтара олмас, бунга тайёр эмасдик. Бунинг бир қанча объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта.

Президент қўяётган талаб мактабни ўзгартирмасдан туриб, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Қайси лавозимда бўлишидан қатий назар, ўзи таҳсил олган мактабига бориши, керак бўлса, ҳаётий тажрибасидан дарс бериши, фарзанлари неваралари келажагидан, таълим тарбиясидан хабар олиб туриши зарур. Мазкур ҳолат ҳар биримизнинг ҳам оталик, ҳам оналик, бобо ва момолик бурчимиздир. Биз буни қандай бажаряпмиз? Мана, масала қаерда.

Бугунги кунда сир эмас, мактабларда ота-оналар мажлисига келганларнинг қарийиб 90 фоизи аёллардир. Демак, эркаклар фарзандларимиз не­вараларимиз келажагига бефарқмиз, деб хулоса қилиш мумкин.

Таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири борлиги ҳисобга олиниб, кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида таълим тизимига 12871 нафар эркак ўқитувчи қайтди. Мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Мактаб — бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши зарур. Демак, биз аввало фарзандларимиз, невараларимиз таълим-тарбиясига муносабатимизни ўзгартиришдан бошлашимиз лозим.

Турсунпўлат НОРБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: