20.08.2019

СИЁСИЙ ЖАРАЁН ФАОЛЛИКНИ ОШИРИШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Нукус шаҳрида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика ташкилотининг конференцияси бўлиб ўтди. Унда жорий йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар ўтиши муносабати билан партия ташкилотлари зиммасидаги ташкилий ва сиёсий вазифалар, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, партиянинг янгидан тайёрланаётган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари кенг муҳокама этилиб, партия фаоллари, депутатлар томонидан таклифлар билдирилди.

— Партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш юзасидан партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 286 масала партия гуруҳларида кўриб чиқилди, 284 масала доимий комиссияда, 186 таси эса сессияда муҳокама қилинди, — деди Қорақалпоғистон Республика партия кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. – Шунингдек, ўтган 5 йил давомида халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга 1248 та депутатлик сўровлари юборилди. Жамоатчилик қабулхоналарига 2236 нафар фуқародан мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 1933 таси, яъни 86 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар ижроси назоратга олинган.

2015-2019 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг мажлисида 26 масала кўрилиб, тегишли тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сессиясига таклиф қилинди. Фракция аъзолари томонидан ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга 82 та сўров юборилиб, кўтарилган масалалар ижобий ҳал қилинди.

— Ўтган 5 йил мобайнида амалга оширилган ижтимоий-сиёсий аҳамиятга оид ишларимизнинг барчасида электоратнинг манфаати кўзланган, — дейди Ўзбекистон ХДП Амударё туман кенгаши раиси Мақсуд Садуллаев. — Кейинги пайтлари партия гуруҳимиз, фаолларимиз ҳаракати туфайли ишга бўлган масъулиятимиз анча ўзгарди. Туманимизда 6 нафар депутат халқ билан мулоқот қилишда, муаммоларни сессияларга олиб чиқишда амалий ишлар қилди. Биз бир жойда тўхтаб қолмаймиз. Ҳаракат ва яна ҳаракат қилишимиз зарур. Бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда кўпроқ жон куйдиришга тўғри келади. Сиёсий жараёнда фаолликни оширишга ҳаракат қиламиз.

Сайловларга тайёргарлик бўйича ҳозирда Ўзбекистон ХДП Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига 3 нафардан, жами 1560 нафар номзоддан кадрлар захираси рўйхати шакллантирилган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, халқ билан мулоқот қилишда муаммоларни аниқлаш, улар бўйича таклифлар ишлаб чиқишда бошланғич партия ташкилотлари фаоллиги етарли эмас. Уларнинг депутатлик гуруҳлари билан алоқасини янада мустаҳкамлаш зарур. Тадбирда сўзга чиққанлар бу масалада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Қорақалпоғистонда партиямизнинг 35642 нафар аъзоси бор, — дейди ЎзХДП Қораўзак туман кенгаши раиси Райхон Кармисова. — Улар 17 та туман ва шаҳар кенгашларидаги 630 та бошланғич ташкилотларига бириккан. Ҳисобот даврида партия сафига 10102 нафар янги аъзо қабул қилинган, 29 та бошланғич ташкилот тузилган. Шунингдек, 630 бошланғич ташкилотдан 589 тасининг фаолияти қониқарли, 41 таси қониқарсиз, деб топилган.

Тадбирда бўлажак сайловларга пухта таёргарлик кўриш, депутатликка номзодлар кўрсатиш билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Ҳар бир сайлов округи бўйича халқни ўзига эргаштира оладиган, ишончини қозонган шахсларни депутатликка номзод қилиб кўрсатиш лозимлиги таъкидланди. Сайловларда бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.

Конференция иштирокчилари 2019 йилга мўлжалланган партия Сайловолди дастури лойиҳасида кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларни муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш, шунингдек, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга оид қатор таклифларни ўртага ташлади.

Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг сектор мудири Гулшан Асатова иштирок этди ва кўрилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Конференцияда партия ташкилоти фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Партиянинг навбатдаги қурултойига делегатлар сайланди.

 

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: