16.07.2019

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ЯНГИ ДАСТУРИНИ ТАЙЁРЛАЯПТИ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида ўтказилган видеомулоқотда партиянинг янги Дастури ва Сайловолди дастурини тайёрлаш ишлари, ўтган сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳақида сўз юритилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партия Дастурига киритилган вазифалар, уларнинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, унда илгари сурилган масалалар давлат миқёсида ўз ечимини топган, айримлари эса ўз долзарблигини йўқотган. Ҳаёт тубдан ўзгармоқда. Янгича шароитда мутлақо янгича Дастур керак. Лойиҳа тайёрланган, аммо ҳали уни фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида такомиллаштириш лозим бўлади.

Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов дастур лойиҳасининг асосий ғоялари ҳақида сўз юритди. Аввало, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, кам таъминланганлар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш партиямизнинг бош мақсади эканини таъкидлади. Уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун шароит яратиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш долзарб масала эканига эътибор қаратди.

Йиғилишда партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова партиянинг 2014 йилги Сайловолди дастури ижросига танқидий-таҳлилий ёндашди. Хусусан, мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йиллар давомида 2501 та масала партия гуруҳларида, 1450 та масала доимий комиссияларда, 954 та масала эса маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида кўриб чиқилди. Кўпчилик масалалар жойида ҳал этилди. Аммо дастурдан ўрин олган қатор муҳим йўналишлар ечим топмай келмоқда. Бандлик, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, товар ва хизматларнинг мақбуллиги билан боғлиқ вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйилди. Асосий сабаб дастурда амалга оширилиши режалаштирилаётган вазифаларнинг ижроси юзасидан аниқ усуллар берилмагани, шунингдек, ҳаётдан узоқ масалалар қайд этилганида экани айтилди.

Видеомулоқотда минтақавий кенгашлар вакиллари, депутатлар ва мутахассислар янги дастур лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Лола БУЛАКОВА, Самарқанд вилоят Иштихон туман партия кенгаши раиси:

— Дастурда баландпарвоз гапларга берилмаслигимиз керак. Бугун фаолиятимизга, дастурий ҳужжатларимизга ўзимиз танқидий ёндашмасак, жиддий тортишувга киришмасак, сайловчилар бизга танқидий баҳо бериб қўяди. Ўз ўрнимизни бой берамиз. Масалан, партиямизнинг аввалги дастурларида ҳам, янгидан тайёрланаётганида ҳам хотин-қизлар масаласига етарлича эътибор қаратилмаган. Ҳозир хотин-қизларни фақат уй меҳнати билан банд қилиш долзарб эмас. Жамиятда аёллар билан боғлиқ муаммо жуда кўп. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, раҳбарлик лавозимларига кўтариш тартибларига оид масалаларни дастурга киритиш керак, деб ўйлайман. Аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш билан боғлиқ муаммолар ҳам акс этса, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Тўрабек ЗОИРОВ, Ўзбекистон ХДП Термиз туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати:

— Дастурдаги асосий йўналишларни қўллаб-қувватлаймиз. Депутатларнинг самарасиз фаолияти ҳам тўғри танқид қилинди. Шундан хулоса чиқариб, депутатлар ишини кучайтириш, улар билан ҳамкорликни янада яхшилаш керак, деб ҳисоблайман. Ижрочи котиблар штати жорий қилинди. Афсуски, тизим самарасиз ишлади. Мазкур вазифага интилувчан кадрларни ундай олмадик.

Депутатнинг бири — мактаб директори, бири —фермер, бири — шифокор. Улар фақат ўз соҳасини яхши билади. Уларга сиёсий йўналишда ёрдам кўрсатиш, партиянинг мақсадларини тўғри тушунтириш керак, менимча. Очиғи, баъзи жойларда партия ташкилотлари депутатлардан умуман узилиб қолган. Бу умумий мазмунда кўп гапирилган, лекин бизга аниқ механизм керак.

Марказий студияда ҳам кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Янги дастур аввалгисидан фарқ қилиши, бугунги замон, аҳоли талабига мос бўлиши зарурлиги таъкидланди.

 

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, Иқтисодиёт фанлари доктори, партия Марказий Кенгаши Фахрийлар кенгаши раиси:

— Бугун аҳоли сиёсий партиялардан, улардан кўрсатилган номзод, халқ вакиллари бўлган депутатлардан аниқ муаммонинг ечимига аниқ ечим кутаяпти.

Сиёсий партиянинг асоси мафкура ҳисобланади. Эртага аҳолининг қаршисига чиқиб, бериладиган ваъдаларнинг самараси ҳақида сўралганда, уялиб қолмаслик керак. Бунинг учун мафкуравий йўналишни пухта, чуқур ёндашиб тайёрлаш керак. Акс ҳолда, партия дастури ҳам, Сайловолди дастур ҳам самара бермайди.

Авваллари партиямизнинг кўп аъзолари тиббиёт ва таълим соҳасига тегишли эди. Нега энди дастуримиз шуларга ҳам йўналтирилмаслиги керак? Менинг фикримча, сиёсий партиянинг электорати чекланиши керак эмас. Улар ихтиёрий равишда исталган партия вакилига овоз беришга ҳақли. Тўғри, биз кам таъминланган аҳоли вакиллари манфаатларини ҳимоя қиламиз. Дастуримизда шундай жиҳатлар бўлиши керакки, ушбу тоифага кирмаган аҳоли вакиллари ҳам бизга овоз берсин, ғояларимизга эргашсин.

Аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Аммо негадир мазкур масала ҳам эътибордан четда қолиб кетган.

Яна бир муҳим масалага эътибор қаратмоқчиман. Сайловолди дастурининг бажарилиши хусусида тўғри фикрлар айтилди. Яъни, биз салоҳиятимиз, имкониятларимиздан ортиқ бўлган вазифаларни ўз дастурларимизга жойлаштирдик. Натижада улар бажарилмай қолди. Ўша пайтда мана шунга кўзимиз етиб, рад этганимизда ҳам инобатга олинмаган эди. Янги дастурда ана шундай масалаларни яна вазифа этиб қўяпмиз. Йўқ, бу нотўғри. Келинг, яхшиси, имконимиздан ортиғини ваъда бериб, одамларни алдамайлик. Қўлимиздан келадиган ишларни энг юқори кўрсаткичларда бажара олсак ҳам, аҳоли биздан рози бўлади.

 Шунингдек, Сайловолди дастури барчага тушунарли, очиқ бўлиши керак. Чекка бир қишлоқдаги ишсиз аёл, биз манфаатларини ҳимоя қилаётган ёлланма ишчилар, ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар уни тўғридан-тўғри тушуниши лозим. Дастур лойиҳасининг дастлабки кўриниши, табиийки, камчиликлардан холи бўлмайди. Ундаги бўшлиқларни тўлдириш, хатоларни тузатиб, пухта ҳолатга келтириш — вазифамиз.

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловолди дастурида, партия Дастурида қандай ғоя ва мақсад илгари сурилаётганини чуқур англаб, шу асосда таҳлил қилиш зарур. Шу ўринда бугунги дастурлар ўзига нимани қамраб олиши керак, деган савол туғилади. Аввало, дастурлар электоратимизни қийнаб келаётган масалалардан келиб чиққан таклиф ва ташаббуслардан иборат бўлиши лозим. Агар у ёки бу соҳада уларнинг муаммосига ёрдам бера олмасак, уринишларимиз бекор. Агар муаммо ечимининг механизмларини олиб чиқмасак, эртага ҳеч ким бизга эргашмайди, ишонмайди.

Бир мисол. Пенсия таъминоти билан боғлиқ қонунимиз бор. Пенсияни тайинлаш юзасидан ҳукумат низоми, тартиб-тамойили бор. Авваллари мана шу меъёрий ҳужжатларга кўра, олий ўқув юртида кундузги ўқиш ҳарбий хизмат меҳнат стажига қўшилар эди. Бироқ бугунги тартибда ушбу тамойил олиб ташланди. Ёки 2-3 йил давомида фарзанд тарбияси билан уйда ўтирган аёлларнинг таътил муддати нафақани ҳисоблашда киритилмаяпти. Ваҳоланки, бола тарбияси жуда ҳам масъулиятли ва муҳим вазифа саналади. Фермер хўжаликлари, жамоат ташкилотларида фаолият юритадиганлар иш куни 360 кун этиб белгиланяпти. Бунақа меъёр қаерда бор? Хотин-қизларга тегишли яна бир қатор мана шундай масалалар мавжуд. Биз буларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларимизни беришимиз керак. Агар мазкур йўналишда амалий натижага эришилмаса, ташаббус кўрсатмасак, ижтимоий ҳимоя масаласини тўлиқ қамраб ололмаймиз.

Иккинчиси, юқорида бир таклиф айтилди. Яъни, деҳқон-фермер ҳўжаликлари манфаатларини биз ҳимоя қилишимиз керак. Улар етиштирган маҳсулотини тўлиқ сота оляптими? Афсуски, йўқ. Уларга олдиндан аванс бериш тизими ишламаяпти. Ер эгаси таваккалчилик билан экин экаяпти. Эртага у касод бўлиб қолиши мумкин. Режали асосда маҳсулот етиштирилса, уларни сотиш кафолатланса, деҳқон ютқазмайди, янада яхшироқ ишлашга ҳаракат қилади, бозорларимизда тўкинлик бўлади. Демак, уларнинг ҳам ижтимоий ҳимоя масаласини яратишимиз керак.

Энди мудофаа масаласига тўхталсам. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳам сафарбарлик чақируви резервига тайёрлашимиз керак. Мазкур хизматга энг кам иш ҳақининг 25 баробарини тўлаган инсонлар боради. Хўш, бола чин етим бўлса, эртага унга 25 баробарлик маблағни ким тўлаб беради? Ёки ушбу маблағни тўлашга қурби етмаган шахснинг хизмат қилишга ҳаққи йўқми? Унинг орзу-ҳаваси йўқми?

Дастурда яна айрим жиҳатлар бор. Бир жойда кам таъминланган, бир жойда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, яна бошқасида якка-ёлғиз, дейиляпти. Лекин буларнинг ҳаммасини битта мезонга солиш керак, назаримда.

Кўплаб қонунларни қабул қилиш ҳақида ёзиб қўйдик. Аммо уларнинг муқобилини топа олмадик. Менинг таклифим, фақат қонун қабул қилиш билан чегараланмаслик керак. Амалда бугун ҳаётга татбиқ этилаётган ҳукуматнинг қарорлари, низомлари, тартибларини ўзгартиришни ҳам дастурга киритиш лозим. Умуман олганда, мақсад битта — дастурни такомиллаштириш. Демак, ҳар бир майда жиҳат ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги зарур.

 

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

 — Хабарингиз бор, жойларда биз бевосита аҳоли билан мулоқотлар олиб боряпмиз, уларнинг муаммоларини ўрганяпмиз. Табиийки, ижтимоий ҳимоя масаласида кўплаб мурожаатлар бўляпти. Шунинг учун партиямиз томонидан илгари сурилаётган таклифларнинг натижадорлиги тарафдоримиз.

 Кам таъминланганликни аниқлаш мезонларини жойларда кўриб чиққанмиз, ўз таклифларимизни тақдим этганмиз. Лекин шу пайтгача молиявий масала билан боғлиқ бўлгани сабабли инобатга олинмади. Бироқ электоратимиз вакиллари, ҳақиқатан кўмакка муҳтожлар қолиб, кам таъминланмаган шахслар ўша маблағни олиш ҳолатлари давом этаяпти. Одамни қийнайдиган масалалардан бири мана шунда. Чунки мезонлар нотўғри белгиланган.

Иккинчи бир масала, арзон уй-жойлар тарқатилишида ҳам қўпол қонун бузилишлар рўй бермоқда. Ушбу муаммоларни ўрганиш ёки уларга ечим топиш юзасидан ҳам таклифлар дастурга киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ёлғиз оналар масаласи ҳам оғир нуқталаримиздан бири. Улар иш билан таъминланмаса, ёрдам кўрсатилмаса, ана шундай оналарнинг фарзандлари кўчада ҳар хил ишларга қўл уриши мумкин. Ўқиб, яхши таълим-тарбия олиш ўрнига, пул топишнинг осон йўлларини қидиришга тушади. Енгил-елпи ҳаётга кириб қолади. Биламизки, бунинг охири вой бўлади. Демак, ёлғиз оналар масаласини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Видеомулоқотда билдирилган мулоҳазалар асосида режалар белгилаб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: