09.07.2019

МУРҒАК ҚАЛБЛАР МАТОНАТИ ВА ЖАСОРАТИ

Ўзбекистон ХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси Шоҳиста Набиева ҳамроҳлигида болалар Меҳрибонлик уйига борганимизда қалбимиз алланечук ҳисларга тўлди. Кимдир тирноққа зору, кимдир боласидан юз ўгиришга қодир. Бир кам дунёнинг сир-синоатига инсон ожиз экани ҳақида ўйлаб турган бир пайтимизда дарвоза ёнидаги кичик уйчадан «кираверинглар» деган рухсат тегди...

Сув сепилган соя-салқин йўлакда муассаса директори Саида Шарипова билан учрашдик. У йўл-йўлакай Меҳрибонлик уйи 2004 йилда очилгани ва ўша кундан бошлаб болаларга бош-қош бўлиб келаётганини айтди. «Қанчалар меҳрибон, ширинсўз бўлмасин, она ўз фарзандлари учун қаттиққўл, талабчан бўлиши ҳам керак-да. Шунинг учун айрим ҳолларда, айниқса, балоғат ёшидаги йигит-қизларга алоҳида тартиб асосида тарбия беришимизга тўғри келади», деди. Чиндан ҳам, бир оилада 3-4 нафар фарзандни камолга етказишнинг машаққати қанча бўлса, юзлаб болаларнинг тарбияси бир неча баробар кўпроқ меҳнат, сабр-тоқат талаб этади.

— Айни пайтда муассасамизда 110 нафар 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган етим ва ота-она қаровисиз қолган болалар истиқомат қилади, таълим ва тарбия олади, — деди Саида Шарипова хонага кирарканмиз. — Биласизми, муассасамизда турли тоифадаги ўғил-қизлар бор. Тарбияси оғирлари тарбияга, яна кимдир кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож. Шу боис ҳамиша уларнинг ёнида бўлишга ҳаракат қиламан. Бир йилда 365 кун бўлса, шунинг 6 кунида уйда қоламан, менимча.

Масалан, бир қизимиз бор эди. Биринчи келган пайтлари қочишга уринди, бу ерга мослаша олмади. Спиртли ичимликлар ичиш, чекиш каби ёмон одатлари ҳам бор эди. У билан узоқ вақт алоҳида шуғулландик, тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилдик. Балким ишонмассиз, бугун у қиз намунали ўқувчилар қаторидан жой олди. Аъло баҳоларга ўқияпти, ниятлари, орзулари ўзгарган. Ҳаётга бошқача назар билан қарай бошлади. У доим «Мен жуда аламзада эдим, отам ташлаб кетгани учун ҳаммани ёмон кўрардим. Ёмон қиз бўлганим учун мени хоҳламаган, демак, ёмон бўлишим керак, деб ўйлардим. Ҳозир бўлса ўтмишимдан уяламан ва у кунларга ҳеч қачон қайтмайман», дейди. Бундан кўриниб турибдики, бола қаровсиз, эътиборсиз қолган. Натижада унинг тарбияси издан чиқа бошлаган. Шукрки, ҳозирда ундан ва уни биладиганлардан яхши фикрлар эшитамиз. Бу жамоамиз ходимларининг меҳнати самараси, деб биламан. Мана шундай натижаларни кўриб, барча қийинчиликларни унутамиз.

Яна бир нарсани айтмоқчиман. Инсон бирор-бир ўзгариш, янгилик қилиш учун депутат ёки раҳбар бўлиши шарт эмас. Ким бўлишидан қатъи назар, юраги ёнмаса, ҳаловатсиз бўлмаса, бари бекор. Мен оддий партия фаолиман холос. Лекин таклифларим, айрим ҳолларда танқидларимни ҳам айтишдан чўчимайман. Бундан буён депутатликка номзодлар танлашда ҳам мана шу жиҳатлар инобатга олинса, яхши бўларди. Чунки депутат бўлдим, деб хотиржамликка берилса, одамларга нафи тегмайди, назаримда...

Меҳрибонлик уйи раҳбари билан яна кўплаб масалаларда суҳбатлашдик. У ҳамкор ташкилотлар, Ўзбекистон ХДП ва депутатлар билан ўтказилаётган тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Болалар ҳолидан хабар олаётган инсонлардан миннатдор экани, уларнинг келиши тарбияланувчиларга хурсандчилик улашишини айтди. Ходимларидан бирига тушликдан қайтган болаларни фаоллар залига йиғишни топширди. Биз эса улар билан бирма-бир танишиб, суҳбат қурдик...

 

Хуршида ҲОЖИЕВА, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси:

— Асли шофирконликман. Бу ерга келганимга 4 йил бўлди. Биринчи келганимда қўрқиб кетган эдим. Қизларга тарбиячи бўлиб ишлайдиган устозимиз бор, Марям опа. У кишини маҳкам қучоқлаб, йиғлаганман. Кейинчалик дугоналар орттирдим, ҳамма билан яхши чиқишиб кетдик. Баъзи қизлар билан шу қадар қалин бўлиб кетганмизки, худди туғишган опа-сингиллардекмиз. Умуман, муассасамизда ҳамма бир-бирини туғишгандек, бир оила, деб билади.

Бўш вақтларимда китоб ўқишни ёқтираман. Ўзим ҳам шеърлар ёзиб тураман. Кўпроқ соғинч, ота-она, табиат, қушлар ва капалаклар ҳақида ёзаман. Уларни устозларимга, дугоналаримга ўқиб бераман, фикрларини сўрайман. Мактабимиздаги турли тадбирларда қатнашиб тураман. Бундан ташқари, мусиқа ва санъатга, қўшиқ айтишга жуда қизиқаман.

Орзуларим, келажакдаги режаларим катта. Энг аввало, болаларимни ҳеч кимга қаратиб қўймасликни ният қиламан. Чунки фарзанд тарбияси, уни боқиб катта қилиш ота-онанинг зиммасидаги вазифа, бурч деб биламан. Аксинча бўлиши мумкин эмас. Бола фақатгина тўлақонли оилада ўзини чинакам бахтли ҳис қилади. Ота-она ўрнини ҳеч ким босолмайди. Агар менга имконият берилса, жон-жон деб уйимга қайтардим. Сабаби, ҳамманинг ўз оиласи, уйи бўлиши керак. Бироқ бу ерни ҳам ҳеч қачон ташлаб қўймасдим, унутмасдим. Бу ердагиларни ҳам менинг оилам, деб биламан. Уларни ҳеч кимга қиёслаб, алмаштириб бўлмайди.

 

Фотима ФАЙЗИЕВА, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси:

— 9 йилдан буён Меҳрибонлик уйида яшаб келяпман. Мен кўпчилик каби дастлаб бу ерга кўниколмадим. Ҳаммадан яширинча йиғлардим, уйимни соғинардим. Вақт ўтиб, бу ер ҳам ўз уйимдек бўлиб қолди. Ҳозир аксинча, уйга кетгим келмайди. У ерга борсам, ўзимни бегонадек ҳис қиламан. Тезроқ муассасамизга, дўстларим, устозларим ёнига қайтгим келади. Сабабини айтолмайман, лекин уйимиздаги муҳит кайфиятимга ёмон таъсир қилади. Шу сабабли у ерга боришни унчалик хоҳламайман.

Яхши ўқиб, институтга кирмоқчиман. Келажакда темир йўлчи бўлишни орзу қиламан. Ана шунда юртимизнинг барча гўшаларини кўриш имконим бўлади. Ниятларим амалга ошса, дунёнинг энг гўзал шаҳарларига саёҳат қиламан.

 

Евгений РУСТАМОВ, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси:

— Онамнинг вафотидан кейин жуда ҳам тушкунликка тушиб қолгандим. Тўғриси, у кунларни эслашни ҳам истамайман. Меҳрибонлик уйига келиш билан ҳаётим яхши томонга ўзгарди. Авваллари деярли барча фандан «3» баҳо олардим. Ҳозирда чоракларимга 6 та фандан «5», қолганларидан «4» чиқди.

Болалигимдан футболга қизиқаман ва ушбу спорт тури билан доимий шуғулланаман. Футбол жамоавий ўйин бўлгани учун ҳам уни ёқтираман. Ғалаба бир кишининг қўлида эмас. футболда инсондаги «мен» тушунчаси йўқолади. Бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тили, дини ва миллатидан қатъи назар, жамоа ғалабаси учун курашиш лозим.

Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи лигасида ўйнайман. Майдонда ҳужумчи вазифасини бажараман. Лекин ҳаётда асосан ҳимоячиман. Айниқса, мана шу муассасадаги қизлар ва кичик ёшдаги болаларни қўлимдан келганча ҳимоя қиламан.

Футбол ҳаётимнинг бир бўлаги. Доимий равишда ўз устимда ишлайман, спортсиз ўтган бирор куним бўлмайди. Насиб қилса, олий лигада, нуфузли футбол клубларида тўп суриш ниятим бор. Халқаро турнирларда терма жамоамиз сафида иштирок этишни орзу қиламан. Албатта, астойдил ҳаракат қилсам, ниятимга етишимга ишонаман.

 

Дилноза ОРИПОВА, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси:

— Муассасада уч опа-сингил бирга яшаймиз. Менинг фикримча, ҳар қандай инсон ўз оиласида камолга етиши керак. Ота-оналар фарзандларидан юз ўгирар экан, нега дунёга келтиришади? Агар менга имкон берилса, онамнинг қаршисига бориб, нега мени ташлаб кетганини сўрардим. Чунки ҳеч нарса шунчаки, сабабсиз содир бўлмайди, деб ўйлайман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, уйимиздаги муҳитни кўрганим учун, ойим қилган хатони ҳеч қачон такрорламасдим.

Бу ердагиларнинг деярли ҳаммаси оиласини, онасини соғинади. Лекин менда бу туйғу йўқ. Мен онамни соғинмайман. Унинг қилган ишини ҳеч қачон кечира олмасам керак. Бир эмас, уч нафар қизини кўчада қолдирган онани ҳеч тушунмайман. Айниқса, сингилларим онамизни соғиниб, йиғлашса, ундан кўп жаҳлим чиқади. Шунга қарамай, уларни юпатишга, қийинчиликлар ўткинчи экани, келажакда кўп бахтли кунлар борлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Лекин сингилларимнинг фикри бошқача. Агар онам уларни олиб кетаман деса, рози бўлишади. Афсуски, мен ундай қилолмайман. Онамни кўриб, ундан яна бир бор кўнглим қолишини истамайман.

Ҳаётда инсон сабрли ва иродаси мустаҳкам бўлиши керак. Қийинчиликларни енгиб ўта олиши лозим. Акс ҳолда у бахтга, орзуларига эриша олмайди. Енгил-елпи ҳаётга ўч инсонларни қоралайман. Кун келиб, улар ҳамамси учун афсусланишини ўйламайди. Мен асло бундай йўлдан бормайман. Шунинг учун яхши инсонлар билан дўст бўлиш керак, яхши инсонлар сафига қўшилишга интилиш лозим.

 

Шаҳбоз РАҲМАТОВ, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси:

— Мен ғиждувонликман. Аввал ҳам бу ерга келгандим ва қайтиб кетганман. 2017 йилдан буён яна Меҳрибонлик уйида яшаяпман.

Оиламизда опам ва акам ўқимаган. Шунинг учун уйимиздагилар ҳеч бўлмаса сени ўқитайлик, деяпти. Олий маълумотли бўлишимни, яхши жойларда ишлашимни исташади. Ўзим келажакда ички ишлар ходими бўлмоқчиман. Ҳозир ҳам кўча-кўйда форма кийган инсонларни кўрсам, бориб қўлларини сиқиб, менга оқ фотиҳа беришини сўрайман. Уларнинг касбидаги машаққатлари, ўзига хосликлари ҳақида савол бераман. Ниятим яхши ўқиб, оиламга, яқинларимга ва албатта халқимга нафим тегадиган инсон бўлиш...

...Меҳрибонлик уйида яшовчилар билан яна анча гаплашдик. Хонада ўтирган ҳар боланинг тақдири, орзу-истаклари алоҳида мавзу бўлишга муносиб. Уларнинг ҳикоялари, қалб кечинмалари, ният ва мақсадларини тинглаб, гоҳ севиндик, гоҳ кўзимиз намланди. Улар ҳали ақлини танимасдан, тили чиқмасдан ҳаётнинг оғир синовларига йўлиққан. Болаликнинг оиладаги эркаликлари, бахтли онларидан маҳрум бўлишган. Аммо эртанги кунга ишонч, келажакка умид билан яшашмоқда. Айни шу ҳақиқатни мурғак қалбларнинг буюк жасорати, қудрати, дейиш мумкин.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: