Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
09.07.2019

ВАҚТ ОЗ, ИШ КЎП

Ўзбекистон ХДП фаолиятида танқидий ёндашув кучаймоқда

Ҳар бир сиёсий партиянинг жамиятдаги обрў-эътибори, нуфузи сайловлар жараёнида яққол кўринади. Партия фаолиятига, Сайловолди дастурига баҳони сайловчи беради. Бироқ сайловнинг натижаси депутатликка номзоднинг кимлигига ҳам боғлиқлигини унутмаслик зарур. Зеро, сайловга тайёргарлик жараёнларидаги энг муҳим вазифалардан бири муносиб номзодларни танлашдир.

Тажрибадан маълумки, сайловчи партиянинг Сайловолди дастуридан кўра, номзоднинг шахсиятига кўпроқ эътибор қаратади. Демак, номзодларнинг шахсий хислатлари билан бир қаторда, аҳоли орасидаги обрўйи қандай эканини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод кўрсатишда эса унинг билими, ҳаётий тажрибаси ва электорат манфаатларини қаттиқ ҳимоялай олиш имкониятини ҳисобга олиш лозим. Негаки, Олий Мажлис депутати беш йил мобайнида қонун лойиҳалари устида ишлайди.

Яна бир масала. Жорий йилги сайловлардан сўнг маҳаллий Кенгашларнинг мақоми ва масъулияти кучаяди. Жойларда партиямиз мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб қилиш, электоратимизни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидан кўпроқ ўрин эгаллашимиз талаб этилади.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан яқинда ўтказилган видеомулоқотда шу ва бошқа қатор масалалар хусусида сўз борди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят партия кенгашлари ҳамда шаҳар ва туман кенгашлари раислари иштирок этди.

— Баландпарвоз гаплардан воз кечиб, фаолиятимизни чуқур таҳлил қилишимиз лозим, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов. — Йўл қўйилаётган камчиликларнинг сабабини аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш муҳим аҳамиятга эга. Аввало, сафимизда фаолият олиб бораётган кадрларнинг салоҳияти ва ташаббускорлигини ошириш керак бўлади. Хусусан, партия тизимидаги ахборот хизмати бўлими фаолиятини қайта кўриб чиқиш лозим. Партия Марказий Кенгаши ва минтақавий кенгашларда самарасиз фаолият юритиб келаётган айрим тузилмалар қисқартирилиб, ўрнига ахборот хизмати ва АКТ штатларини жорий қиламиз. Бу эса партиямизнинг Сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларида яхши самара беради, деб ўйлайман.

Шунингдек, видеомулоқот давомида ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, манфаатдорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилишда минтақавий кенгашларнинг ваколатлари хусусида маълумот берилди. Партия минтақавий кенгашларида фаолият кўрсатиб келаётган ижрочи котиблар фаолияти кескин танқид қилинди. Уларнинг аксарияти зиммасидаги вазифаларга совуққонлик билан қараб келгани таъкидланди.

— Ўтган йилда маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига жами 868 масала киритиш мақсад қилинган эди, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев.Режа бор-йўғи 57 фоизга бажарилди. 29 та партия гуруҳи эса маҳаллий Кенгаш сессияларига бирорта масала киритмаганини қандай баҳолаш мумкин?..

Жорий йилда 443 масала сессияларга киритилиши кўзланган бўлиб, шу кунга қадар 101 масала сессияларда кўрилди. Ушбу кўрсаткичлар, айниқса, Андижон, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жуда ачинарли аҳволда. 16 та партия гуруҳи сессияларга бирорта ҳам масала киритмагани ташвишли ҳолат. Албатта, вақт ўтказмай, бунинг сабабларини ўрганишимиз, лозим бўлса, тегишли тавсиялар ишлаб чиқишимиз шарт.

Видеомулоқот давомида мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари йўналишида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидландики, сайловлар яқинлашгани сари мазкур йўналишдаги ишларни жиддий кучайтириш талаб этилади. Афсуски, партия кадрлари ва фаоллари сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ўқув-машғулотларни ўтказиш тизимли равишда йўлга қўйилмаган. Таҳлилларга кўра, пойтахтимизнинг Сирғали, Олмазор, Яккасарой, Бектемир, Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Янгийўл, Зангиота туман партия кенгашлари томонидан ўқувлар умуман ташкил этилмаган. Шунингдек, Хоразм вилоятининг Урганч, Шовот, Хива, Янгибозор, Сирдарё вилоятининг Ховос, Сайхунобод, Сардоба, Боёвут, Андижондаги Улуғнор, Андижон, Сурхондарёнинг Сариосиё, Узун, Бойсун туман кенгашларида ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда.

Барчамизга маълумки, партия ғоя ва мақсадларидан аҳолини кенг хабардор қилиш тарғибот ва ташвиқот ишлари жуда муҳим саналади. Шу боис жойларда фаол партия аъзоларидан иборат тарғиботчилар гуруҳлари ташкил қилинганди. Аммо ўрганишлар натижасида Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар партия кенгашларидаги ишлар кўнгилдагидек эмаслиги аниқланди. Гуруҳ аъзолари тадбирларга қатнашмаслиги маълум бўлди. Қорақалпоғистон Республика, Навоий, Сурхондарё вилоятларида эса гуруҳ аъзолари фақат вилоят кенгаши тадбирларига жалб этилаётган экан, холос. Туман ва шаҳар кенгашларида тарғибот гуруҳлари эса номига шакллантирилган. Фақат қоғозда фаолият юритиб келаётган экан.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми, яъни 20 миллиондан ортиғи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Шуни ҳисобга олганда, ижтимоий тармоқлар ЎзХДП мафкурасини тарғиб қилишда энг самарали восита ҳисобланади, деди партия етакчиси. Шунга мувофиқ бу борадаги ишларни ҳам тизимли ташкиллаштириш кераклигини алоҳида таъкидлади.

— Жорий йилги сайловларга тайёргарликнинг ўзига хос тизимини ишлаб чиқдик, — деди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Халилла Эшимбетов — Бу бизга фуқаролар билан фаол алоқада бўлишимизни таъминлайди, деб ўйлайман.

Ҳудудлардаги шаҳар, туман кенгашларини тўрт секторга бўлиб олдик. Раис, раис ўринбосари, депутатлик гуруҳи раҳбари ва ташкилий назорат ва кадрлар ишлари бўлими бошлиғи бириктирилади. Шунингдек, барча бошланғич партия ташкилотлари раҳбарларининг телефон рақамлари олиниб, улар билан алоқани йўлга қўйдик. Номзодларни танлашда ҳам қуйи бўғин билан ҳамфикрликда иш олиб боришни режалаштирдик.

— Видеомулоқот мобайнида билдирилган фикрлардан тўғри хулоса чиқаришимиз керак, — деди Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Холбек Жалолов — Бугунги кунда вилоятимизда 8 туман, 3 шаҳар кенгаши фаолият юритмоқда. Айтиш керакки, кишида биринчи тасаввур кўриниш орқали шаклланади. Одамлар бир масала билан биздан ёрдам сўраб келадиган бўлса, аввало партия кенгаши биносига қарайди. Ходимлар учун яратилган шарт-шароитларга кўзи тушади. Учинчидан, илиқ муомалани кўрган киши ўз муаммосини тортинмай айтади, ҳал этилишига ишонади. Шунинг учун вилоят партия кенгашининг биносини таъмирладик, шароитни яхшиладик. Шунингдек, Ховос, Сирдарё туманлари, Ширин шаҳар кенгашлари яқин-яқингача ижарада турарди. Уларга ҳам алоҳида бино ажратилди.

Йиғилишда партия ташкилотларига йўл қўйилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: