Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
02.07.2019

ҲАҚИҚИЙ ЖУРНАЛИСТ ҲАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ҲАМ ҲАҚИҚАТНИ АЙТИШИ КЕРАК

Тараққиёт стратегия марказида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан «Оммавий ахборот воситалари – халқ билан мулоқотнинг муҳим воситаси» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда партия ва парламент фаолиятини ёритишда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ журналистлар иштирок этди.

Албатта, анъанага кўра дастлаб соҳадаги ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр алмашилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари устидан жамоатчилик ҳамда парламент назорати ўрнатиш, ҳокимият ва жамоатчиликнинг алоқасини изчил таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтириш, соҳанинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш юзасидан мутахассислар ва соҳа вакиллари фикр-мулоҳазалари билдирилди.

—Ҳақиқий журналист, ҳақиқий ОАВ, менинг назаримда, яхши маънода ҳамиша ҳукуматга оппозицияда бўлиши керак, — деди ЎзА сиёсий шарҳловчиси Комилжон Шамситдинов. — Ҳукуматни мақтаган, майли сиёсатни тарғиб қилсин, лекин уни алқаган қалам соҳиби жамиятни тўхтатиб қўйган саналади. Яъни, журналист ҳам партия фаоллари, депутатлар сингари ўз вазифасини тўғри бажарсагина, тараққиётга ҳисса қўшади, деб ўйлайман. Бугунги эврилишлар даврида сўз эркинлиги тўғри йўналтирилган, журналист халқнинг дардини холис ва ҳаққоний айта оладиган бўлиши шарт. Ҳали олдинда кўп-кўп ишлар бизни кутмоқда. Янгидан-янги ташаббуслар, инновацион ғоялар асосида фаолиятимизни давом эттирсак, ўйлайманки, бир-биримизга тиргак бўлиб, имкониятдан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Тадбирда партиянинг ғоя ва дастурий мақсадлари, тарғибот-ташвиқот, амалий фаолиятини кенг жамоатчиликка намоён этишда оммавий ахборот воситалари асосий ўрин эгаллаши таъкидланди. Халқ манфаатини ўйлаётган, унинг дарду ташвишида куяётган журналистлар иши партия фаолияти билан бевосита боғлиқ экани қайд этилди.

Чиндан ҳам, Конституциямизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминловчи қоидаларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани ОАВ чинакам эркин фаолият юритишининг ҳуқуқий кафолатидир ҳамда улар жамиятнинг янгиланиши жараёнида муҳим аҳамият эга. Мазкур сана муносабати билан эълон қилинган Президент табригида ҳам ана шу масалаларга эътибор қаратилди. Матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлгани таъкидланди. Дарҳақиқат, мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда.

Ҳеч кимга сир эмаски, дунё шиддат билан ўзгариб боряпти. Барча соҳалар қатори ахборот олиш ҳамда етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасидаги рақобат кескинлашмоқда. Демак, ушбу мураккаб шароитда ҳаёт биз журналистлар олдига янги талаб ва вазифаларни қўймоқда. Давра суҳбатида ана шу масалалар ҳақида сўз борар экан, бунда жамоат бирлашмалари, сиёсий партия ва депутатлар ўртасида ҳамкорлик алоҳида аҳмият касб этишига урғу берилди.

— Журналистнинг нонини еб катта бўлганман. Отам бир умр журналист бўлиб ишлаган. Шунинг учун уларнинг машаққатини яхши биламан, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова. — Фикримча, ОАВ фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган қонунчиликни таҳлилий-танқидий ўрганган ҳолда ишини кенгайтириш, уларнинг мустақиллиги, эркинлигини таъминлаш бўйича қонунларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш чораларини кўриш керак.

Медиа соҳасининг моддий-техник базасини янгилаш, соҳада учраётган ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш журналистика ривожини белгилайдиган зарурий шартлардан бири саналади. Ушбу масалалар юзасидан ОАВ вакилларидан таклифлар олиш ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали қонунчиликка татбиқ этиш, партиямизнинг барча жабҳалардаги фаолиятини жамоатчилик орасида янада кенг тарғиб қилиш учун ОАВ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Тадбир якунида партия фаолиятини ёритишда фаол иштирок этган ва ҳамкорлик қилиб келган оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳига партиянинг қимматбаҳо совғалари ва фахрий ёрлиқлари топширилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: