Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
21.05.2019

БЎЗ БЎСТОНГА АЙЛАНАДИ

Матлуба ТЎЙЧИЕВА, Ўзбекистон ХДП Бўз туман кенгаши раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятига ўтган ҳафтадаги ташрифи давомида билдирилган танқидий фикрлар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслардан ҳар доим ўсишга, ўзгаришга интилиб яшаш кераклигини тушундик.

Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш энг муҳим вазифа экани яна бир бор ҳаммамизга эслатилди. Бу бежиз эмас. Чунки, доимий иш ўрни бўлса ва яшаш учун турар жой бўлса, оила бахти шулардан бошланади.

Шунингдек, инсоннинг қўлида маблағи бўлсагина турмуши яхшиланиб, ўтаётган кунидан рози бўлади. Бунинг учун аввало иш ўрни керак, ўз навбатида иш ўрни учун инвестиция зарур. Муаммони фақат шу йўл билан ечиш мумкин. Инвестиция кирдими, юзлаб, минглаб иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромадлари ортади. Эътибор беринг, вилоятга инвестиция киритиш ўтган йилга нисбатан 19 фоизга ортган бўлса ҳам ишсизлик муаммоси ҳамон сақланиб келмоқда.

Ташриф мобайнида ушбу масалаларнинг ечимини топиш юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига таклиф ва тавсиялар берилди. Таъкидландики, бугунги кунда инвестиция киритиш бўйича Андижон ва Асака шаҳарларида олиб борилаётган ишлар талаб даражасида, холос. Қолган 14 та туманда инвестиция киритиш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Қайд этилдики, туманларда ҳам инсонлар яшайди, улар ҳам бахтли бўлишни, фарзандларини улғайтиришни ва доимий ишли бўлишни хоҳлайди. Буни таъминлаш учун вилоятга инвестиция киритиш, саноатни ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиб, фаровонликни таъминлаш лозим.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, демографик ҳолатнинг барқарорлигини таъминлаш, туғилиш кўрсатгичларини тартибга солиш борасида бирор марта ҳам сессияга масала киритмагани ҳақида айтилди, аниқ тавсиялар берилди. Ҳақиқатдан ҳам, туманлар, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда оилавий поликлиникалар кесимида ушбу кўрсатгичлар таҳлил қилиниб, вилоят соғлиқни сақлаш бўлими, туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб борилса, вилоятдаги муҳитни ўзгартиришда муҳим омил бўлар эди.

Президентимиз 2016 йил Бўз туманига борган, ҳудуддаги аҳвол билан яқиндан танишган эди. Шундан сўнг ҳеч қандай саноат корхонаси йўқ, қолоқ бир туманда «САБО ТЕКСТИЛ» ишлаб чиқариш корхонаси қурилиб фойдаланишга топширилди ва 400 нафардан ортиқ опа-синглимиз доимий иш билан таъминланадиган бўлди. Тасаввур қилинг, иш билан таъминланганларнинг ўртача уч нафардан фарзанди бўлса, 1200 нафар инсоннинг фаровонлиги таъминланадиган бўлади. Шунча инсон ҳаётдан рози бўлиши учун шароит яратилади.

Бундан ташқари, туманимизда «ЭВРО ЭКВИН» наслли қорамоллар боқишга мўлжалланган чорва комплекси ишга туширилганига нима дейсиз?! Агар бундан тўрт-беш йил аввал туманда текстил фабрикаси, наслли чорва мажмуаси ишга тушади, дейишса, ишонмасдим. Чорва мажмуаси ишга тушиши натижасида юздан ортиқ иш ўрни яратилади, шунча оиланинг турмушида барака бўлади.

Очиғи, фарзандимни ветеринария йўналишида ўқитишни ният қилиб турибман. Ушбу касбни ўрганса, иши тайин. Иши тайин ёшларимиз эса олис юртларда сарсон-саргардон бўлиб, иш излаб юрмайди.

 Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи ҳам биз, бўзликлар учун қувончли бўлади. Туманимиз 1950 йилда ташкил топган бўлиб, келаси йил етмиш ёшини нишонлайди. Шу муносабат билан Бўзни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Давлат дастурига киритиш, обод, кўркам туманга айлантириш борасида барча вазирликларга топшириқ берилгани, катта маблағлар ажратилиши туман аҳлига бўлган меҳр-муҳаббатнинг намунаси, деб ўйлаймиз.

Бир пайтлар бўз ерларидан бошқа ажралиб турадиган нарсаси бўлмаган ҳудуд йиллар ўтиб бўстонга айланиб бормоқда. Бугун бутун туман аҳли ҳаётига янги кун, янги нафас кириб келмоқда. Одамларнинг дилларидаги қувончи тилларига кўчяпти. Боиси, аҳоли билан мулоқот пайтида туманимизни «Бўстон» тумани, деб номлаш бўйича таклиф берилди. Бу таклиф бўзликлар учун катта хушхабар бўлди. Яқин йиллар ичида туманимиздаги маҳаллаю кўчалар бўстонга айланиши шубҳасиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: