Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
02.04.2019

ХОТИН-ҚИЗЛАР УЧУН БАРҚАРОР ИШ ЎРНИ БУ МАСАЛАДА «КАМПАНИЯБОЗ»ЛИК ҚИЛИШНИНГ ОҚИБАТИ ОҒИР БЎЛАДИ...

Хотин-қизлар учун яратилаётган шароитлар, уларга бўлаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида кўп гапирилади. Лекин бу борада ҳали муаммолар оз эмас...

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия Марказий Кенгаши Республика хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган «Хотин-қизлар учун муносиб ва барқарор иш ўринлари яратиш — устувор вазифа» мавзусидаги давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов Президентимиз раислигида жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларга, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иш билан банд қилиш чора-тадбирлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Президентимиз 2019-2020 йилларда барча туманларда сендвич панеллардан 195 та тикув-трикотаж корхонаси ташкил этиш вазифаси белгилаб бергани, бунинг аҳоли зич яшайдиган, меҳнат ресурслари кўп жойлар танлаб олиниши ҳақида маълум қилди. Қайд этилдики, мазкур корхоналар ташкил этилиши натижасида хотин-қизлар учун 24 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари меҳнат қилиш истагидаги аёллар сони иш ўринлари салмоғидан анча кўплигини ҳисобга олиб, корхоналарда ишни икки сменада ташкил этиш, уларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев хотин-қизларга кўмаклашиш масаласига ҳамма жойда ҳам бир хилда эътибор қаратилмаётганини қайд этди. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни турар-жой ҳамда иш билан таъминлаш жараёнларини жамоатчилик ва депутатлик назоратига олиш, бунинг учун Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда «Оила» илмий-амалий маркази билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш талаб этилади, деди депутат.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича партия томонидан ўтказилган лойиҳа, форумларнинг натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Аввал белгиланган расмий маърузалардан сўнг давра суҳбати янада қизғин тус олди.

— Тўғри, бугун хотин-қизларга яратилаётган шароит, берилаётган имтиёз, қонуний ҳуқуқ ва манфаатлар кўлами жуда кенг, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Лекин афсуски, барча аёлларни тадбиркорликка ўргатиб ёки бир кунда ҳаммасини тикувчи қилиб қўйишнинг имкони йўқ. Ўзбекистон саноати ривожланаётган аграр республика саналади. Бизда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган, асло эскирмайдиган, бебаҳо бойлигимиз — ер бор, томорқамиз бор. Биз масалага ечимни аввало шу томондан излашимиз керак. Томорқа ер эгалари, деҳқон ҳўжаликлари уюшмалари ташкил этилди. Бироқ айни пайтда мазкур уюшмаларнинг фаолияти ҳаёт талабига жавоб бермайди. Бозорларимизни тўлдираётган, тинимсиз меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз, деҳқонларимиз етиштираётган истеъмол маҳсулотлари эртага исроф бўлмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Агар томорқаси ҳисобидан яшайдиган оила йил давомида кутган ҳосилини сота олса, берди Худо, сота олмаса-чи?.. Бундай оилалар муаммолар гирдобида қолиб кетади. Бир дард минг дард бўлади.

Шунинг учун биринчи навбатда режалаштирилган ишлаб чиқариш, томорқа ерларида, деҳқон-фермер ҳўжаликларида етиштирилаётган маҳсулотларнинг ҳақиқий, кафолатланган реализацияси ташкил қилинмаса, муаммо пайдо бўлади, гап гап бўлиб қолаверади. Масалан, агрофирмалар ташкил этилди. Уларнинг вазифаси банклардан кредит олиб, томорқа ҳўжалиги бўладими, деҳқон ҳўжалиги бўладими, улар билан шартнома тузиб, олдиндан 40 фоиз авансини бериб, маҳсулотларини олиши ва бозорда келишилган нархда сотиши керак эди. Афсуски, ушбу тизим ишламаяпти.

Мисол учун, ўтган йили Сурхондарё вилоятида пиёз етиштирган одамлар ҳосилини қазиб олмасдан, ерни ҳайдаб ташлаганди. Чунки оладиган харидор йўқ, таклиф этилган нарх шу қадар пастки, қазиб олиш харажатини ҳам қопламайди. Бунақада қадоқ қўл деҳқон қачон чин кўнгилдан ишлайди? Қачон унинг елкасига шамол тегади?

Яна бир масалага эътибор қаратсак. Хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш дастури асосида банкдан кредит ажратиладиган бўлди. Кўпчилик аёлларга муҳр берилиб, рўйхатдан ўтказилди. Лекин банклар ва мутасадди ташкилотларнинг айби билан уларнинг қўлига кредитлар етиб бормади. Оқибатда «тадбиркор» аёллар олмаган кредити эвазига солиқдан қарз бўлиб қолди. Шукрки, Президентимиз буни тўғри баҳолаб, 5490 сонли қарор имзолади. Акс ҳолда, бир кун ҳам фаолият юритмаган хотин-қизлар «емаган сомса»сига пул тўлаган бўларди. Мана шундай адолатсизликлар қайта рўй бермаслиги учун назорат тадбирлари, таҳлил ва ўрганишларни кучайтириш зарур. Қарор ёки фармон чиқди, уни аҳолига етказдик, бўлди эмас. Ижроси қандай, одамларга нафи тегяптими-йўқми, имкониятлардан тўғри фойдаланиляптими ёки аксими, деган саволлар ҳамиша безовта қилиши керак.

 Қишлоқ хўжалигида ҳар бир маҳсулот етиштирувчини рўйхатдан ўтказиш, уларни сифатли уруғ ҳамда кимёвий дорилар билан таъминлаш зарур. Масалан, куни кеча 35-40 минг сўм турган 50 килограмм карбомит дори бугун 165-170 минга чиқди. Нарх-навонинг кескин ошиб кетиши ва буларни ҳеч ким назорат қилмаслиги оқибатида ерларимиз бўшаб қоляпти. Ўша қимматга сотиб олинган дорилар самараси яхши эмаслиги борасида ҳам халқимиз эътирозларини билдиряпти. Деҳқончиликда ҳар бир жиҳат жуда муҳим саналади. Нотўғри ишлар кўпайса, деҳқон касод бўлади. Оқибати барчамизга таъсир қилади. Буларга эътибор бериш, чора топиш шарт. Сифатли уруғлар, кафолатланган харид масалалари тўғрисида бош қотиришга мажбурмиз.

— Аёлга муносиб шароит яратилган жамият ривожланади, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Сенат аъзоси Мақсуда Ворисова. — Шунинг учун мазкур масалани компаниябозликка айлантириб қўймаслик зарур. Чунки бу бир-икки йиллик иш эмас. Хотин-қизлар масаласи ҳамиша долзарб ва доимий янгиланиб боришни талаб этади. Йиллар давомида доимий ишловчи тизим яратилиши шарт. Шунинг учун уйда ўтирган ёки иш билан банд бўлмаган опа-сингилларимиз ҳақида электрон маълумотлар манбаини яратиш керак. Ишни битирувчилардан бошлаш лозим. Меҳнат бозорини ўрганиб, уларнинг қобилиятига мос иш билан таъминлаш масаласи доимий назоратга олиниши шарт.

Инсон ҳақ-ҳуқуқини танисагина, ҳаётдаги муаммоларни ечишда фаол, ўз фикрига эга бўлади. Афсуски, аёллар орасида меҳнат қонунчилигидан бохабар бўлганлари жуда кам. Натижада уларнинг ҳуқуқлари камситилаётган ҳолатлар кўп учрамоқда. Шунинг учун бандликка кўмаклашиш марказларидами ёки бошқа жойдами, албатта, хотин-қизларга меҳнат муносабатлари қонунчилигини ўргатишимиз шарт.

Бандликка кўмаклашиш марказларига жуда катта маблағ ажратилган. Жойларда аёлларни бозор талаб қиладиган касбга ўргатишга мўлжалланган ўқув марказлари ташкил этиш лозим. Бунинг учун имконият ҳам, маблағ ҳам етарли, деб ўйлайман.

Қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларининг реализацияси ҳақида гап кетди. Ўйлашимча, нафақат истеъмол товарлари, балки хотин-қизлар ишлаб чиқараётган ҳар қандай маҳсулотга буюртмани ташкил этиш керак. Ана шунда аёл аниқ натижани кўзлаб ишлайди, даромадга эга бўлади.

Узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг бошқа масалаларда ҳам таклифлар, саволлар берилди.

— Аҳолининг хоҳишларидан келиб чиқиб, айрим таклифларим бор, — деди Сергели туманидан ўқитувчи, ЎзХДП фаоли Сайёра Саидова. — Энг аввало, тиббиёт муассаларида лобаратория ишини жонлантириш керак. Чунки беморнинг анализ натижалари ҳар хил чиқаётган ҳолатлар кўпайиб кетяпти. Нотўғри таҳлил нотўғри ташхисларга сабаб бўлади. Натижада одамнинг дардига дард қўшилади.

Шунингдек, Сергели туманидан тадбиркор Дениз Маметова, Шайхонтоҳур меҳмонхона хизмати касб-ҳунар коллежи махсус фан ўқитувчиси Ҳафиза Устабобоева ва бошқалар фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мактабларда маънавият, эстетика, одобнома, муомала маданияти билан боғлиқ соатларни кўпайтириш таклиф этилди. Фаолияти тугатилаётган касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларини иш билан таъминлаш, махсус фан ўқитувчиларининг ўз ишини очишдаги имтиёзлар ва яна бошқа кўплаб масалаларда саволлар берилди. Ҳар бир масала юзасидан мутахассисларнинг жавоблари, фикр-мулоҳазалари тингланди.

Давра суҳбати якунида муайян вазифалар белгилаб олинди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА.

Қодир БУМАТОВ олган сурат.



DB query error.
Please try later.