02.04.2019

ҲАР БИР ЛОЙИҲА ОХИРИГА ЕТИШИ КЕРАК

Робия Казимова, Ўзбекистон халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши раиси:

Президентимиз ҳудудларга тез-тез ташриф буюряпти, катта-катта режалар билан боряпти, лойиҳалар билан танишиб, маслаҳатлар беряпти, йўл-йўриқ кўрсатяпти. Энг муҳими шуки, Президент ҳудуд фаоллари билан учрашиб, ҳаётга тепароқдан қарашни ўргатишга уриняпти. Ҳаммамиз, айниқса, ҳудудлардаги раҳбарлар кундалик юмушларга ўралашиб юравермасдан, эртани ўйлаб ишлашни, шунга қараб пухта режа тузишни, аниқ маррани белгилай олишни ўрганишимиз жуда зарур. Туман ёки шаҳарда 10 йилдан кейин вазият, ҳаёт қандай бўлади? Бугун ҳокимларда бу саволга жавоб бўлмаса, эртага ҳам ҳозирги муаммолар билан яшайверамиз.

Давлатимиз раҳбарининг 29-30 март кунлари вилоятимизга амалга оширган ташрифи барчамизга фидойи бўлиб ишлаш, халққа хизмат қилиш масъулиятини яна бир бор эслатди, десам муболаға бўлмайди.

Айтиш керакки, вилоятимизда ҳар бир соҳада катта ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этиляпти. Маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт ҳажми ошяпти. Транспорт ва сервис инфратузилмаси ривожланиб, сайёҳлар оқими кўпаймоқда. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган имкониятлар ишга солинмоқда, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар қуриляпти.

Президентимиз 2017 йили вилоятимизга ташрифи чоғида Ғиждувон туманидаги собиқ ип-йигирув фабрикасининг бўш турган майдонларидан унумли фойдаланиш, «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонасини ушбу ҳудудда жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. «Парвоз Ҳумо Равнақ Транс» масъулияти чекланган жамияти томонидан собиқ фабриканинг 9 гектардан зиёд майдонида қисқа муддатда йирик лойиҳа — ип-йигирув корхонаси ташкил этилди.

Умумий қиймати 27 миллион АҚШ доллари бўлган фабрика учун Ипотека банкдан ажратилган кредит эвазига Германия, Туркия, Швейцария, Япония ва Ҳиндистондан замонавий ускуналар харид қилинди. Масъулияти чекланган жамият ўз маблағи ҳисобидан бино ва иншоотларни қайта қуриб, реконструкция қилди. Жорий йил январда ишга туширилган корхона йилига 9400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 5 миллион долларлик экспорт қилиш қувватига эга. Йилига қарийб 33 миллиард сўмлик ип-калава сотилиб, 1,1 миллион долларлик тайёр маҳсулот хорижга экспорт қилинмоқда. Бу — лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, иккинчи босқичда ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириш, экспортни йилига 51 миллион долларга, иш ўринлари сонини 1250 тага етказиш режалаштирилган.

Вилоятда туризмни ривожлантириш, янги инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайликлар яратиш, сервис хизматини яхшилаш борасида салмоқли ишлар бажарилмоқда. Бухоро шаҳрида барпо этилаётган «Shopping Center» савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси шундай лойиҳалардан. Ўзбекистонда ягона ушбу мажмуа 90 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Савдо дўконлари, маиший хизмат уйлари, кинотеатрлар, фаст-фудлар, болалар учун ўйин майдончалари, нотариал идора, банк шохобчалари жойлашадиган ушбу тўрт қаватли мажмуа сайёҳларга шаҳарнинг битта нуқтасида барча хизматларни жамлаган ҳолда кўрсатиш имконини беради. Бир ярим мингдан зиёд савдо дўконлари жойлашадиган мажмуа фойдаланишга топширилгач, 6 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, икки йилда барпо этилиши кўзда тутилаётган «Buhkara city» мамлакатимизнинг йирик илм-маърифат ва ишбилармонлик маркази бўлади, деган умиддамиз.

Шу ўринда биз бухороликларни жуда севинтираётган режа ҳақида алоҳида айтмасам, бўлмайди. Президентимиз яқин 3 йилда ижтимоий йўл, коммунал инфратузилмани тўлиқ яхшилаш мақсадида 1 миллиард 300 миллион доллар қўшимча равишда йўналтирилишини таъкидлаб, бу масалада «Бухоро тажрибаси»ни яратишни таклиф этди. Бу маблағнинг 600 миллион доллари ичимлик суви билан таъминлаш бўйича 7 та, оқава тармоқлар тортиш бўйича 12 та лойиҳага сарфланади. Умуман, қарийб 4,5 минг километрлик ичимлик суви тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш ҳисобига вилоятимизда 889 минг аҳоли доимий ичимлик суви билан таъминланади. Кўриб турганингиздек, бу масалалар Бухоро вилояти учун жуда муҳим.

Бироқ биз, партия фаоллари ҳамда депутатларни бошқа саволлар ўйлантириши, мудом безовта қилиши керак. Лойиҳалар учун ажратиладиган миллион-миллион доллар қандай сарфланади? Ўзлаштиришлар, ўлда-жўлда иш битиришлар бўлмайдими? Биламиз, шу вақтга қадар ҳам кўп-кўп лойиҳалар бўлган, агар улар амалга ошганида ҳозир ҳаёт ўзгачароқ бўлар эди. Шунинг учун сиёсий партия фаоллари, фидойи кишилар кўзимизни каттароқ очиб, жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш чораларини кўришимиз зарур.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: