02.04.2019

КАДРЛАР ҚЎНИМСИЗЛИГИ ИШ САМАРАДОРЛИГИГА ЖИДДИЙ ТАЪСИР ЎТКАЗАДИ

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари иштирокини таъминлаш, жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Ҳар бир соҳада эришилган натижа, иш самарадорлиги кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси, Чиноз туман партия кенгаши раиси Фарҳод Ибрагимов. — Бугунги кунда Тошкент вилоят партия тизимида бюджет пули ҳисобидан маош тўланадиган 45 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, йил бошидан буён 14 нафар ходим алмаштирилган. Албатта, кадрлар алмашиниши табиий ҳолат. Аммо йил давомида битта лавозимга тўрт-беш марта ходимлар алмашиниши кузатилгани тизимда муаммо борлигини кўрсатади.

Туман(шаҳар) ташкилотларидан бўлажак сайловларга депутатликка номзодларни шакллантириб бериш сўралганда, уларнинг аксарияти мансабдор шахсларни номзод сифатида кўрсатган. Ваҳоланки, келгусида ижроия ҳокимият ва вакиллик органларининг алоҳида бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, кўрсатилган номзодлар сайланган тақдирда ҳам депутатлик фаолиятини изчил олиб боролмайди.

Партия дастурини амалга оширишда, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда энг муҳим тузилма депутатлик гуруҳлари ҳисобланади. Сайловларда фуқаролар биздан қанча аъзолик бадали йиғдинг, қанча учрашув ўтказдинг, деб сўрамайди. Ҳудуддаги қайси муаммони ҳал қилганимиз, амалий ишларимиз билан қизиқади, шунга қараб баҳо беради. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, партия депутатлик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Марказий Кенгаш ва вилоят кенгаши ходимларини қисқартириш ҳисобига барча туман Кенгашларида ижрочи котиб вазифаси таъсис этилди. Афсуски, улар бугунги кунда самарали ишлаяпти, дея олмаймиз. Ҳатто айрим ижрочи котиблар ўз иши нимадан иборатлигини ҳам билмайди.

Мафкура, тарғибот ва ташвиқот масалаларида ҳам камчиликлар йўқ эмас. Партия тизимидаги кадрларнинг сиёсий билимини ошириш бўйича ўқув машғулотлар тизимли равишда йўлга қўйилмаган. Хусусан, Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Ангрен, Янгийўл туманларида бу масалада сусткашлик кузатилган.

Энг ачинарлиси, туман(шаҳар) кенгашлари томонидан тайёрланаётган ҳисоботларда қўшиб ёзиш ёки бошқа ташкилотлар ҳисоботидан кўчирма олиш, бошқа ташкилотнинг ишини ўзиники қилиб кўрсатиш ҳоллари учраяпти. Булардан кўринадики, ҳали камчиликларимиз кўп. Вақт эса кутиб турмайди. Фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, хато ва камчиликлар бошқа такрорланмаслиги учун чоралар кўрилиши лозим, деб ўйлайман. Тадбирбозликдан воз кечиб, тарғибот-ташвиқот ишларининг сонига эмас, сифатига эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Пленумда Ўзбекистон ХДП Уставига асосан Тошкент вилоят партия кенгаши раиси лавозимига Сайёра Файзиева сайлангани маълум қилинди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев Тошкент вилоят партия ташкилотининг қамрови ҳам, имкониятлари ҳам катта экани хусусида сўз юритди. Янги раҳбар Сайёра Файзиеванинг узоқ йиллар ижро органларида ишлаб, тўплаган тажрибаси ҳудудда партия нуфузини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

— Бугун эришилган ютуқлар ҳақида гапиришдан кўра олдимиздаги вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида кўпроқ ўйлаш лозим, — деди Улуғбек Вафоев. — Депутатлик гуруҳининг ахборотини тингладик. Албатта, депутатларнинг зиммасидаги вазифа оғир, масъулияти катта. Шуни ҳисобга олиб, ноибларга ёрдам бўлиши учун ижрочи котиблар лавозими жорий этилди. Вилоят кенгашларида бўлим очилди. Бугунги ахборотнинг эса хатбошисигина вилоят Кенгашидаги депутатлар фаолиятига тегишли маълумотлардир, қолгани туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг бажарган ишлари... Агар ҳар бир ишга виждонан, масъулият билан ёндашилса, бундай камчиликлар, янада аниқроқ айтсак, ўз вазифасига юзаки қараш, «бўлаверади» қабилида иш тутиш ҳоллари учрамасди.

Тошкент шаҳар партия кенгашининг пленуми ҳам танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Унда шаҳар, туман партия кенгашлари масъуллари, партия депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирок этди.

      Фуқаро мурожаатини беэътибор қолдиришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ, — деди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Лола Илиева. — Улар бизга ишонч билдириб, ўз муаммосини айтдими, унинг ечими борасида тинмай изланишимиз шарт. Шуни ҳисобга олган ҳолда, уйма-уй юриб, режа асосида партия ташкилотлари раҳбарлари, депутатларнинг сайёр қабуллари ўтказилди. Натижада 3500 нафарга яқин фуқаро билан мулоқотда бўлинди. 460 мурожаат қабул қилиниб, 70 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ижроси назоратга олинган.

Шунингдек, партия гуруҳларида 64, доимий комиссияларда 13, сессияларда эса 10 масала кўрилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

      Бугун одамларнинг фикри анча ўзгарди, — деди Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Колонов. — Ким билан суҳбатлашманг, у ўзини ўйлантираётган муаммо юзасидан қайсидир ташкилотга мурожаат қилса, масала ечим топишига ишонмоқда. Бу катта ўзгаришдан далолат беради, ҳар бир масъул ўз ишига виждонан ёндашиши, кўпроқ одамлар орасида юриши лозимлигини англатади. Акс ҳолда, халқ унга муносиб баҳони бериб қўяди.

Яна бир муҳим масала. Биз тадбир, пленумларда чиройли буклетлар тайёрлашга, узундан-узоқ маърузалар қилишга зўр берамиз. Қоғозларда ишларни чиройли қилиб кўрсатамиз. Аслида амалий ишларни кўпайтириш керак. Тошкент шаҳар партия кенгаши ва «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлик меморандуми имзолади. Ўйлайманки, бу ҳамкорликдаги амалий ишларимизнинг дебочаси бўлади.

Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам пленумлар ўтказиляпти.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Санжар ШОТЎЛАГАНОВ олган суратлар.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: