26.03.2019

ТОМОРҚА ХАЛҚНИ БОҚАДИ, БОЙ ҚИЛАДИ

Эгамберди ЭРНАЗАРОВ, ЎзХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

— Томорқадан унумли фойдаланиш партиямиз диққат марказидаги масалалардан бири. Бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасида ҳам катта масъулият турибди, деб ўйлайман.

«Бургалик» – Ўрта Чирчиқ туманидаги обод маҳаллалардан бири бўлиб, асосан полиз экинлари, хусусан, помидор, бодринг ва қулупнай экилади. Ҳудудимизда томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, ердан унумли фойдаланиб, бунинг ортидан оила эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, эл дастурхони тўкинлигига ҳам муносиб ҳисса қўшаётган кишилар кўп.

Биз ўз томорқасидан унумли фойдаланиш борасида аҳолига имкон қадар кўмаклашиб келмоқдамиз. Экин-тикин арафасида ҳудудимиздаги 343 хонадонда бўлиб, оилалар тасарруфидаги томорқаларни бориб кўрдик. Кўмакка муҳтож 20 хонадоннинг ерини чопиқ қилиб, экин экиш ишларига ёрдам бердик, эҳтиёжманд оилалар Нурафшон шаҳар ҳокимияти томонидан кўчатлар билан ҳам таъминланди.

Одамлар ўз томорқасидан қанчалик самарали фойдаланиб даромад қилса, бу мамлакатнинг ютуғи бўлади. Шу боис, кимда қандай камчилик, қандай муаммо борлиги билан қизиқамиз ва ўз ўрнида ёрдам берамиз. Жумладан, тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб, қайси турдаги экинларни экишдан тортиб, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш, сотиш жараёнларигача ёрдам кўрсатиляпти.

Сайловчилар билан мунтазам ўтказиладиган учрашувларда ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор берилади. Маҳалла аҳолиси орасида омилкор, томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олган деҳқонларимиз етарли. «Бургалик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Сулаймон Ҳамроев шулардан бири. У киши 10 сотих ерда иссиқхона барпо этиб, лимон парваришламоқда. Лимонзордан йилига 30-40 миллион соф даромад олаётгани эътиборга сазовор. Бу каби тажрибали деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигига қизиққан ёшлар ва ёш фермерларга маҳорат дарслари ўтиб, ўз малакалари билан ўртоқлашадилар. Буларнинг бари томорқа хўжаликларини ривожлантириш, одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, қўшимча даромад манбаларини яратиш, озиқ-овқат мўл-кўлчилигига эришишдек эзгу мақсадларга қаратилган.

Омилкорлик ортидан ҳудудни ободонлаштириш, маиший шароитларни янада яхшилаш имкони ҳам пайдо бўлмоқда. Томорқалар экин-тикиндан яшнаб турган маҳаллада одамларнинг умумий кайфияти ҳам кўтарилар экан-да...

Халқимизда «Ерни боқсанг, ер сени боқади», деган пурмаъно ҳикмат бор. Замин ҳалоллик, эътибор кутади. Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Қолаверса, бир парча ернинг фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида ҳам унутмаслик керак. Аввало томорқада инсон ҳалол меҳнатга ўрганади. Умуман, бу кенг мавзу, ўзига хос илм. Бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам бундан яхшироқ бўлмаслиги мумкин. Томорқадан фойдаланиш маданияти қанча ошса, юртимизда турмуш маданияти ҳам шунча юксалади, деб ўйлайман.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: