19.03.2019

СИЁСИЙ ПАРТИЯ МАҚСАДСИЗ ЯШАЙ ОЛМАЙДИ

16 март куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди.

Пленумда Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда партия фракцияси, ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари иштирокини янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидландики, бу борада қабул қилинган партиянинг комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди, шу билан бирга камчиликларни бартараф этиш ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, партиямиз Президентимизнинг «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» номли маърузаси, ўз Низоми ва Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, фаолиятини олиб борди, — деди Улуғбек Вафоев. — Хусусан, 2018 йил давомида партия томонидан ўтказилган турли йиғилишлар, давра суҳбатларида 286 масала кўриб чиқилди. Амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантириш мақсадида тегишли қарорлар қабул қилинди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Ногиронлар, Кўзи ожизлар, Карлар, Нуроний жамғармалари ҳамда бошқа йирик ташкилотлар билан 13 та ҳамкорлик меморандуми тузилиб, чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти билан боғлиқ 180 масала партия гуруҳларида, 115 масала доимий комиссияларда, 68 масала эса сессияларда муҳокама этилиб, қарорлар қабул қилинди.

Айтиш керакки, партиянинг мурожаатлар билан ишлаш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Раҳбарларнинг жойларга чиқиши ва сайёр қабуллар ўтказиши йўлга қўйилди. 15 000 га яқин фуқаро билан мулоқот ўтказилди, улардан 12265 мурожаат бўлди. Ушбу мурожаатларнинг 72 фоизи ижобий ҳал этилди.

Аҳоли мурожаатлари ва партия Сайловолди дастури ижросига тааллуқли 1033 масала партия гуруҳларида, 756 масала доимий комиссияларда ва 494 масала сессияларда кўриб чиқилди. Уларнинг ечими билан боғлиқ қарорлар қабул қилинди.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, маҳаллий Кенгашлар ҳамда минтақавий ташкилотларда олиб борилган ишлар юзасидан ҳам сўз юритилди.

 


Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолияти анча жонланди, кучайди, дейиш мумкин. Аниқ бир муаммоли масалани ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда бу борада ҳукуматга таклиф, тавсиялар тақдим этиш тизими шаклланди. Хусусан, фракциямиз аъзолари 175 қонун лойиҳасини ўрганиб чиқди. 17 қонун лойиҳасига фракциямиз ташаббуси билан концептуал ўзгартиришлар киритилди.

Парламентга киритилган қонун лойиҳалари бўйича 315 та таклиф тайёрланди. Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан билдирилган таклифларнинг 220 таси қонунларни қабул қилиш жараёнида инобатга олинди. Шунингдек, фракциямиз ташаббуси билан 2018 йилда 1 парламент эшитуви, 3 «Ҳукумат соати» ташкил этилди. Депутатларимиз давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 24 депутатлик сўрови юборди.

Лекин ҳалигача сусткашликка йўл қўйиб, жонини қийнамасдан вақт ўтказаётган депутатларимиз, очиғини айтиш керак, фракциямиз аъзолари ҳам йўқ эмас. Бундан кейин фидойи бўлмаган депутат сайловчилар назаридан қолади. Шуни ҳаммамиз ёдда сақлашимиз керак.

 

Нигора ЭШМЕТОВА, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Тошкент шаҳар Кенгаши Котибияти мудири:

Илк бор намуна тариқасида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши котибияти фаолияти йўлга қўйилганидан хабарингиз бор. Аввалига барчамиз бу тизим қандай ишлаши, вазифалари, самарадорлиги қандай бўлиши борасида узоқ ўйландик. Аммо кўп вақт ўтмасдан ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Дастлаб, котибият низомини тасдиқлаб олдик. Кейин эса депутатларнинг беш йўналишдаги фаолияти акс этган электрон база яратилди.

Яқин-яқингача аксарият депутатларимиз доимий комиссия йиғилишларига, сессияларга ҳеч қандай тайёргарликсиз келишар ва қатнашар эди. Эндиликда ҳар бир кўтарилаётган масала юзасидан тўпланган маълумотлар депутатларга олдиндан етказилмоқда. Табиийки, бу доимий комиссия ишида сифат кўрсаткичи ошишига, сессияда кўтарилган масала юзасидан энг мақбул қарор қабул қилишга ёрдам бермоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳар Кенгаши энг намунали Кенгаш, деб топилди. Бу ишимизга бўлган масъулиятни янада оширади. Биздан янгидан-янги ташаббуслар, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш билан боғлиқ таклифлар кутилади. Ўйлаймизки, депутатлар билан бу борада ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз, фаолиятимизни кучайтиришимиз зарур.

 

Равшан АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

Баъзи раҳбарлар кенг фикрлайдиган, таклиф бера оладиган ходимдан чўчийди. Бу нотўғри фикр, деб ўйлайман. Раҳбар атрофида малакали, ташаббускор кадрларни тўпламас экан, ташкилот ёки идоранинг иши кўзга кўринмайди. Хусусан, сиёсий партия тизимида ҳам шундай. Вилоят, туман партия кенгаши ходимлари халқ орасида юради. Аҳоли ўзини ўйлантираётган муаммо юзасидан унга мурожаат этганда, масаланинг ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий томонларини тушунтириб берса, хўп-хўп. Бунинг тескариси бўлса, одамларда биргина ходим ҳақида эмас, партия ёки бутун тизим ҳақида салбий фикр уйғонади. Шу боис партия ташкилотида ишламоқчи бўлган ҳар бир номзод билан ўзим суҳбатлашаман. Унинг дунёқараши, ҳаётдан хабардорлиги ва қизиқишларига алоҳида эътибор қаратаман. Айниқса, туман кенгаши раислигига номзодлар кўрилаётганда, партия тизимида ишлаб кетган фахрийлар кўмагига таянамиз.

Ҳар бир депутат, сиёсий партия ходими замон билан ҳамнафас бўлиши керак. Наманган вилоят кенгаши ходимлари ҳамда депутатларининг Телеграм ижтимоий тармоғида ўз гуруҳлари бор. Бу бизга ахборот ва тажриба алмашишда қўл келмоқда. Шунингдек, чекка ҳудудлардаги вазият, ечимини кутаётган масалалар, аҳолининг кайфиятидан доимий хабардор бўлиш имконини бермоқда.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, пленумда қатор ташкилий масалалар кўрилди. Партиянинг йиллик умумий бюджети ҳақида маълумот берилди. Муҳокама этилган барча масалалар бўйича керакли қарорлар қабул қилинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: