Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
05.03.2019

АЁЛНИ ТУШУНИШ, ЭЪЗОЗЛАШ ВА ҚАДРЛАШ БАХТИЁР ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» анъанавий танловининг республика босқичини ўтказди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар босқичлари ғолиблари иштирок этди.

Танловда «Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали йўллари» бўйича тақдимот ўтказилди. Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳамда эрта никоҳнинг олдини олиш, бандликни таъминлашга қаратилган амалий ишлар намойиш этилди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш, китобхонликни тарғиб этиш каби масалаларда қизиқарли таклифлар билдирилди.

Республика босқичининг ўзига хослиги шунда бўлдики, унда ғолиб ва мағлуб тушунчасига ўрин қолмади. Барча иштирокчилар йўналишидан келиб чиқиб, биринчи даражали диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Гулшан АСАТОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жумладан, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни бартараф этишга кўмаклашиш масаласига алоҳида урғу берилган. Бу эса бевосита партиямиз электорати муаммолари ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, танлов низомига ўзгартириш киритдик. Кўпроқ муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратдик. Чунки олдинги йилларда лойиҳалар тақдим этилар, бироқ уларнинг аксарияти амалга ошмай қоларди.

Бу йил танловда қатнашиш истаги билдирилган 16 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Шаҳар ва туман босқичларида 8 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз ўз лойиҳалари, амалий ишлари билан қатнашди. Бу нимани англатади? Демак, камида 8 мингта муаммо ўрганилган ва уларнинг қарийб 80 фоизи ҳал этилган. Ўйлаймизки, бошлаган ишимиз ўзининг амалий натижасини беради.

 

Улмекен ҚАНЛИБЕКОВА, Қорақалпоғистон Республика босқичи ғолибаси:

— Нукус шаҳридаги 2-сонли тиббиёт коллежида терапия ва ҳамширалик иши кафедраси ўқитувчиси, 3 нафар фарзанднинг онасиман. Оилавий корхонамиз бор. Турмуш ўртоғим ва болаларим билан у ерда ишлаймиз. Қовун-тарвуз экамиз, асаларичилик билан шуғулланамиз. Ердан янада унумли фойдаланиш мақсадида қаровсиз ётган кўлни корхонамиз номига олиб, балиқчиликни ҳам йўлга қўйдик. Аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз.

Маҳалладошимиз, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёл 1999 йилдан буён ижарада яшайди. Президентимизнинг хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фармони мазмун-моҳиятини опага тушунтирдик, тегишли идораларга ариза ёздик. Хатимизга ижобий жавоб келди. Уйнинг бошланғич бадалини тўлашда корхонамиз томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. 2018 йилнинг май ойидан буён аёл 2 хонали ўз уйида яшаб келмоқда. Кимнингдир оғирини енгил қилишга фойдам тегса, қувонч, бахтни ҳис қиламан. Яхши амалларимиз фарзандларимиз, оиламизга хотиржамлик, барака олиб киришига ишонаман.

 

Соҳиба АШУРОВА, Сирдарё вилоят босқичи ғолибаси:

— Партияга аъзо бўлишимга Янгиер шаҳарчасидаги ногирон аёллар «Мурувват» уйида ишлашим сабаб бўлган. У ерда 18 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар яшайди, юртимизнинг турли вилоятларидан келган 160 нафар бемор бор. Ётоқ шароитида даволанадиган беморларда қон айланишини яхшилаш, ётоқ яраларининг олдини олиш учун махсус усулда уқалаш, енгил жисмоний машқлар ўтказилади. Физиотерапия муолажалари йўлга қўйилган. Тажрибали шифокорлар, руҳшунослар хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, «Мурувват» уйида тиббий хизмат кўрсатиш, яшаш ва даволаниш учун қулай шароит яратилган. Биздан талаб қилингани, уларга ширин сўз бўлиш, меҳр ва эътибор кўрсатишдан иборат.

Муассасамиздагиларнинг ногирон бўлиб қолишига оддий нарсалар ҳам сабаб бўлган. Масалан, кимдир нотўғри эмланаши натижасида оёқ-қўллари яхши шаклланмаган, яна кимдир она қорнидалик пайтида етарли эътибор қилинмагани ёки яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сабабли фикрлаш тизими, мияси ривожланмай қолган. Ҳар бир беморга эҳтиёткорлик билан муомалада бўламиз.

Сизга мақтаниб қўяй. Муолажа ва машғулотлар сабаб бўлиб Шаҳноза исмли бир беморнинг соғлигида катта ўзгариш рўй берди. Оиласи бағрига қайтди. Турмушга чиқди. Бир неча бор ҳамкасбларимиз билан уни йўқлаб бордик. Ҳозирда бахтли ва ҳаётидан мамнун. Кичик меҳнатимизнинг мана шундай катта самарасини кўргач, биз ҳам хурсандмиз, албатта.

 

Дилноза ҚОРАБОЕВА, Тошкент шаҳар босқичи ғолибаси:

      Танловнинг туман босқичи ўтказилаётган вақтда онам хасталаниб, юролмай қолди. Шифокорлар зудлик билан тиззага эндопротез қўйиш кераклигини айтди. Мазкур тиббий маҳсулот Италия, Германия, Хитой, яна бир-икки мамлакатлардагина ишлаб чиқарилар экан. Шу боисдан жарроҳлик амалиётига 35 миллион талаб этиларкан. Афсуски, бизда бу маблағ йўқ эди. Банкдан кредит олишга уриндим. Хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун истеъмол кредити берилмаслигини билдим. Эндопротез навбат асосида фақатгина биринчи, иккинчи гуруҳ ногиронларига имтиёзли равишда қўйилар экан.

Бу ҳақда маълумот тўплай бошладим. Ўзбекистонда ўтган йили худди шундай касалликка чалинган 3,5 мингдан ортиқ хотин-қиз рўйхатга олинган. Шундан 1929 нафари эндопротезларни қўйдиролган, холос. Рости, бу ҳолат бошимдан ўтмагунча, муаммони тушунмасдим. Онамга ёрдам беришим шарт эди. Мутасадди ташкилотларга, Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Менга истисно тариқасида 3 йилга 20 фоизли кредит беришди. Онам ҳам уч ойга қолмай оёққа туриб, ишга тушиб кетди.

Танловга тайёрлаган тақдимотимда ушбу масалани кўтардим. Мазкур тиббий мосламани ўзимизда ишлаб чиқиш йўлга қўйилса, беморларга юриш бахти насиб этар, иқтисодиётимизга ҳам фойда бўларди. Депутатлар бу масалага алоҳида эътибор қаратади, деган умиддаман.

 

Мўътабархон СУЛТОНОВА, Хоразм вилоят босқичи ғолибаси:

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бориш, депутатлар билан бир сафда ўтириш, уларнинг иш жараёни билан яқиндан танишиш хаёлимга ҳам келмаганди. Жуда ҳам таассуротларга бой саёҳат бўлди, деб айта оламан. Парламент ҳақида ҳужжатларда ўқиган ва телевизорда кўрган маълумотлар билан чеклангандим. У ерни ўз кўзим билан кўриш орқали халқимиз, жамиятимиз тақдирига алоқадор қонунларни қабул қилишдаги масъулият юкини ҳис қилгандек бўлдим.

Танловда рақиб бўлган опа-сингилларимиз билан қисқа фурсатда қадрдонларга айландик. Ҳудудларда олиб борилаётган ишлар, ислоҳотлар, улкан ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашдик, тажриба алмашдик. Ҳар биримизнинг дўст ва яқинларимиз сафи 13 нафарга кенгайди.

Тўғриси, танловда қатнашганимдан сўнг орзу-мақсадларим ўзгариб кетди. Телеграмм ижтимоий тармоғида хотин-қизлар учун канал ташкил этдим. У ерда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли мурожаати жойлаштирилади. Турли мутахассислар, тажриба мактабига эга нуронийларнинг маслаҳатлари, йўл-йўриғи асосида масалага ечим топилади. Бизга ҳамкор ташкилотлар яқин кўмакчи бўляпти.

 

Холида ХОЛНАЗАРОВА, Сурхондарё вилоят босқичи ғолибаси:

— Мактабгача таълим муассасаси мудирасиман. Биласизми, бугунги кун болалари жуда зукко. Уларни кун бўйи бир хонага қамаб, фақат ўйинчоқлар билан алдаб бўлмайди. Бола гўдакликдан билим олишни истайди, янгиликка ўч бўлади. Агар ҳар бир болалар боғчасида шундай муҳит ташкил этилса, фарзандларимиз эрта уйғонади ва ўзлари муассасага келишни истайди. Акс ҳолда, инжиқлик қилади. Буни яхши тушунганим учун тонг саҳардан ишга ошиқаман. Болажонларни ўзим кутиб оламан. 150 тарбияланувчининг ҳар бирини исми билан танийман.

Бизнинг муассаса замонавий лойиҳа асосида қурилган. Тарбиячилари катта тажрибага эга, маҳоратли. Шу боисданми, боғчада ўрин бўшашини юздан ортиқ бола кутиб турибди. Улар учун уй боғчаларини ташкил этишни режалаштирганман.

Тан олиш керак, авваллари болани бирор жойи тилинмай, эсон-омон ота-онасининг қўлига топширсак, бўлди, қабилида иш тутадиган тарбиячилар ҳам бўлган ва бунга оддий қаралган. Эндиликда ҳар бир боланинг интеллектуал даражаси, таълим-тарбияси биринчи ўринга чиқди.

 

Шаҳноза ҲАКИМОВА, Андижон вилоят босқичи ғолибаси:

— Танловнинг ижобий жиҳати шундаки, унда иштирок этиш истагини билдирган хотин-қизлар жойларда турли муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишга ҳаракат қилди. Ўзим Бўз туманида ФҲДЁ бўлими билан бирга ажримлар сонини таҳлил қилдим. Биргина январь-февраль ойида 22 та оилавий ажрим бўйича суд қарори чиққанини кўрдик. Ушбу кўнгилсиз ҳолатларнинг сабабини ўрганишга ҳаракат қилдим. Ажримлар асосан ёш оилаларда содир бўляпти. Демак, ёшлар ҳаётга тайёр бўлмасдан турмуш қуряпти. Айниқса, қизлар биологик, физиологик ўзгаришларга тайёрмаслиги, ҳуқуқий билими камлиги, ижтимоий муомала лаёқати етишмаслиги, йигитлар эса иқтисодий жиҳатдан оилани таъминлай олмаслиги, маънавий-ахлоқий қоидаларга амал қилмаслиги, ота-онасига қарам бўлиб қолаётгани маълум бўлди.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш учун мутахассислар билан маънавий-психологик ўқув-қўлланмалар яратилишига келишиб олдик. Мактабларда ҳуқуқ ва маънавият дарсларини кўпайтириш, машғулотларга ҳаётий, касбий тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш керак.

 

Саида ИБРАГИМОВА, Тошкент вилоят босқичи ғолибаси:

— Танловнинг биринчи ва иккинчи босқичларида ҳудудларда юзлаб хотин-қизлар ўзларининг лойиҳалари билан иштирок этишди. Мен «Хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш» тўғрисида»ги лойиҳамни таклиф этдим. Рўзғори бут, хонадони обод, фарзандларининг эртасидан кўнгли тўқ аёл жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол қатнашишга, ўз салоҳиятини, иқтидорини намоён қилишга интилади.

Ҳар бир оиладаги файзу барака, тотувлик, маънавий-ахлоқий муҳит ва табиийки, ўша оилада камолга етаётган ўғил-қизларнинг тарбияси кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ. Жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати халқнинг, миллатнинг маданий даражаси ҳамда маънавий камолотини белгилайди, деган ҳикматли гап юради. Мен ҳам юртимиздаги ҳар бир эркак аёлни тушунишга ҳаракат қилиши, ҳурмат билан муомалада бўлишини жуда истардим.

 

Нигора РАМАЗОНОВА, Бухоро вилоят босқичи ғолибаси:

— Қайнотам депутат бўлган. У киши мени тадбирлардаги фаол иштирокимни кўриб, «шу қизни келин қиламан», деб туриб олган экан. Ўшанда жамиятнинг фаол аёллари қаторида тураман, деб ўзимга сўз берганман. Мана, бугун ниятимга етдим.

Турмуш ўртоғим гоҳида жамоатчилик ишларидан чарчаганимни кўриб, «сенга шу керакми, тинч ўтир, бу ишларинг чўнтагингни тўлдирармиди», деган вақтлари ҳам бўлади. Шунда мен уларга кулиб, «кўнглимни тўлдиргани ҳам етади», дейман.

Пойтахтга кўрик-танловга келаётганимни эшитган маҳалладош опа-сингилларим хонадонимизга келди. «Катта танловга бораётган экансиз, қишлоғимиз аёлларининг дардини масъулларга етказинг, зора, муаммойимиз тезроқ ҳал бўлса...», деди. Қишлоғимизда олти мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Олти ёшга тўлган болаларнинг ўзи 120 нафардан ошади. Боғча эса биз яшайдиган ҳудуддан 17 километр узоқликда жойлашган. Кўп ташкилот ва идораларга мурожаат қилдик. Аммо мурожатимиз ечимини топай демаяпти. Вақт эса ўтиб боряпти...

 

Зумрадхон ПАЙҒАМБАРОВА, Фарғона вилоят босқичи ғолибаси:

— Аёл қачон бахтли бўлади? Бу саволни ўзимга кўп берганман. Аёлга ҳар куни гул, дур-у жавоҳирлар ҳадя этиш шарт эмас. Бир бора ҳолинг не, деб сўраш кифоя қилади баъзан. Биласизми, энг катта орзуим ҳам бутун дунё аёлларини шод-хуррам кўриш. Фурсатдан фойдаланиб, опа-сингилларимизни яқинлашиб келаётган Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан табриклайман.

Пойтахтга келиб, ўзгаришлардан, янги қурилаётган биноларнинг ҳайбатидан ҳайратга тушдим. Кўчалар, хиёбонларнинг кўркига кўрк қўшилибди. Бундай кенг кўламли ўзгаришлар Фарғона вилоятида ҳам бўляпти. «Обод қишлоқ» дастури асосида чекка-чекка ҳудуддаги аҳоли яшаш масканлари ҳам замонавий кўриниш касб этмоқда. Қисқа қилиб айтганда, юртимиз кундан-кунга чирой очиб боряпти. Шунга қараб одамларнинг кўнгли ҳам ёришяпти.

 

Меҳринисо АЛЕНОВА, Навоий вилоят босқичи ғолибаси:

— «Наврўз» маҳалласида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича мутахассис бўлиб ишлайман. Аввалига айрим оилаларнинг жанжалкашлигини ҳазм қилишим, бунинг сабабларини тушунишим жуда қийин бўлди. Бундай оила фарзандларининг кўзига қарашнинг ўзи оғир. Улар ота-онаси тортишаётган вақтда қулоқларини беркитиб, тушкин руҳий ҳолатда кузатишганини кўрдим. Хонадон соҳибларини муросага келтириш оғир вазифа, аммо сабрли бўлишга ҳаракат қиламиз.

Вилоятимизнинг узоқ чўл ҳудудларида яшаётган аҳоли чорвачилик билан шуғулланади. Бундай инсонлар бир ерда муқим яшамайди. Оиласи билан ўт-ўлан мўл ерда ўтов тикиб, кун кўради. У ергача электр симларини тортиб боришнинг эса имкони йўқ. Эркаклар ойда бир марта озиқ-овқат учун овулга келиб-кетади. Болалар овулдаги қариндошлариникида туриб, ўқийди. Хотин-қизлар ҳаётдаги янгиликлардан доим ҳам хабар топмайди. Ўйлайманки, мазкур муаммони кўчма кутубхоналар, турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш орқали ҳал этса, бўлади.

 

Мафтуна ЗОКИРОВА, Самарқанд вилоят босқичи ғолибаси:

— Танловда иштирок этиш баробарида, сиёсий билимим ошди, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаб етдим. Танловда «Оилавий ажримларнинг олдини олиш» тўғрисидаги лойиҳам билан қатнашдим. Иштихон туман партия кенгаши, туман хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази, маҳалла мувофиқлаштириш кенгаши билан ижтимоий шериклик асосида хонадонларга кириб, муаммоларни ўргандик. Туманимизда ёш ва низоли 57 оилани сақлаб қолишга эришилган бўлса, 12 таси ХДПнинг фаол аёллари томонидан яраштирилди. Бундан ташқари, тумандаги коллежлар ва 11-синф битирувчилари билан биргаликда «Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари» мавзусида давра суҳбатлари ўтказилиб, ёшларнинг оилага муносабати, бахтли никоҳ учун зарур асослар ҳақида фикрларини ўргандик. Уларга ёши улуғ инсонлар, тажрибали мутахассислар томонидан маслаҳатлар берилди.

 

Манзура АБДУЛЛАЕВА, Наманган вилоят босқичи ғолибаси:

— 2015 йилдан буён Халқ демократик партияси аъзосиман. Мақсадим Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиш. Шунинг учун уч йил давомида «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловида қатнашдим. Бугун эса «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» танловининг республика босқичида иштирок этиш насиб қилди. Бундан жуда хурсандман.

Айни пайтда Наманган давлат университетининг 4-босқич талабасиман. Биринчи босқичдан буён «Шифокор ва ҳаёт» газетасида жамоатчи мухбирман. Таҳририятимизга тиббиётга оид кўплаб мурожаатлар бўлади. Малакали тиббий хизматдан имтиёзли фойдаланиш, бепул дори-дармон билан таъминлаш, кўрсатилган хизмат учун пул талаб қилинганда беморнинг ҳуқуқлари қандай ва яна бошқа масалаларда саволлар беришади. Ишлаш жараёнида соҳага қизиқишим ортди. Ана шулар натижасида «Беморга билдиргилар» номли китобча тайёрладим.

 

Маҳлиё ҒУЛОМОВА, Қашқадарё вилоят босқичи ғолибаси:

— Таассуротларим кўп. Авваллари фақат телевизор орқали кўрганим Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бордик. Депутатларнинг иш фаолияти билан бевосита танишдик. Уларга ҳавас қилардим. Лекин яқиндан танишгач, уларнинг зиммасидаги вазифа юкини ҳис қилдим. Ўйлайманки, келгусида бизга ҳам ана шундай масъулиятли вазифада ишлаш насиб этади. Ана шунинг дебочаси сифатида бу йилги сайловда депутатликка номзодимни илгари сурмоқчиман.

Танловда иштирок этган аёллар ўз ҳудудидаги аҳоли муаммосини ўрганиб, кўмак беришга ҳаракат қилди. Ҳар бир иштирокчи биргина инсонга ёрдам бера олган бўлса ҳам, бу катта кўрсаткич, деб ўйлайман. Келгусида улар мана шу йўналишдаги ишларини тўхтатиб қўймаслигини чин дилдан истардим.

 

Азиза ҲАСАНОВА, Жиззах вилоят босқичи ғолибаси:

— Тўғриси, биз озроқ содда, ишонувчан бўлган эканмиз. Ҳозир йигит-қизлар анчайин илғор, шиддатли ва интилувчан. Билим олиш, таълим-тарбия жараёнида ҳам ўсиш бор. Ўз фарзандларим мисолида олсам, уларда тушуниб етиш, англаш, таққослаш, баҳо бериш, муносабат билдириш фазилатлари юқори. Бу масаланинг ижобий жиҳати. Аммо кўз юмиб бўлмайдиган айрим кўнгилсизликлар ҳам йўқ эмас. Яъни, баъзи йигит-қизлар осонлик билан эришиладиган маблағ кетидан қувиши, хорижга ноқонуний йўллар билан кетишга уриниши, оқибатда алданиб қолиши ачинарли ҳолдир.

Фарзандларимизни ёмон йўлдан қайтариш энг олий бурчимиз, деб биламан. Кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун оила билан мактаб доимо биргаликда, ҳамкорликда ишлаши лозим. Чунки бола 6-7 соат таълим муассасасида, қолган вақт уйида бўлади. Демак, асосий масъулият ота-онада. Агар улар мактаб билан мустаҳкам алоқада бўлса, болани назорат қилиш имкони ортади. Назорат ва меҳр таълим-тарбиянинг ажралмас қисми саналади.

 

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.