29.01.2019

ЎЗБЕКИСТОНДА ЭҲТИЁЖМАНДЛАРГА ИШ БЕРГАНЛАР ҚЎШИМЧА РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

Маълумотларга кўра, бундан буён бандликка кўмаклашиш марказларида ишсизлик рўйхатидан ўтган фуқаролар қатор имкониятларга эга бўлиши мумкин. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсга якка тартибдаги тадбиркорлик, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда кредит олишдаги суғурта полиси учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдоридаги харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Эҳтиёжманд аҳоли қатлами вакилларини квоталанган миқдордан ортиқ ишга қабул қилган ташкилотларга ҳар бир ходим учун ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдоридаги маблағ ажратилади. Бунда ходимнинг бандлигини камида 12 ой давомида сақлаш талаби қўйилади. Шунингдек, бандликка кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган эҳтиёжманд кишиларни касбга қайта ўқитиш ва малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун жамғарма томонидан иш берувчига энг кам иш ҳақининг 6 баробари миқдорида пул тўланади.

Бундан мақсад нима? Мазкур маблағларни қайтариш керакми ёки йўқ? Жамғарма маблағларининг неча фоизи ана шу ишлар учун йўналтирилиши режалаштирилган?

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган семинарда вазирлик бош мутахассиси Абдуваҳоб Кулманов мазкур янгиликлар юзасидан батафсил ахборот берди. Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди. Унда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган ишсиз фуқаролар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар бандлигини таъминлаган корхона, ташкилот ва муассасаларга субсидия бериш тизимини яратиш масаласи ўрин олган. Мазкур масалада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат тайёрлаш жараёни бошлаб юборилди.

Семинарда партия Марказий Кенгаши ходимлари ҳамда депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан сўз юритди. Мазкур йўналишда партия ташкилотлари ҳамда депутатлар зиммасидаги вазифаларга эътибор қаратилди.

Ишни янада самарали ташкил этиш учун маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, ижро этувчи тузилмаларнинг масъулиятини кучайтиришда депутатлар таъсирини ошириш талаб этилиши таъкидланди. Ижтимоий йўналтирилган дастурлардан жамоатчиликни xабардор қилиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари билан мустаҳкам ҳамкорликни таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Бунда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, маҳаллалардаги кам таъминланган, алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг рўйхати аниқланиб, маҳаллаларда ҳар ҳафтада мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида мулоқотлар ташкил этилади.

Иккинчидан, меҳнат бозорида вазият мураккаб бўлган туман ва шаҳарлар рўйхатини аниқлаш, унга мувофиқ аҳоли бандлиги дастурларининг манзилли рўйхатлари, хизматлар соҳасини ривожлантириш, чорвачилик, паррандачилик ва иссиқхона хўжаликларини барпо этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига «старт-ап» лойиҳаларини амалга ошириш учун микрокредитлар, лизинг асосида ишлаб чиқариш воситалари ажратилиши назоратга олинади.

Учинчидан, тижорат банклари томонидан фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, уруғ ва кўчатлар учун микрокредитлар ажратиш ҳажмини янада ошириш борасидаги ишларнинг аҳволини ўрганиб, сессияда муҳокама қилиш, соҳа раҳбарларининг бу борадаги ҳисоботларини эшитиш йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, таълим муассасалари битирувчиларига ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредит маблағлари ажратилишини назоратга олиш ва аҳволни таҳлилий ўрганиб, тегишли доимий комиссияда кўриб чиқиш тизими жорий этилади.

Бу жараёнларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, тижорат банклари, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармалари кенг жалб этилади.

— Албатта, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жамиятдаги у ёки бу ижтимоий масалани ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бироқ улар амалда тўғри ишлаяптими? Мана шу савол ҳамиша очиқ қолаверади, — деди «Махсус­электртармоққурилиш» акциядорлик жамияти директори, халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати Шукурулло Юлдашев. — Масалан, юқорида айтилган ҳужжатда белгиланаётган вазифалар ҳам бажарилиши осон эмас. Нимага десангиз, имтиёзли кредитлар ва пул маблағлари ўз эгалари, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига етиб бормайди. Ёлланма ишчилар, вақтинчалик бандлиги таъминланган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ муаммолар ҳам етарли. Уларга меҳнат дафтарчалари юритиш, фаолияти давомида хавфсизлигини таъминлаш зарур. Мазкур масала, айниқса, қурилиш соҳасида жуда долзарбдир. Афсуски, турли йўллар билан бирор-бир бино қурилишини қўлга киритган тадбиркорлик субъектлари бу ҳақда ўйламайди. Барчанинг дилини хира қилувчи мардикор бозоридаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари уларга аҳамиятсиздек гўё. Ўйлайманки, бу борада ҳам қонунчиликни такомиллаштириш керак. Берилаётган имтиёз ва имкониятдан шунга муҳтож шахслар тўлиқ фойдалана олишини назорат қилишни кучайтириш талаб этилади. Бўлмаса, кутилган натижага ҳеч қачон эришолмаймиз.

Семинар давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолияти билан боғлиқ масалаларда саволлар берилди. Коррупциянинг олдини олиш, соҳада шаффофликни таъминлаш ва бошқа мавзуларда баҳс-мунозаралар бўлди. Қонун ва қарорларнинг тўғри ҳамда самарали ишлаши учун аҳоли хабардорлиги, мутасаддилар масъулиятини ошириш, таниш-билишчилик, таъмагирликка йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.

 

Зилола АНВАРОВА



DB query error.
Please try later.