Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
22.01.2019

СУРХОНДАРЁЛИКЛАР ҚАНДАЙ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ КУТЯПТИ?..

Қумқўрғон туманидаги айрим қишлоқларда 40-50 километрдан сув ташиб ичилади

Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва туманларида ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларидаги ҳолатни ўрганди.

Ишчи гуруҳ аъзолари орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев ҳам бўлди. Депутатнинг айтишича, сурхонликларни асосан газ масаласи қийнаб келмоқда. Маълум бўлишича, аҳолининг атиги 19,8 фоизи узлуксиз табиий газ билан таъминланган, холос. Тармоқдаги муаммоларнинг асосий қисмини истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори ижросидаги адолатсизликлар келтириб чиқармоқда. Ва бу фуқароларнинг норозилигига сабаб бўляпти. Қарорга кўра, бутун республика бўйлаб самарали тизим жорий этиш кўзда тутилган. Бироқ амалда кутилган натижага эришилмади.

Хусусан, вилоятда суюлтирилган газга эҳтиёж 102,5 минг тоннани ташкил қилиб, республикадан фақат 54,1 минг тонна ажратилмоқда. Белгиланган талабга кўра, бир хонадонга 20 кг. дан суюлтирилган газ етказилиши кўрсатилган. Ҳозирги кунда амалда 13,1 кг. дан берилмоқда. Кўплаб аҳоли хонадонлари суюлтирилган газ билан таъминланмаган ва 38779 та газ балон етишмайди. Инсоннинг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган восита ва манбаларнинг йўқлиги унинг кайфиятига, ишига ва ҳатто соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари уйма-уй юриш жараёнида аниқланган муаммолар туман сектор раҳбарларига бир ой муддатда бартараф этиш шарти билан топширилган экан. Шунга қарамасдан, қайта ўрганишда ҳанузгача маҳаллий давлат идоралари ўз ваколати доирасидаги ишларга лоқайдлик билан қарамоқда. Муаммоларнинг 67 фоизи бартараф қилинмай қолмоқда. Масалан, Қизириқ туманида аниқланган 15470 та муаммодан 42 фоизи ҳал этилган. Бу энг юқори кўрсаткич бўлиб, Олтинсойдаги 5835 муаммонинг 12 фоизигина ечим топган. Қолган ҳудудларда ҳам аҳвол яхши эмас.

Бундан ташқари, ичимлик суви, йўл қурилиш, электр таъминоти, бандлик, соғлиқни сақлаш, ер-кадастр, банк кредити, уй-жойга муҳтожлар ва моддий ёрдам билан боғлиқ муаммолар етарли. Одамларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, коммунал хизмат сифатини яхшилаш, оби-ҳаёт манбаи билан таъминлашни кечиктириб бўлмайди.

Вилоятда жами 1212 та кўп қаватли уй бўлиб, уларнинг 652 тасида канализация тармоғи, 1065 тасида иситиш тизими йўқ. 126 та уйнинг том қисми таъмирталаб эканини айтди Турсунпўлат Норбоев.

Тоза ичимлик суви таъминоти эса вилоят аҳлининг 49,9 фоизини қамраб олган. 6787 км. тармоқнинг 2408 км. қисмини таъмирлаш ва 3273 км. янги сув қувурлари тортиш зарур. Вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланмаган энг узоқ ҳудудларидан Қумқўрғон тумани «Овзукент», «Саховат», «Тайфан», «Тибет» маҳаллалари аҳолиси 45-50 км узоқликдан сув ташиб ичади. Ўрганиш давомида 8020 та ичимлик суви билан боғлиқ мурожаат бўлиб, ҳудудлар бўйича баъзи долзарб муаммолар мавжуд.

Жумладан, Қизириқ туманида 162774 нафар аҳолининг 52472 нафари (32,2%) марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Туман аҳлини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 260 км. масофага қувур тортиш зарур. Узун туманида 129 та сув қудуғининг 41 таси насос йўқлиги сабаб ишламайди.

Ёки Музрабод туманини олайлик. У ерда яшовчи аҳолининг 24,7 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 15 та маҳаллада ичимлик суви йўқ ва улар сувни махсус техникалар билан ташиб келади.

Шерободликлар учун 6 та сув иншоотини янгилаш, 2000 метр куб ҳажмдаги сув сақлаш ҳавзаси қуриш, 59 км. қувурни таъмирлаш лозим. Бойсун тумани Хўжамайхона сув йўналишидан 71 км. ҳамда Шеробод туманининг «Пошҳурт» маҳалласидан туман марказига 49 км. қувур тортиш масаласини ҳал этиш керак.

Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, яшаш манбаи саналган тоза ичимлик сувига эҳтиёж катта. Депутатнинг фикрича, вазифалар ўз вақтида ва талаб даражасида бажарилганда ҳозир муаммолар бу қадар йириклашиб кетмаган бўларди. Бепарволик, сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, соҳа вакилларининг лоқайдлиги оқибатида одамлар сувсизликдан азият чекмоқда.

Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш масаласи ҳам долзарблигича қолмоқда. Шаҳар ва туманларда 8756 та электр симёғоч устунлари қўлболалиги учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган. 468 та трансформатор таъмирталаб аҳволда.

Музрабод туманида 240 та симёғоч мутлақо яроқсиз. 4 маҳаллага янги трансформатор ўрнатиш зарур.

Олтинсой туманида ҳам 230 та симёғоч яроқсиз аҳволда ва янги трансформаторлар ўрнатиш эҳтиёжи мавжуд. Бошқа туманларда ҳам мазкур масалада мурожаатлар кўп. Асосийси, уларнинг қанчалигида эмас, муаммога қандай ечим топишда эканини таъкидлади депутат. Чунки ўрганилган камчилик бартараф этилмаса, уларни қоғозга тушириб, ҳисобот тўлдиргандан одамларга фойда йўқ, муаммо муаммолигича қолаверади. Вақт ўтган сайин ҳудудлардаги вазият мураккаблашиб бораверади. Сурхондарёда ечимини кутаётган, одамларни йиллар давомида қийнаб келаётган масалалардан яна бири соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқлидир.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида 198 та тиббиёт муассасаси (14 та марказий поликлиника, 33 та марказий касалхоналар, 94 та ҚОП, 34 та ҚВП, 14 та тез ёрдам бўлими ва 112 та тез ёрдам шохобчаси) фаолият юритади. Уларнинг аксарияти таъмирга муҳтож, иситиш тизими яхши ишламайди, муқобил электр таъминоти жиҳозлари (движок, генератор) билан таъминланмаган.

Жумладан, 8 та марказий касалхона, 6 та марказий поликлиника, 79 та ҚОП ва 26 та ҚВП бинолари эскириб кетган. 23 та тиббиёт муассасасида иситиш тизими носоз, куз-қиш мавсумига тайёр эмас.

Ишчи гуруҳи аъзолари ўрганганда аҳолидан олис чўл ҳудудларида тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича 3676 мурожаат тушган. Хусусан, Қизириқ туманида туман тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам биноси, 42 ва 44-сонли ҚОП ва «Қорагосмок» ҚВП бинолари таъмирга муҳтож. Узун туманидаги Х.Қаҳрамон ҚВП ва 73-сонли ҚОП бинолари нураб ётибди. Улар 1953 ва 1963 йилларда хом ғиштдан қурилган бўлиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган, фойдаланиш талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Парламент аъзосининг таъкидлашича, таълим, маданият, бандлик, уй-жой билан таъминлаш ва яна бошқа қатор масалаларда камчиликлар оз эмас. Ўрганилган аниқ рақамлар мавжуд. Бироқ муаммонинг ҳар бирига тўхталиб, санаб, рақамлар келтириш билан уларга ечим топиб бўлмайди. Камчиликларни бартараф этиш учун барча бирдамликда ҳаракат қилиши, ҳар бир мутасадди раҳбар ўз ишига масъулият билан, виждонан ёндашиши ҳам фарз, ҳам қарздир. Зеро, сабрнинг чек-чегараси бор.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: