15.01.2019

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ЎЗГАРИШГА ТАЙЁРМИ?..

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар яна бир бор ўрганилди, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдидаги вазифалар муҳокама этилди.

Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган Мурожаатномада халқимизга муносиб ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу ташаббуслар белгиланган, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов.Шундан келиб чиққан ҳолда, партиямиз ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз, жойлардаги партия гуруҳлари учун аниқ чора-тадбирлар дастури ва барча йўналишлар бўйича «Йўл харита»лари ишлаб чиқилди.

Мурожаатнома юртдошларимиз томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда. Эксперт ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Мурожаатномада Президентимиз 2018 йилда амалга оширилган ислоҳотлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, аҳолининг реал даромадлари 12 фоизга ошгани, солиқларнинг прогноздан ошиб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилгани, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 416 та қишлоқ янгича қиёфага киргани «Ҳар бир оилатадбиркор», «Ёшларкелажагимиз» дастурларини изчил татбиқ этишга киришилгани алоҳида таъкидланди.

Бугун мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда. Инвестициябу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, дея таърифланди. Аммо бу ижтимоий соҳанинг иккинчи даражага тушишини англатмайди. Аксинча, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги таъминланмоқда.

Бугунги кунда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кучли ижтимоий сиёсат, деган тамойилга амал қилинмоқда. Эътибор беринг, Мурожаатномада мамлакатимизда иқтисодий юксалишни таъминлаш орқали ижтимоий соҳани тараққий эттириш устувор вазифа бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди. Бунда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш, пировардида турмуш фаровонлигини ошириш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишимиздан кўзланган мақсад эришган натижаларимизни эътироф этган ҳолда, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Маълумки, Мурожаатномада ишсизларни касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда бошқа ижтимоий ёрдам усулларидан кенг фойдаланиш, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш вазифалари белгиланди. Бундан ташқари, аҳоли реал даромадларини ошириш зарурлиги, энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, солиқ ва бошқа тўловларнинг энг кам иш ҳақи миқдори билан боғлиқ бўлишига барҳам бериш, Бандликка кўмаклашишнинг янги Давлат дастури ишлаб чиқилиши, шу билан бирга пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигига эътибор қаратилди. Бу борадаги вазифалар партиямиз дастурий ғояларига тўла мослиги зиммамизга катта масъулият юкламоқда.

Эҳтиёжманд аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган дастур ишлаб чиқиш, турмуш шароити оғир бўлган 1 минг 600 нафар хотин-қизларни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жойлар билан таъминлаш каби вазифалар белгилаб берилди. Шу ўринда савол туғилади. Қурилаётган уй-жойлар ҳақиқий муҳтожларга бериладими? Мазкур масалада адолат мезонлари бузилмайдими?.. Биз бу каби саволларга жавоб топишимиз, бунинг учун депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак бўлади. Бу сиёсий партия вакиллари ҳамда парламент аъзоларидан ўз ишини танқидий кўриб чиқишни талаб қилади.

Хўш, муҳим вазифалар ижросига, юртимиздаги тарихий демократик ўзгаришларга тайёрмизми?..

Тўғрисини айтиш керак, бундан буён ўз фаолиятимизда туб бурилиш қилмасак, ҳар биримиз аниқ иш режамизни ишлаб чиқмасак, кўзланган мақсадга эришишимиз қийин. Эртага ислоҳотлар жараёнида фаол қатнаша олмаймиз. Агар шиддат билан ўзгараётган ҳаётга ҳамнафас фаолият олиб бормасак, ортда қолишимиз ҳеч гап эмас, деди Ҳ.Кетмонов.

Бунинг учун партиямиз, парламентдаги фракциямиз ва жойлардаги партия гуруҳларимиз олдига қуйидаги йўналишларда вазифалар қўйилмоқда.

Биринчидан, фракциямиз масъуллигидаги қўмиталар билан биргаликда ижтимоий соҳадаги барча қонунлар инвентаризациядан ўтказилади. Ишламайдиган, бир-бирига маъно жиҳатидан яқин қонунлар аниқланиб, уларнинг ўрнига замон талабларига жавоб берадиган ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар тайёрланиши бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Иккинчидан, фракциянинг асосий эътиборини қонун ташаббускорлигига қаратамиз.

УЧинчидан, «Ёшларкелажагимиз» Давлат дастури, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Ҳар бир оилатадбиркор» дастурлари ижроси учун ажратилаётган маблағларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва фуқароларга адолатли тақсимланиши устидан депутатлик назоратини кучайтирамиз.

Тўртинчидан, 2019 йилда ҳам депутатларимиз ўз сайлов округларига чиқиб, муаммоларни тизимли равишда ўрганади. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича Давлат дастури ижроси назоратга олинади. Бу борада жорий йилга режалаштирилган 1600 нафар хотин-қизни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жойлар билан таъминлаш жараёни эътиборимизда бўлади.

бешинчидан, ҳукумат томонидан ишлаб чиқиладиган 2019 йилга Бандликка кўмаклашиш Давлат дастури учун, аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, янги Давлат дастури ижросини жойларда назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, натижаларни маҳаллий Кенгаш депутатлари ташаббуси билан ҳар ойда сессияларга олиб чиқиш, фракция томонидан тегишли вазирликлар ахборотларини ҳар чоракда эшитиб бориш амалиёти жорий этилади.

Олтинчидан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш жараёнида фаол иштирок этамиз.

еттинчидан, жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, ҳозирдан номзодларни саралаб бориш, уларнинг сиёсий етуклигини таъминлаш, аввалдан уларни халқ орасида танитиб бориш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. БПТлар билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйиш ишларини изчил давом эттириш лозим.

Саккизинчидан, депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш йўналишида «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик назоратини олиб бориш талаб этилади.

тЎҚҚИзинчидан, Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини сиёсатшунос олимлар, иқтисодчи ва журналистлар, халқимиз орасида обрў-эътиборли инсонларни жалб қилган ҳолда тарғибот ишлари олиб борилади.

Ўнинчидан, Мурожаатномадан келиб чиқиб, амалга оширилаётган барча тадбирларни кенг ёритиб бориш йўлга қўйилади. Партиянинг ижобий қиёфасини оширишга қаратилган лойиҳалар оммавий ахборот воситаларида кенгроқ ёритилади. Айниқса, бу жараёнда ижтимоий тармоқлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур.

Ўн биринчидан, «Ёшларкелажагимиз» давлат дастури аҳамиятини тушунтириш ишларини янада фаоллаштириш, «Ёш сиёсатчилар» клуби фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, хотин-қизларга ҳар томонлама кўмак бериш талаб этилади.

Умид қиламизки, бизга билдирилган ишончни оқлаш учун сизу бизда салоҳият, тажриба етарли. Мурожаатномадаги танқидий фикрдан тегишли хулоса чиқариб, илгари сурилган ташаббусларни тезда амалга ошириш учун астойдил ва сидқидилдан меҳнат қилсак, одамларнинг оғирини енгил қилишга ҳиссамизни қўшсак, албатта кўзланган мақсадга эришамиз, дея ўз сўзини якунлади Ҳ.Кетмонов.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан партия ташкилотлари раҳбарлари ва депутатлар сўзга чиқишди.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати:

Орол денгизининг қуришидан жабр кўраётган халқнинг кўз ўнгида мисли кўрилмаган ўзгаришлар бўляпти. Узоқ муддатли танаффусдан кейин Мўйноққа самолёт қўнди. Қамишдан ДСП ишлаб чиқариш заводи ва бошқа ўнлаб инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилган.

Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда шамол туфайли юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронлари таъсирини камайтириш, қум кўчишини бартараф қилиш, минтақада экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида «Яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бошланди. Айни пайтда ушбу муҳим тадбирни сифатли бажариш, саксовул ниҳолларини қадаш учун 200 га яқин техника, шунингдек, 2000 нафарга яқин ўрмон ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимлари жалб этилган. Улар 2 та йўналиш бўйича яъни, Оролнинг Қораўзак туманидаги «Ақпеткей» ҳамда Мўйноқ туманидаги «Сургил-Ахантай» ҳудудларида экиш ишларини бажаришмоқда.

47 км узунликдаги ички йўлни таъмирлаш, «Дарёоралиқ» сув омбори дамбаларини мустаҳкамлашга киришилди. Минтақада экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида 2019-2021 йилларда жами 500 минг гектар, шундан 2019 йилда 100 минг, 2020 йилда 160 минг, 2021 йилда 240 минг гектар ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш белгиланган. Мўйноқ туманида яқин икки йилда 504,2 млрд. сўмлик 73 та лойиҳа доирасида 1251 та янги иш ўрни яратилади. 1 триллион сўмлик инвестиция йўл транспорт коммуникацияси, ижтимоий инфратузилма ва тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантиришга йўналтирилади. Натижада 2021 йилда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробар, халқ истеъмоли товарларини тайёрлаш 1,3 баробар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш 1,2 баробар, хизмат кўрсатиш 1,3 баробар оширилиши мўлжалланяпти. Бу ишлардан аввало партиямиз электорати манфаат кўради. Шунинг учун ҳам эзгу ниятлар билан амалга оширилаётган ишларда партия ташкилотлари, депутатларимиз фаол иштирок этиши керак. Қорақалпоғистон халқи Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва эътибори натижасида бу ишлар амалга ошаётганидан мамнун. Обод қишлоқлар, обод маҳаллалар кўпайиб чирой очмоқда. Денгиз қуриди, эртага нима бўлади, деган қўрқув билан яшаб келаётган Оролбўйи халқининг қалбида келажакка катта ишонч уйғонмоқда.

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Мурожаатномада парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини янада кучайтириш ва бошқа қатор таклифлар билдирилиб, муҳим вазифалар ҳам белгиланди. Бу қонунлар қабул қилишда ташаббускорликни кучайтириш, партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қиладиган қонун лойиҳалари устида кўпроқ ишлашимизни талаб этади.

Парламент назоратини янада кучайтириш борасидаги муҳим таклиф, яъни ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва давлат қўмиталари раҳбарларини лавозимга тайинланишида аввало номзодларнинг Олий Мажлис муҳокамасидан ўтиши амалиётига оид таклифлар демократик тамойилларга асосланганини эътироф этиш лозим. Унга кўра, аввало, номзод ўз дастурини парламентга тақдим этиши, амалга оширадиган ишлари, режалари ҳақида маълумот бериши, депутатларнинг саволларига муносиб жавоб бериши лозим бўлади. Шундагина, яъни халқ вакиллари синовидан муваффақиятли ўтсагина, лавозимга тайинланади.

Конституцияга мувофиқ парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этмаяпти. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш ишлари Олий Мажлиснинг ваколатларини янада кенгайтириб, нуфузини оширишга замин яратади. Натижада халқ ва электорат олдидаги масъулиятимиз янада ортади. Ҳар бир партия электорати манфаатларини ишончли ҳимоялаш йўлида чинакамига кураш олиб боради.

Мазкур амалиёт нафақат республика марказида, балки ҳудудларда ҳам жорий этилиши, яъни маҳаллий даражадаги раҳбарликка номзодлар ҳам дастлаб тегишли халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиниб, кейин лавозимга тайинланиши ҳам диққатга моликдир.

Бундан буён Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳисобот бериб боради. Мазкур амалиёт депутатлар ва сенаторларга катта масъулият ва ваколатлар юклайди. Биздан Давлат дастурининг ҳудудларда ижро этилишини мунтазам кузатиб бориш ва ҳар бир банд бўйича ўз позициямизни шакллантириш талаб этилади. Демак, ҳар бир депутатда фикр ва аниқ таклифлар бўлиши лозим.

Мурожаатномада, шунингдек, парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият бериш зарурлиги қайд этилди. Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Депутат ҳамда сенаторлар барча соҳа ва тармоқларни чуқур ўрганишлари, учраётган камчиликлар, муаммоларни ҳал этишда етакчи куч бўлишлари зарур.

 

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, Тошкент молия институти ўқитувчиси, иқтисод фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон ХДП фаоли:

Мурожаатномада хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада 2018 йил давомида кўрилган қатор амалий чораларга қарамасдан, 13 мингдан зиёд аёлнинг ижтимоий аҳволи мураккаб, эътиборга муҳтожлигини айтиш жоиз. Булар айнан партиямиз электорати вакилларидир. Аҳолини, жумладан, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи дастуримиздан ўрин олган бош мақсадлардан бири ҳисобланади. Аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш белгилаб берилди.

Мурожаатномадаги яна бир муҳим жиҳат, айни вақтда ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оила аъзоларини, 16 ёшгача боқувчисини йўқотганларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи эътиборда туриши лозимлиги қайд этилди. Умрини ногирон фарзанд парваришига бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа тури жорий этилиши ҳақидаги таклиф эса чин маънодаги катта воқеа бўлди. Аслида шунинг ўзи ҳам инсон омили ва ижтимоий ҳимоясига бўлган юксак ғамхўрлик намунасидир.

Шунингдек, Мурожаатномада ёшларнинг узлуксиз таълим олишларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу бўйича тегишли ташкилотларга аниқ-равшан кўрсатмалар берилди. Яъни, 2019 йилда мактабгача таълим муассасаларига болалар қамровини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Олий таълимга талабгорлар бир вақтнинг ўзида бир неча университетга ҳужжат топшириш имкониятини кўлга киритадиган бўлди. Олий таълимга қабул 20 фоизгача оширилади.

Ўтган йилда ёшларнинг таълим-тарбияси билан боғлиқ турли тадбирлар тизимли равишда ўтказилди. Лекин булар мақтанишимиз учун етарли асос бўла олмайди. Чунки, ҳали бизнинг эътиборимиздан четда қолаётган долзарб масалалар борлигини тан олишимиз керак. Ёшлар бандлигини таъминлаш энг долзарб муаммолардан биридир. «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси фаолияти кенгайтирилиши ва жорий йилда жамғарма учун 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, шу орқали 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу жараёнда фаол иштирок этиш бурчимиздир.

Муҳими, ҳар бир қилаётган ишимизга масъулият билан қараш, партия кенгашлари ходимлари ва депутатларнинг масъулиятини кучайтириш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш зарур, деб ўйлайман. Агар ўз вазифамизни сидқидилдан, масъулият билан ёндашган ҳолда амалга оширмасак, арзимаган иш билан ҳаволаниб, ўзимиздан қониқсак, бу бизнинг улкан камчилигимиз бўлади. Зеро, ўз ишидан қониқмаган инсонгина янги марраларни забт этади, ташаббуслари билан халққа, одамларга нафи тегади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: