25.12.2018

ФАОЛЛИК, ФИДОЙИЛИК БОР ЖОЙДА ЎСИШ, ТАРАҚҚИЁТ БЎЛАДИ

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 21 декабрь куни ўтказилган навбатдан таш­қари сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб ма­салалар кўриб чиқилди. Ушбу сессияда ­Президентимиз нутқ сўзлаб, пойтахтимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, эришилган ютуқлар, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, келгусидаги асосий вазифаларга эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари пойтахтда амалга оширилган ишлар ҳақида гапирар экан, 2017 йили ялпи ҳудудий маҳсулот 5 фоизга ўсгани, жорий йилда бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил этиши кутилаётгани, шунингдек, жорий йил якуни бўйича саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 9,2 фоиз, қурилиш ишлари 11,6 фоиз, хизмат кўрсатиш 10,5 фоизга ўсишини таъкидлаб ўтди. Пойтахтни йирик ишбилармонлик ва молия марказига айлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Чиндан ҳам, бугунги даврда иқтисодиётга инвестицияларни фаол жалб этиб, бизнес учун қулай шароит яратилган шаҳарлар жадал ривожланиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, келгусида Тошкентни юқори технологик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган, банк, молия, суғурта ва бошқа замонавий хизматлар кўрсатиладиган йирик халқаро марказга айлантириш борасида фикрлар билдирилди.

Таъкидлаш керакки, бугун ҳаётга тўғри келмайдиган баланд-баланд марралар қўйиш даври ўтди. Бугун барчани бирдек ҳаракатга келтириш, пойтахтда фаол тадбиркорлик муҳитини шакллантириш талаб этилади. Шаҳар ичини инновацион ҳудудга, атрофини саноат зоналарига айлантириш, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш ана шу талабга мос иш бўлади.

Шунингдек, сессияда ижтимоий соҳа, қурилиш, коммунал тармоқни ривожлантириш, аҳоли ва сайёҳлар учун қулайликлар яратиш бўйича истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Пойтахтда ижтимоий муҳитни яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган фикрларни эшитар эканман, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, оғир турмуш ша­роитидаги хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан биргаликда ҳали ечимини кутаётган қатор масалалар борлигини ич-ичимдан ҳис этдим.

Ўтган давр мобайнида ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар вакилларининг муаммоларини ўрганиш, депутатлик назоратини амалга ошириш жараёнида уларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ижтимоий муаммоларга гувоҳ бўлдик. Ҳаттоки, айрим уйларнинг на канализацияси, на бошқа шароити бор. Ҳеч қандай санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитда яшаётган кўплаб фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Зиммамизда турган масъулиятли вазифалар олдида қилинган ишлар бир учқун деган хулосага келдим.

Сессия давомида Давлатимиз раҳбари мазкур йўналишдаги олиб борилган ишлардан қониқмаслигини айтиб, танқидий фикрларини билдирди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўйлайманки, Тошкент шаҳрида аллақачон вазифасини ўтаб бўлган эски турар-жойлар ўрнига қулай шароитга эга, харид қилишда енгилроқ шартлар қўйиладиган янги уйлар барпо этилади. Ана шунда яна кўплаб болалар муносиб турмуш муҳитида камолга етади. Хотин-қизлар эса рўзғор ташвишларидан ортиб, ўзига кўпроқ вақт ажратади. Фаол одамлар қанча кўп бўлса, ўсиш, тараққиёт шунча юксалади.

 

Ҳайдар БОБОХОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.