Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
09.10.2018

КЎЗИ ОЖИЗ ИНСОННИНГ ҚАЛБИГА ЙЎЛ

Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган давра суҳбатида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди

— Электорат вакиллари билан учрашувларда ногиронлиги бўлган шахслар учун кутубхоналар жуда камлиги, улардан фойдаланишда қатор муаммолар мавжудлиги ҳақида кўплаб мурожаатлар бўларди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев. — Кутубхоналарнинг вилоят, туман(шаҳар) марказларида жойлашгани чеккка ҳудудларда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ноқулайлик туғдирарди. Мазкур муаммолар ечими жорий йил 18 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорда ўз аксини топди. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган ахборот-кутубхона хизмати сифатини яхшилаш, уларнинг ахборотга бўлган талабини қондириш ва бўш вақтини унумли ўтишини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилот ҳамда вазирликларга вазифалар белгилаб берилган. Шунингдек, кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 20 банддан иборат чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Хўш, бу жараёнда биз қандай иштирок этамиз? Энг аввало, ҳудудий партия ташкилотлари, қуйи бўғинларга таянган ҳолда қарор мазмун-моҳиятини тушунтиришимиз лозим. Жойларда қарор ижроси қай даражада таъминланаётгани депутатлик гуруҳлари томонидан назоратга олиниши зарур.

— Қабул қилинган ҳужжатнинг ижроси муҳим саналади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Агар ижро таъминланмаса, аҳолининг эртанги кунга, келгусида қабул қилинадиган қонунларга, ислоҳотларга ишончи сусаяди. Нега бундай деяпман? Кўп ҳолларда ҳудудларда қонунчилик ижроси юзасидан вазирликлар, мутасадди ташкилотлар томонидан берилган маълумотлар реал ҳаётга тўғри келмайди. Бу эса вазиятга ҳаққоний баҳо беришга тўсқинлик қилади. Аслида эса қабул қилинган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат катта муваффаққият, ижроси эса катта машаққат ҳисобланади. Бу барча мутасаддилардан фидоийлик ва ташаббускорликни талаб этади. Биз таъкидлаётган ҳукумат қарорида қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Уларнинг сифати қандай бўлади? Шу ҳақда ўйлаб, ўз таклифларимизни тайёрлашимиз керак.

Шунингдек, қарорда 250 нафар кўзи ожиз яшайдиган ҳудудларда улар учун кутубхона ташкил этиш чоралари кўрилиши назарда тутилган. Бунинг учун республикадаги 1-, 2-, ва 3- гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш, уни ҳар уч ойда янгилаб туриш кераклиги кўрсатиб ўтилган.

— Кутубхонамиз 130 мингдан ортиқ китоб фондига эга, — деди Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси директори Раҳим Убайдуллаев. — Шундан 20 мингга яқини брайль, 34 мингдан ортиғи босма ёзувда ҳамда 70 мингга яқин аудио китоблардир. Юртимизда кўзи ожизлар учун 103 кутубхона бор, уларнинг 12 вилоят, 89 таси туман филиаллари ҳисобланади.

Соҳада ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Масалан, кўзи ожизлар кутубхоналарининг айримлари жойлашган ҳудуди, моддий-техникаси ҳамда фонди бўйича талабга жавоб бермайди. Кутубхоначилар учун шароитлар қониқарли ҳам эмас. Бу каби ҳолатлар асосан туманларда кузатилади. Ҳукуматимиз қарори шу каби камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади. Аҳамиятли жиҳати, марказий кўзи ожизлар кутубхонасида брайль ёзувида адабиётлар чоп этиш учун нашриёт ҳамда аудио китоблар яратишга мўлжалланган овоз ёзиш студияси ташкил этиш кўзда тутилган. Бу студияларда фонддаги микро кассеталар, магнит тасмаларда ёзилган китобларни аудио шаклга айлантириш ҳам режалаштирилган. Латвия, АҚШдан мутахассислар келиб, ускуналардан фойдланиш бўйича ўқув машғулотлар ўтказади. Айни пайтда хориждан замонавий босмахона жиҳозлари келтирилган. Уларни ўрнатиш ва ишга тушириш қолди, холос. Келажакда Қорақалпоғистон республикасида ҳам қорақалпоқ тилига ихтисослаштирилган босмахона, овоз ёзиш студияси ташкил этилиши кутилмоқда.

— Республика миқёсида кўзи ожизлар учун брайль алифбосида битта журнал чоп этилади, — деди кутубхона ходими Гулчеҳра Султонова. — Ногиронлиги бўлган болалар учун ҳам битта номда «Болалар адабиёти» журнали чиқарилади. У ҳам аудио шаклда. Бу кўрсаткич жуда кам. Болалар учун брайль алифбосидаги газета, журналлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари, кўзи ожиз инсонлар фойдаланиши учун брайль алифбосидаги соҳавий адбиётлар деярли йўқ. Бу кўзи ожиз талабалар учун ноқулайлик туғдирмоқда. Ҳатто Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасида ҳам атиги бир-икки номдаги илмий адабиётлар бор, холос.

Ўйлашимча, ногиронлиги бўлган китобхонлар ўртасида «Энг фаол китобхон», «Брайль ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон», «Энг яхши китобхон оила» каби кўрик-танловлар ташкил этилиши ҳам айни муддао бўлди. Бу ногиронлиги бўлган китобхонларни рағбатлантиришда катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Яна бир масала. Брайль алифбосидаги китобларнинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бундай китобларни тайёрлашда фойдаланилаётган қоғозлар сифатини талаб даражасида, деб бўлмайди. 10-15 одам ўқигандан сўнг ҳарф нуқталари сезиларли даражада пасаяди.

Давра суҳбатида Маданият вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилмурод Отагелдиев, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона бўлим мудири Жавлон Жовлиев ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.