27.09.2018

ЎҚИТУВЧИГА ЭЪТИБОР — КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Ота-оналардан ҳаётдаги энг катта орзуси сўралганда, кўпчилигининг жавоби, бир хил бўлади: «Фарзандимнинг бахтини кўришни хоҳлайман», «Боламнинг ақлли ва илмли бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишини истайман»...

Бу каби истакларнинг ижобат бўлиши учун фарзандларимизга билим ва тарбия беришимиз керак. Бироқ шу кунга қадар бу улуғ мақсад йўлида эътиборсиз қолган масалалар кўп бўлди.

 

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда республикамизда жами 9628 умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. Мазкур таълим даргоҳларида 5 миллион нафардан ортиқ ўғил-қиз таҳсил олади. Уларга 408 135 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Педагогларнинг 280 минг нафардан ортиғини, яъни 70,5 фоизини аёллар ташкил этади. Уларнинг тўқсон мингга яқини эса партиямиз аъзоларидир.

Ўзбекистон ХДП дастурий мақсад ва ғоялари ҳамда Сайловолди дастурида таълим сифатини янада ошириш, ҳар томонлама баркамол ва мустақил фикрловчи ёшларни вояга етказиш, жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш вазифалари белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, жойларда партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда таълим сифатини, ўқитувчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ишлар амалиётга татбиқ этиб борилмоқда.

Шунингдек, партиямиз Сай­лов­­олди дастурида илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг сифатли таълим олишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидан боради. Шунингдек, партиямиз нодавлат таълим муассасаларида эҳтиёжманд оилаларнинг исътедодли болалари учун алоҳида имтиёзлар бериш ёки тўловларсиз ўринлар ажратилишини назарда тутувчи чора-тадбирлар ишлаб чиқишни режалаштирган. Бугунги кунда замонавий ўқув адабиётларини яратиш ва уларни эҳтиёжманд оилалар болалари учун мақбул нарх ва шартларда бериш тизимини жорий этиш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Ногиронлиги бўлган фарзандларимиз ўзларини жамиятда тўла намоён қилиши учун ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаб, тизимли равишдаги амалий саъй-ҳаракатлар олиб бориш зарур. Бу йўлда барча масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш ниҳоятда муҳимдир.

Ўқитувчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга коммунал тўловларда чегирмалар, солиқларда имтиёзлар бериш амалиётига ўтиш яхши самара беради, деб ҳисоблаймиз.

Тўғри, бугунги кунда таълим муассасалари қайта таъмирланиб, янги кўриниш касб этиб бормоқда. Замонавий техника ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланяпти. Аммо ўқитувчининг жамиятдаги нуфузи ва ўрни пасайиб боргани ҳеч кимга сир эмас. Бу шарафли касбни танловчилар сони, айниқса, эркаклар ўртасида кескин камайиб кетгани ҳам бор ҳақиқат.

 Шу ўринда савол туғилади. Хўш, биз ўтган вақт мобайнида нималарни бой бердик. Энг аввало, мактабларда эркак ўқитувчилар камлиги боис фарзандларимизда қатъият, масалани босиқлик билан ҳал этиш ҳисси бирмунча сусайди. Буни кейинги йилларда ёшлар ўртасида жиноятнинг кўпайгани ва энг ачинарлиси улар орасида мактаб ўқувчиларининг борлигидан ҳам билиб олиш мумкин. Шунингдек, ўз навбатида педагоглар ҳам бе­фарқ­лик кайфиятига берилгани ҳам бор гап. Иш соатининг асосий вақтини қоғозлар қуршовида ўтказган ўқитувчида, билим бериш хоҳиши сусайди, десак муболаға бўлмайди назаримизда.

Ўз меҳнати жамиятда қадр топмаётганини англаган, иши муносиб баҳоланмаган инсоннинг иш сифати ҳам шунга яраша бўлади. Шуни англаган ҳолда бугун ўқитувчиларга эътибор ўзгарди. Қисқа вақт ичида ўқитувчиларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг фармон ва қарорлари қабул қилинди. Хусусан, «Халқ таълими тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва «Халқ таълими тизимига янги бошқарув тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари мактаб таълими соҳасида туб бурилиш ясади.

Демак, юрт келажаги ва тақдирига бефарқ бўлмаган халқ вакиллари таълим тизимига олий қадрият сифатида ёндашиши талаб этилади. Бунда ўқитувчи, ота-она ва ўқувчиларнинг ўзаро муносабати ҳамда масъулияти муҳим аҳамиятга эга эканини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш асосий вазифаларимиздан бирига айланмоғи керак.

 

Равшан ХОМИТОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.



DB query error.
Please try later.