Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
20.09.2018

ҲАЛ ЭТИЛМАГАН КИЧИК МАСАЛАЛАР ЖИДДИЙ МУАММОЛАРНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИ

Ривожланган мамлакатларда кўзи ожиз инсонлар тез тиббий ёрдам ва алоқа компанияларида операторлик вазифасида самарали ишлайди. Ёки дубляжда овоз бериш, уқаловчи тиббиёт ходими вазифалари ҳам яхши ривожланган. Чунки уларнинг қўллари чаққон, овоз ўзгартира олиш қобилиятига эгалари ҳам талайгина. Ўйлайманки, кўзи ожиз инсонларни янги касбларга ўргатиш орқали уларнинг бандлигини самарали таъминлаган бўламиз.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши Тошкент шаҳар кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорликда «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди» лойиҳаси доирасида хайрия тадбири ўтказди.

— Тадбирлар натижа кўрсатиши билан аҳамиятга эга, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети магистранти Содиқ Мелибоев. — Ўзбекистон ХДПнинг ногиронлиги бўлган инсонлар манфаатини кўзлаб амалга ошираётган кўплаб лойиҳаларидан хабардорман. Бундай амалий ишлар партиянинг ғоялари қўллаб-қувватланишига, сиёсий кучнинг халқ ўртасида нуфузи янада ошишига олиб келади.

Мен бахтсиз ҳодиса туфайли тўрт ёшимда кўриш қобилиятидан маҳрум бўлганман. Яқинларим қўллаб-қувватлаши натижасида оёққа турдим. Асли жиззахликман. Мана, ҳозир нуфузли олийгоҳ магистрантиман.

Тадбирда ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов сўзга чиқиб, партия томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, кўнглини кўтариш зарур эканини таъкидлади.

— Китоб яқин дўстим, — дейди Кўзи ожизлар жамияти қошидаги босмахона ходими Хайрулло Саидов. — Ўрта Осиёда ягона бўлган кўзи ожизлар жамияти қошидаги босмахонада ишлайман. Очиғини айтсам, шу вақтга қадар асбоб-ускуналарнинг эскиргани боис кўзи ожизлар учун дарслик тайёрлашда жуда оқсардик. Ҳозирги кунда барча соҳалар сингари босмахонада ҳам кўпгина ўзгаришлар амалга оширилиб, инновациялар жорий этилмоқда. Янги махсус ускуналар, иккита замонавий принтер олиб келинди. Энди кўзи ожизлар учун расмли дарсликлар яратиш имконига эга бўлдик.

Яқин келажакда брайль алифбосига асосланган харита ишлаб чиқаришни режалаштиряпмиз.

Кейинги суҳбатдошимиз Кўзи ожизлар жамияти ташкилий-ижтимоий бўлими етакчи мутахассиси Улуғбек Маматхонов бўлди.

— Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади, — дейди у. — Бу борада Ўзбекистон Ногиронлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари Ўзбекистон ХДП билан ҳамкорликда чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиққан. Дастур доирасида амалий ишлар қилинмоқда. Аммо бугун ҳаёт биздан бир жойда қотиб қолмасликни, тинимсиз янгиликлар қилишни, инновациялар жорий этишни талаб этмоқда. Шундай экан, кўзи ожиз инсонларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам мана шу жиҳатларни эътиборга олиш керак, деб ўйлайман.

Масалан, ривожланган мамлакатларда кўзи ожиз инсонлар тез тиббий ёрдам ва алоқа компанияларида операторлик вазифасида самарали ишлайди. Ёки дубляжда овоз бериш, уқаловчи тиббиёт ходими вазифалари ҳам яхши ривожланган. Чунки уларнинг қўллари чаққон, овоз ўзгартира олиш қобилиятига эгалари ҳам талайгина. Ўйлайманки, кўзи ожиз инсонларни янги касбларга ўргатиш орқали уларнинг бандлигини самарали таъминлаган бўламиз.

Яна бир масала хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси фаолият юритишидан кўпчиликнинг хабари бор. У 1951 йилда шаҳар кўзи ожизлар кутубхонаси сифатида ташкил этилиб, 1966 йилдан ҳозирги мақом берилган. Шундан буён кутубхона кўриш қобилияти чекланган фуқароларга хизмат кўрсатиш бўйича методик ва мувофиқлаштириш маркази ҳисобланади. Аммо бугунги кунда кутубхонада замонавий брайль алифбосидаги адабиётлар етишмайди. Республика миқёсидаги кутубхона яқинидаги бекатда кўзи ожизлар учун бардёр, биносида эса пандус мавжуд эмас. Мана шундай кичик масалалар ҳам биз каби инсонларга ноқулайликлар туғдиради. Кутубхона фаолияти бир неча ташкилот ва идоралар томонидан «йўл харитаси»га биноан ўрганиляпти.

Улуғбек Маматхоновнинг сўзларини эшитган ЎзХДП Юнусобод туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Нигора Эшметова бу масалани атрофлича ўрганиб чиқишини билдирди.

— Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини янада яхшилашга кўмаклашиш мақсадида хонадонларга бориб, уларнинг ҳаёт тарзи билан яқиндан танишяпмиз, — деди у. — Электоратимиз вакилларини ўйлантираётган кўплаб масалалар ўрганиляпти. Албатта, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манфаатларини кўзлаб, бир неча бор партия гуруҳлари, доимий комиссия ва сессияларда масалалар кўриб чиқилди. Бироқ сессия қарорлари ижроси доим ҳам тўлиқ таъминланмаяпти. Депутатлик назорати олиб бориш бўйича ҳам сусткашликларга йўл қўйилмоқда.

Тадбир ниҳоясига етди. Иштирокчиларнинг фикрига кўра, улар ўз саволларига атрофлича жавоб олишган.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.