06.09.2018

БИРИ «ҚАЛДИРҒОЧ»ДА ИККИНЧИСИ «ДЎСТЛИК»ДА

Шўрчи туманида хусусий шерикчилик асосидаги иккита нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди

Мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълимни ривожлантириш ва фаолиятини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса жажжи фарзандларимизнинг жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида Шўрчи туманида хусусий шерикчилик асосидаги иккита нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Қўшалоқ байрамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги масъуллари, меҳмонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

— Улуғ айём кунлари «Тўла» маҳалласида 80 ўринли «Қалдирғоч», «Дўстлик» маҳалласида эса 120 ўринга мўлжалланган Ислом Каримов номли болалар боғчалари иш бошлади, — дейди Шўрчи туман мактабгача таълим бўлими мудири, ЎзХДП аъзоси Бахтинисо Холмўминова. — Ҳар жиҳатдан қулай ва замонавий масканлар қурилишига 5 миллиард 270 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бир ва икки қаватли иншоотлар юмшоқ ва қаттиқ мебеллар билан жиҳозланган бўлиб, мусиқа асбоблари ва ўйинчоқлар келтирилди. Ҳамшира хонаси, ошхона, душ ишлаб турибди. Болалар майдончаси ҳамда мўъжаз боғ барпо қилинган. Жажжи ўғил-қизлар рус ва инглиз тилларини мукаммал ўрганишлари мумкин. Кузатув камералари ўрнатилгани хавфсизликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

— Юртимизда мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — давом этади бўлим масъул ходими, ЎзХДП аъзоси Диёр Бекмуродов. — Бу борада Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Ҳозирги кунда туманимизда 33 та муассаса фаолият кўрсатаётган бўлса, йил охиригача уларнинг сонини 53 тага етказиш кўзда тутилган. Шунда яна 2 минг нафардан ортиқ болажонлар қамраб олинади ва 400 кишининг бандлиги таъминланади.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.