14.08.2018

ДЕПУТАТ НАЗОРАТИ

ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади

Жорий йилнинг 4 июль куни Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектр йиғилишида ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар суст экани таъкидланиб, бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан давлатимиз раҳбари билдирган танқидий фикрлардан келиб чиқиб, стратегия ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этила бошланди. Унда ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш, чет элга чиқиб кетиш сабабларини аниқлаш каби масалалар қамраб олинган. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан индивидуал шуғулланиш, уларни ўзи қизиққан касбга йўналтириш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётганлар ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш вазифалари белгиланган. Ёшларнинг бизнес ташаббуси ҳамда лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш ҳам стратегиядан ўрин олган.

Мазкур вазифалар ижроси юзасидан яқинда ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Жиззах шаҳар кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи хонадонма-хонадон юриб, ёшларнинг муаммоларини ўрганди. Унда аниқланган муаммолар халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи йиғилишида кўриб чиқилиб, масала доимий комиссия кун тартибига киритилди. Комиссия қарори билан шаҳар Кенгаши сессиясига масала киритилди.

Сессия ишида халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзолари ёшлар бўйича амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар хусусида батафсил маълумот берди. «Иттифоқ», «Заргарлик», «Бобур» ва «Тошлоқ» маҳалаларида амалга оширилаётган ишларни танқидий-таҳлилий ўрганиш якунлари сессия қатнашчилари эътиборига ҳавола этилди.

Жиззах шаҳрида 171909 киши 34 МФЙда истиқомат қилади. Уларнинг 42639 нафарини 30 ёшгача бўлган аҳоли ташкил этади. Айни пайтда ишсиз ёшлар 3732 нафар бўлса, 1507 нафари хорижга ишлаш учун кетган.

Партия гуруҳи томонидан таъкидландики, жорий йилнинг ўтган етти ойида ёшлар ўртасида 477 та жиноятга қўл урилган, ўтган йили эса 592 жиноят қайд этилган эди.

Хусусан, хотин-қизлар 12, коллеж-лицей ўқувчилари 11, олий ўқув юрти талабалари 10, ишламайдиган ва ўқимайдиган ёшлар 46 жиноят содир этган. Жиноий жавобгарликка тортилган ёшлар эса 101 нафар. Вояга етмаганлар томонидан 4 жиноят содир этилган.

Олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамасдан, жиноятчиликка қарши курашиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаяпти. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Масалан, «Иттифоқ» маҳалласида 12050 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шакллантирилган рўйхат асосида нотинч оилалар сони 10 тани, ноқобил оилалар сони 9 тани, тарбияси оғир вояга етмаган ёшлар 5 нафарни ташкил этади.

Маҳаллада жиноят содир этган оилалар, ёшлар ҳамда жиноят содир этишга мойиллиги бор ёшлар, вояга етмаганлар рўйхатлари шакллантирилган бўлиб, доимий равишда ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Бироқ аҳоли сонининг кўплиги, профилактика ходими эса 1 кишилиги ёшлар билан ишлашда етарли самара бермаяпти. Профилактика инспекторларини жорий этиш тўғрисидаги тартиб асосида 3 минг нафар аҳолиси бор ҳудудга бир нафар профилактика инспектори хизмат кўрсатиши лозим, деб белгиланган. Ушбу масала юзасидан ҳам ўйлаб кўриш ва тегишли тартибда ечим топиш талаб этилади.

Ёшлар билан ўтказилган суҳбатлар давомида айримлари эгаллаган касби бўйича ишга жойлашмагани, оилавий муҳитнинг носоғломлиги, ота-оналарнинг чет-элга чиқиб кетгани сабабли фарзандлар қаровсиз ва назоратсиз қолгани ҳамда улар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароитлар йўқлиги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка асос бўлмоқда.

Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жиззах шаҳар кенгашининг ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах шаҳар кенгаши 2018 йил 1 август ҳолатига кўра, бирор марта ҳам ушбу маҳаллага келмаган. Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноят содир этишга мойиллиги бор шахслар билан суҳбатлар ўтказиш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ёшларга доир бошқа масалаларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмаган.

Маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қиладиган спорт майдонлари, заллари, касб-ҳунар ўрганиш масканлари, кутубхона йўқ. Шунингдек, ҳудуддаги 7-сонли ва 17-сонли умумтаълим мактабларида тўгараклар ташкил этилмаган. Умумтаълим мактабларидаги мавжуд кутубхоналар фаолияти яхши йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, умумтаълим мактаблари томонидан 11-синфни тамомлаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳеч қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. Умумтаълим мактаблари ва бандликка кўмаклашиш марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

«Тошлоқ» маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари нотинч ва жиноят содир этган оилалар билан доимий ишларни йўлга қўйган бўлиб, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни хонадонларга кириб суҳбатлар ўтказилади. Бироқ мазкур оилалар аъзолари иш билан таъминланмаган, вақтинчалик жамоатчилик ишларига ҳам жалб қилинмай келинмоқда.

Маҳалла томонидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида маҳалла гузари ташкил этилган бўлишига қарамасдан, спорт ва соғломлаштириш заллари, ҳунармандчилик тўгараклари ҳамда кутубхона фаолият юритмайди. Сунъий футбол майдони нархи кўпчилик оилалар болалари учун қимматлик қилаётгани таъкидланган.

Мутасадди ташкилотлар ҳамда маҳалла ўртасида ҳамкорлик масалаларида сусткашликка йўл қўйилган. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллада участка профилактика инспекторлари, маҳалла посбонлари томонидан бу борада таъсирчан механизмлар ишлаб чиқилмаган. Жумладан, ҳудудларда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган ёшлар рўйхати тўлиқ шакллантирилмаган, улар билан аниқ, мақсадли, таъсирчан ишлар олиб борилмаган. Маҳаллалар кесимида меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони бўйича ҳам тўлиқ маълумот йўқ. Уларга бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари бириктирилмаган.

Ҳудудларда ишсиз ёшлар томонидан жиноят содир этилишининг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг маҳаллий Кенгашлари ёшлар масалалари буйича маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорлик самарали ташкил этилмаган, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида бирор бир ибратли иш амалга оширилмаган.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларнинг билим савиялари, ҳаётий кўникмаларини шакллантириш мақсадида маҳаллалар ҳудудида тўгараклар, спорт майдончалари, секциялари, касаначилик, чеварчилик, косибчилик ва бошқа йўналишларда кичик бизнес шохобчалари етарли даражада ташкил этилмаган, уларга жиноят содир қилган ва шунга мойил ёшларни жалб қилиш ишлари олиб борилмаган.

Бошқа маҳаллаларда ҳам шу каби камчиликлар кузатилди. Уюшмаган ёшлар рўйхати шакллантирилган бўлса-да, улар билан ишлаш, бандлиги, тирикчилик манбаига эга бўлишини таъминлаш чоралари кўрилмаган.

Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, ҳудудларда ўрганилган оилаларда ота-оналар томонидан фарзандларини назорат қилиш даражаси жуда суст. Таълим муассасаларида оиладаги нотинчлик, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг умумий ҳолати, таркиби, динамикаси тўғрисида аниқ маълумотлар базаси яратилмаган, жиноятнинг сабаблари таҳлил этилмаган. Ҳудудларда жазони ўташ жойларидан озод қилинган ёшларни ишга жойлаштиришга етарли эътибор кўрсатилмаган.

Сессия якунида кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг ўрта мактаб битирувчиларини ҳудуддаги меҳнат бозорида эҳтиёж бўлган иккинчи мутахассисликка имтиёзли тайёрлаш юзасидан тегишли норматив ҳужжарларга ўзгартириш киритиш, вояга етмаган ва жиноятга мойил ёшларнинг ота-оналари жавобгарлигини оширишда Маъмурий жавобгарлик кодексининг 47-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, вояга етмаган фарзанди бўлган оилада ота ёки онанинг чет элга чиқиб кетишини тартибга солиш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сессияда кўтарилган масала юзасидан қарор қабул қилинди. Депутатлик гуруҳининг навбатдаги вазифаси ушбу қарор ижросини назорат қилишдир.



Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.